Сархил меваларнинг дармонбахш шарбатлари хорижликларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда
Сархил меваларнинг дармонбахш шарбатлари хорижликларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда Шомурот Шарапов /"Халқ сўзи"/ олган сурат.
  • 28 Февраль 2018

Сархил меваларнинг дармонбахш шарбатлари хорижликларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда

Қуёш нурига тўйинган мева-сабзавотларимиз шарбатига хорижда ҳам талаб тобора ортмоқда. Сабаби, у мазали бўлиши баробарида, саломатлик учун фойдали дармондориларга бой.

Чет эллик харидорларнинг табиий маҳсулотларимизга эҳтиёжини таъминлашга Яккабоғ туманида иш бошлаган “Дармон шарбати” корхонаси ҳам ҳисса қўшмоқда. Бу ерда тайёрланган шарбатлар 1,5 ҳамда 3 литрли махсус пакетларга қадоқланаётган ҳолда тақдим қилинаяпти.

— Маҳсулотимиз номига мос қувватбахш ичимлик, — дейди лойиҳа таъсисчиси Анзур Нормуродов. — Чунки замонавий технологик линиялар ёрдамида шарбатлар мева сувини бевосита сиқиб олиш натижасида тайёрланади. Бу жараёнда ҳеч қандай кимёвий реагентлардан фойдаланилмайди. Конвейерда яхшилаб ювиб сараланган мева-сабзавотлар майдалагичдан ўтказилиб, ундан ажратилган шарбат фильтрланади ҳамда махсус идишларда 100 даражагача ҳароратда қиздирилади. Бу технология шарбат таркибидаги табиий хусусиятларни тўлиқ сақлаб қолиш имконини беради.

Хориждан келтирилган линия бир кеча-кундузда 2 тонна хом ашёни қайта ишлаш қувватига эга. Ускуналари эса энергия тежамкор.
Бугунги кунда корхонада тумандаги боғдорчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ва аҳолидан харид қилиб олинган сара мевалар қайта ишланаётир. Бу буюртмачига ҳам, маҳсулот етказиб берувчига ҳам бирдек манфаат келтираяпти.

Яна бир янгилик. Корхона маҳсулотлари ўтган йил сентябрь ойида пойтахтимизда бўлиб ўтган Халқаро мева-сабзавот ярмаркасида чет элликларда катта қизиқиш уйғотди. Хусусан, россиялик ҳамкорларга шарбат етказиб бериш бўйича манфаатли келишувга эришилди. Бошқа мамлакатлар ишбилармонларида ҳам ана шундай таклифлар бор. Натижада экспорт юзасидан кўплаб шартномалар тузилмоқда.
Бу ютуқларнинг барчаси мамлакатимизда тадбиркорлик соҳасига қаратилаётган улкан эътибор, яратиб берилаётган қулай шарт-шароитлар самарасидир.
Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn