Дахлдорлик ҳисси билан яшаш фаровон ҳаёт ва ёрқин келажак кафолатидир
  • 06 Март 2018

Дахлдорлик ҳисси билан яшаш фаровон ҳаёт ва ёрқин келажак кафолатидир

Давлатимиз раҳбари Навоий вилоятига ташрифи чоғида ҳудудда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, олиб борилаётган ислоҳотлар жараёни, йирик лойиҳалар билан танишиб, олис қишлоқларда истиқомат қилаётган юртдошларимиз билан мулоқотда бўлди.

Учрашувларда Юртбошимизнинг вилоятни янада ривожлантириш, аҳолини қийнаётган муаммоларни бартараф этиш борасида билдирган фикр-мулоҳазалари одамларнинг бугунидан розилигини, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлади. Бинобарин, ҳозир вилоятда ким билан суҳбатлашманг, мазкур ташриф тафсилотларини мароқ билан сўзлайди. Воҳа ҳаётида рўй бераётган оламшумул ўзгаришу янгиланишлардан мамнун юртдошларимиз кайфиятидаги кўтаринкиликка гувоҳ бўласиз.

Азиз СУВОНОВ, “Karmana golden eggs” МЧЖ директори:
— Президентимизнинг ўтган йилги ташрифида корхонамиз фаолиятини йўлга қўйиш лойиҳасини тақдим қилган эдик. Шундан кейин ушбу лойиҳани амалга ошириб, паррандачилик мажмуасини ишга туширдик. Элликта янги иш ўрни яратилди. Мажмуамизда жўжа уч ой давомида парваришланиб, тухум берадиган товуқ ҳолига келгач, сотувга чиқарилади.

Юртбошимиз бу сафарги ташрифида келгусидаги режаларимиз билан қизиқиб, бизнес доимий такомиллашув ва ривожланишни тақозо этишини уқтирдилар. Айниқса, маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкил қилган тадбиркор унинг харидорини топишга кўпроқ эътибор қаратиши лозимлиги ҳақидаги тавсиялари ғайратимизга ғайрат қўшди.

Шунингдек, Президентимизнинг яқин истиқболда ташқи бозорга чиқиш, инкубация ҳамда тухум етиштириш комплексларини ишга тушириб, яна 100 кишининг бандлигини таъминлаш юзасидан берган топшириқларини юксак ишонч сифатида қабул қилдик.
Давлатимиз раҳбарининг одамларни фаолликка даъват этиб, ҳар бир фуқаро ўз имкониятини юзага чиқариши муҳимлиги хусусидаги мулоҳазалари барчамизда мамлакатимизда кечаётган ўзгаришу янгиланишларга дахлдорлик ҳиссини уйғотди.

Жарилқасин АСУБАЕВ, меҳнат фахрийси (Томди тумани):
— Қарийб қирқ йил турли идораларда ишлаб, бугун кексалик гаштини сураяпман. Юртбошимизнинг туманимизга ташриф буюриши, одамларимиз билан самимий мулоқотда бўлиши, ташвишу қувончларини тинглашини, тўғрисини айтсам, кўп йиллардан буён кутаётган эдик.

“Ҳорма” деганнинг ўзи кишига далда бўлади. Учрашувда Президентимиз Қизилқумда режалаштирилаётган лойиҳалар ижросининг бекаму кўст амалга оширилишини шахсан ўзи назоратга олишини таъкидлаганларида, гапнинг рости, бошимиз кўкка етди. Энг муҳими, биз, чўлликларнинг дарду ташвишларини давлатимиз раҳбари ифодалаб, аниқ ечимлари билан тақдим қилганлиги барчамизни мамнун этди.

Хусусан, туманимиз марказидаги коллеж биносида мактаб-интернат ташкил қилиб, унда таълим оладиган чўпонлар болалари харажатларининг тўлиқ давлат зиммасига олиниши ҳар бир чорвадорни беҳад тўлқинлантирди.

Чорва биз, томдиликларнинг тирикчилик манбаимиз. Қоракўлчиликни ривожлантириш, маҳсулотни қайта ишлаш бўйича мутасадди идораларга берилган топшириқлар, албатта, ўз самарасини кўрсатиб, чорвадор турмушини янада фаровон қилади.

Шунингдек, туманимизда туячилик, эчкичиликни ривожлантириш, Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли чорвачилик мажмуасини барпо этиш, умуман, тўрт мингга яқин янги иш ўринларини яратиш бўйича белгиланган вазифалар диққатга сазовор.

Албатта, буларнинг барчасини амалга оширишда биз, томдиликлар ҳам якдиллик, шиддатли ўзгаришларга муносиб шижоат билан ҳаракат қилмоғимиз лозим.

Азамат ФАЙЗИЕВ, “Навоий” эркин иқтисодий зонаси директори:
— “Навоий” эркин иқтисодий зонасида 2010 — 2016 йилларда 22 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, 904 иш ўрни яратилган эди. Мамлакатимиз раҳбари фаолиятимиз билан танишаркан, бу ниҳоятда камлигини таъкидлади.

Ташриф доирасида тақдим қилинган режага кўра, 2017 — 2019 йилларда 32 та лойиҳа рўёбга чиқарилиб, 1659 та иш ўрни яратиш назарда тутилган. Бу муддатда электротехника, фармацевтика ва тиббиёт буюмлари, машинасозлик ҳамда автомобилсозлик, қурилиш материаллари, кимё ва нефть кимёси маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. Қолаверса, ҳудудда мармар ҳамда гранит ва композит тошлар тайёрлаш ҳам ўзлаштирилади. Бундан ташқари, 2018-2019 йилларда умумий қиймати 84,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган алюминий профиллар, аксессуар ҳамда бутловчи қисмлар тайёрланадиган 4 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилади.

Президентимиз мазкур лойиҳалар билан танишаркан, вилоятимизда иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун барча имконият мавжудлигини, улардан унумли фойдаланиш учун ташаббускор тадбиркорларни топиш, бунинг учун яқин вақтда вилоятда бизнес форуми ташкил қилиш лозимлигини алоҳида қайд этди. Унга чет эллик инвесторларни кенг жалб этиш мақсадга мувофиқлигини уқтирди. Шунингдек, рақобатбардош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эътибор қаратишни бош вазифа сифатида белгилади. Аниқ таклиф ва тавсиялар берди. Булар биз учун дастуриламал бўлади.
«Халқ сўзи» мухбири
Темур ЭШБОЕВ ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn