2017 йилнинг энг муҳим хулосаси нима бўлди?
2017 йилнинг энг муҳим хулосаси нима бўлди? Фото: Новости Узбекистана
  • 02 Март 2018

2017 йилнинг энг муҳим хулосаси нима бўлди?

Ҳаётдаги ўзгаришларни тарозига солиб баҳоласак, халқимиз ва амалдорлар ўртасидаги алоқа жудаям узилиб кетган экан.

Бугун давр талабини ҳис қилган масъул шахс идорада “мебель қўриқлаб ўтирмасдан”, халқ ичига бориши, одамларнинг ҳаётий эҳтиёжларини ўзлари дилдан англашлари керак. Буни тушунган амалдор билиб ишини қилаяпти, тушуниб етмаганлар раҳбарият томонидан ўз баҳосини олаяпти.

Албатта, мулоқот бу номига одамлар билан учрашиш, қоғоз тўлдириб ҳисобот ёзиш билан мақсадга эришиб бўлмайди. Ваҳолонки, мулоқот самимий бўлса, табиий равишда томонлар фикр алмашишса, ҳар қандай ҳолатда ҳам одамларни рози қилса, кўзланган натижага эришиш мумкин.

2017 йилда мамлакатимиз бўйича ЯИМ 249 триллион 136,4 миллиард сўмни ташкил этди. Ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ўсиши бўйича Тошкент шаҳри (108,0%), Андижон вилояти (106,7%) ва Қорақалпоғистон Республикаси (105,7%) яхши натижаларга эришишди. Сирдарё вилоятида ялпи ҳудудий маҳсулот (97,7%) ўтган йилдагидан камайиб кетди.

Юртбошимизнинг парламентга, у орқали бутун Ўзбекистонга Мурожаатномасида ҳали ишларни яхши йўлга қўйиш учун камчиликларимиз анча-мунча эканлиги аён бўлди. Ҳамма соҳада ишни янги саҳифадан бошлаш, биринчи ўринда, давр қўяётган талабларни мезон сифатида белгилаш муҳим. Агар ўтган маълум муддат ҳар бир масъул шахс учун синов бўлса, улардан имтиҳон олувчи ва баҳо қўювчи халқ экан. Халқ олдида синовдан ўтиш осон эмас. Чунки ҳар бир амалдор солиқ тўловчилар олдида ҳамиша қарздордир. Афсуски, бугунги кунда ҳам айрим идораларнинг раҳбар ва ходимлари ўзлари ишлаётган соҳанинг статисти бўлишдан нарига ўтишолмаяпти. Статист мавжуд ҳолатни қоғозда қайд этади, холос. Ахир сиз мутасадди бўлган соҳадаги одамларнинг дардини ўз дардингиз деб қабул қилишингиз керак. Ўшанда сезиларли ижобий силжишдан умид қилса бўлади.

Ҳозир Ўзбекистон иқтисодиётида энг муҳим вазифа нима? Муҳимлари жуда кўп, энг устувори — иш ўрни яратишдир. Афсуски, бу борада илгари анча йиллар нореал рақам кўрсатиб келинди. Гўё ҳар йили 1 миллионга яқин иш ўринлари яратилган эмиш. 2017 йилда янгидан яратилган иш ўрни 336 мингтани ташкил этди. Ишқилиб, бу рақам ҳақиқий аҳволни ифода этсин-да. Мамлакатда барқарорлик ҳукм суриши учун иш ўринларини етарли даражада яратиш талаб этилади. Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш вазифаси ҳам, энг аввало, бандликни таъминлашга қаратилган. Тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки бутун жамиятни боқади.

Ватанимизда ҳамма соҳада ишлар юришиб кетиши учун ҳар бир фуқаро ўзини шу улуғвор ишларга дахлдор деб билиши зарур. Шу гапни айтганда суҳбатдошлардан бири: “Мана, биз ҳамми?” деб савол ташлади. Ҳа, сиз ҳам, мана булар ҳам — ҳамма ислоҳотларда иштирок этиши керак. Қани энди, иложи бўлсаю бир-икки ҳаракат билан ҳамманинг кўнглига Ватан туйғусини жойлаш мумкин бўлса.

2017 йил мобайнида саноат корхоналари томонидан 144,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди, ўсиш суръати аввалги йилдагига нисбатан 107 фоизни ташкил этади.
Президентимиз “Жиловни қўлга олайлик” дедилар. Бу гапнинг замирида катта маъно мужассам. Ишимизда тартиб-интизом бўлса, кўпчилик бир ёқадан бош чиқариб, умумий мақсад сари ҳамжиҳатликда интилса, мавжуд аҳволдан қониқмасдан ишласак, кўп ишлар ҳал бўлиб кетади.

Агар эътибор бераётган бўлсангиз, кейинги бир йил ичида Президент имзолаган Фармон ва қарорларда аҳволни яхшилашнинг ечим ва йўллари ёрқин кўрсатилмоқда. Бундай ҳужжатларда “янада такомиллаштириш” деган вазифа ўрнига эндиликда “тубдан такомиллаштириш” шаклида кўрсатма берилмоқда. Албатта, Президент имзолаган ҳужжатлар шиддатли ислоҳотларимизга “йўл харитаси” вазифасини бажаради. Лекин, давлатимиз раҳбарининг ўзлари таъкидлаганидек, ҳамма ўша ҳужжатлар рўёбга чиқиши учун ёппасига киришмаса, қоғозлигича қолиши мумкин.

2017 йилда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжаликларида 61 триллион 504,2 миллиард сўмлик маҳсулот етиштирилди, бу аввалги йилдагига нисбатан 102 фоизни ташкил этади.
Интернетда “Менинг фикрим” веб-портали очилади. Нафақат кўпчиликнинг саъй-ҳаракати, балки қимматли фикри ҳам муҳимдир. “Оз-оз ўрганиб доно бўлур, қатра-қатра йиғилиб дарё бўлур”, деган нақл кўп асрлик тажриба натижасида туғилган. Эҳтимол, оддий бир одамнинг хаёлида ҳеч кимнинг кўнглига келмаган фикр туғилиши мумкин. Инновацион ғоя дегани “қимматли фикр” маъносини беради.

Баъзан айрим ҳудудларда рўй берган салбий иллатлардан хабар топиб, наҳотки бу ерда раҳбарлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари бўлмаган бўлса, деб ажабланасиз. Тагини суриштирсангиз, ҳаммалари бу воқеалардан хабари бўлмаганини айтишади.
Агар ўша мутасаддилар “Ахир Ватан ҳаммамизники-ку, бу аҳволда эртага нима бўлади?” деган ҳушёр фикрда бўлишса, иллатнинг олди олинарди.
2017 йилда Ўзбекистон Республикаси иқтисодиёти ва социал соҳасига молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан 60 триллион  719,2 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилди.

Бу 2016 йилдагига нисбатан 102,2 фоизни ташкил этади.
Бугунги давр эса шиддатли ислоҳотларимизга янги вазифа қўймоқда. Одамлар ислоҳотлар натижасини эртага эмас, бугун кўришсин. Тўғри, бунинг учун сабр-тоқат, ҳафсала, ўзни қийнаш талаб этилади. Лекин 2018 йилда қийинчиликларни мардонавор енгсак, сув келса симириб, тош келса кемириб фаолият юритсак, келгуси йил бошида муҳим довонлардан ошган каби туйғуни бошдан кечиришимиз муқаррар. Ўшанда шу азиз Ватан учун фидойилик қилган инсонларнинг юзи ёруғ бўлиши турган гап.

Шуҳрат ЖАББОРОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn