Тадбиркор учун кўргазмалар нима беради? 
Тадбиркор учун кўргазмалар нима беради?  Фото: Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.
  • 28 Февраль 2018

Тадбиркор учун кўргазмалар нима беради? 

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуида “Word Build Tashkent — 2018” ҳамда “Aquatherm Tashkent — 2018” халқаро кўргазмалари иш бошлади. 

Мазкур саноат анжуманлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги, Архитектура ва қурилиш давлат қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, “Ўзқурилишматериаллари” АЖ, “QurilishMashLizing” АЖ ва бошқа дахлдор ташкилотлар ҳамкорлигида анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётгани бежиз эмас. Зотан, бугунги кунда юртимиз қурилиш соҳасидаги ислоҳотлар сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтарилмоқда. Юртдошларимизнинг бунёдкорлик салоҳияти амалий ишларда яққол намоён бўлаётир.

 

Бундай янгиланиш ва бунёдкорлик жараёни тармоқни янада ривожлантириш, қурилиш саноатига инновацион ишланмаларни қўллаш, инвестициялар жалб қилиш, хориж тажрибаларини чуқур ўрганишни талаб этади, албатта. Халқаро кўргазмалар айнан шу жиҳатлари билан янада аҳамиятли. Чунки жорий йилда унинг қатнашчилари сони ҳам, таклиф этилаётган маҳсулот ва хизматлар тури ҳам турлича. Жумладан, ўн тўққизинчи “Word Build Tashkent — 2018” халқаро кўргазмаси иштирокчилари сони 171 тага етди.  Улар Австрия, Озарбайжон, Бельгия, Германия, Дания, Ҳиндистон, Италия, Қозоғистон, Хитой, Бирлашган Араб Амирликлари, Жанубий Корея, Россия сингари 24 давлатдан ташриф буюрган саноат ва ишбилармон доира вакилларидан иборатдир. 

Мамлакатимизда қурилиш саноати ва бунёдкорлик ишларини жадаллаштиришда қабул қилинаётган ҳуқуқий асослар муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 22 ноябрдаги “2017—2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уй-жойлар қуриш ва реконструкция қилиш дастурини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасини таъминлаш мақсадида ушбу йўналишдаги ишлар жадал тус олмоқда. Ушбу ҳужжатга кўра, уч йил давомида юртимизда 945 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган бўлса, дастлабки шинам ва қулай хонадонлар ўз эгаларига топширилгани қувонарлидир.  

— Соҳага қаратилаётган эътибор  фаолиятимизда ўз аксини топмоқда, — дейди Тошкент вилоятидаги “Azia Building Technologies” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ғуломжон Маҳкамов. — Айтайлик, корхонага 2006 йилда асос солган бўлсак, ўтган вақт мобайнида нафақат ишимизга барака кирди, балки ҳамкорлик доирамиз ҳам кенгайди. Яъни илк йилларда фақат ички бозор учун маҳсулот тайёрлаб берган бўлсак, бугунги кунга келиб, гипсакартон ҳамда бассейнлар учун мўлжалланган мозаикаларимизни Қозоғистон, Туркманистон сингари қўшни давлатларга ҳам экспорт қилаяпмиз. 

Айни пайтда корхонамизда бир кунда 5 минг дона гипсакартон ва ойига 6 минг квадрат метр мозаика ишлаб чиқарилаяпти. Бундан буёғига мозаика ишлаб чиқариш ҳажмини 10 минг квадрат метрга етказмоқчимиз. Шу мақсадда хориждан замонавий технологик линия харид қилишни мўлжаллаб турибмиз. 

Шу ўринда тадбиркор учун кўргазмалар нима беради, деган саволга жавоб бериб ўтсам. Аввало, бу каби тадбирлар орқали соҳадаги янгиликлардан хабардор бўламиз. Қолаверса, у ўрганиш тажриба алмашиш, хорижликлар билан мулоқот қилиш, ҳамкорлик ўрнатиш  учун қулай майдондир. Бошқача айтганда, ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги соғлом рақобатни ривожлантиришга хизмат қилувчи илк ғоя ва ташаббуслар ҳам шу ерда вужудга келади. 

Еттинчи бор ўтказилаётган “Aquatherm Tashkent — 2018”  халқаро кўргазмасида намойиш қилинаётган маҳсулот ва хизматлар тури ҳам хилма-хил. Бу ерда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қаторида дунёнинг 17 та давлатининг 81 компанияси вакиллари жам бўлишган. Стендларда уларнинг сув, газ, электр энергияси таъминоти, канализация, истиш тармоқлари, ҳавони мўътадиллаштириш ва тозалаш ускуналаридан намуналар жой олган. 

Халқаро кўргазмалар асносида “Янги бинолар ва иншоотлар қуриш ҳамда реконструкция қилишда инновацион технологиялар” мавзуида симпозиум, “Ақлли уй”, коммунал хўжаликлар тизимида энергия самарадор технологияларни жорий этиш каби йўналишларда тақдимот маросимлари, турли семинар ҳамда учрашувлар ташкил этилади. 

 Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn