Фермер аёллар қишлоқ хўжалигига илғор ишланмаларни татбиқ этади
Версия для печати
  • 03 Март 2018

Фермер аёллар қишлоқ хўжалигига илғор ишланмаларни татбиқ этади

Пойтахтимизда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан Фридрих Эберт номидаги жамғарма, Жаҳон банкининг мамлакатимиздаги ваколатхонаси ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамкорлигида аёллар фермерлигига инновацияларни жорий этиш ҳамда рақобатдошликни ривожлантириш масалаларига бағишланган конференция ўтказилди.

Унда тегишли вазирлик ва идоралар, илмий доиралар ҳамда агробизнес вакиллари, юртимизнинг турли ҳудудларидан юздан зиёд фермер аёллар қатнашди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-сиёсий, социал-иқтисодий фаоллигини ошириш, ишбилармонлик салоҳиятини кучайтиришга йўналтирилган амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Айниқса, фермер аёлларнинг тадбиркорлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш ва уни янада ривожлантириш масалаларига қаратилаётган алоҳида эътибор опа-сингилларимиз иқтидорини изчил рўёбга чиқаришга хизмат қилаяпти. Ҳозирги вақтга келиб иқтисодиётнинг турли тармоқларида, бошқарув ҳамда ишлаб чиқариш соҳаларида банд хотин-қизлар улуши 62 фоиздан ошгани, республикамизда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларининг 120 мингдан зиёдини, жумладан, 4 ярим мингдан ортиқ фермер хўжаликларини хотин-қизлар бошқараётгани бунинг ёрқин ифодасидир.

— Айни пайтда минглаб аёллар ўз бизнесларини йўлга қўйиб, юртимиз иқтисодиётига муносиб улуш қўшмоқда, — дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси раҳбари Гулнора Маҳмудова. — Ўз навбатида, аёллар бошқараётган кичик корхоналарни ривожлантириш, хотин-қизларни қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга жалб этиш, қишлоқ жойларда касаначилик ва янги иш ўринларини яратишга доир лойиҳалар давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани диққатга сазовор. Шу маънода, анжуманда қишлоқ хўжалигига илм-фаннинг сўнгги ютуқлари ҳамда юқори технологияларни олиб кириш ва татбиқ қилиш учун қулай шароитларни яратиш, қишлоқ жойлардаги тадбиркор аёлларнинг ишлаб чиқариш самарадорлиги ҳамда даромадларини ошириш масалаларига алоҳида аҳамият қаратилди.

Конференция иши аёллар фермерлигини ривожлантириш учун инновацион хизматларни жорий этиш, фермер аёллар маҳсулотларини янги бозорларга олиб чиқиш каби йўналишларда сессияларга бўлинган ҳолда давом эттирилди. Уларда қатнашчилар бир қатор долзарб мавзуларда қизиқарли маълумотларга эга бўлишди. Халқаро эксперт иштирокидаги интерактив сессияда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илғор тажрибалар ҳақида қизғин фикр алмашилди.

З. ИСМОИЛОВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn