Техник ва технологик янгиланиш
  • 11 Июнь 2014

Техник ва технологик янгиланиш

Навоий вилоятидаги саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишда муҳим ўрин тутмоқда 

Маълумки, энергетика ресурсларининг асосий хом ашёси бўлган углеводород захиралари сайёрамизда тобора камайиб бормоқда. 

Шундан келиб чиқиб, бир қатор ривожланган давлатлар қаторида юртимизда ҳам ноанъанавий энергиянинг муқобил манбаларини ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда мавжуд саноат корхоналарига тежамкор технологияларни киритишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аниқроқ айтадиган бўлсак, кейинги йилларда ўнлаб корхоналарда модернизациялаш юмушлари бажарилди. Жумладан, 2012 йили “Навоий иссиқлик электр станцияси” ОАЖ тасарруфидаги янги буғ-газ қурилмаси ишга туширилди. 

Мазкур лойиҳа — Япониянинг “Мицубиси” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган янги қурилманинг қуввати 478 мегаватт, умумий қиймати 468 миллион АҚШ долларига тенг. Унинг дастлабки қуввати 313 минг киловаттни ташкил этади. Ёнилғи маҳсулотларининг қолган иссиқлиги ҳисобидан ҳосил қилинган буғ —  анъанавий технологияларга асосланган турбинага йўналтирилади ва бу циклда яна 165 минг киловатт электр энергияси ишлаб чиқарилади. Ана шу комбинацияланган цикл ҳисобига юқори кўрсаткичдаги тежамкорликка эришилмоқда. Таққослайдиган бўлсак, анъанавий иссиқлик электр станциясида 1 кВт. соат электр энергияси олиш учун 380-400 грамм атрофида ёқилғи сарфланса, комбинациялашган циклли қурилмада бу кўрсаткич атиги 234 граммни ташкил этаяпти. Пировардида йилига қиймати 110 миллион АҚШ долларилик табиий газ иқтисод қилинаётир. Айни чоғда янги қурилма станциянинг электр энергияси ишлаб чиқариш қувватини деярли бир ярим баравар ошириш имконини берди.

— Янги қурилма тежамкорлигидан ташқари, халқаро экология талабларига тўла жавоб беради, яъни атроф-муҳитга ортиқча иссиқлик ёки зарарли чиқиндилар чиқишини сезиларли даражада камайтиради, — дейди “Навоий иссиқлик электр станцияси” ОАЖ бош муҳандисининг янги қурилмалар эксплуатацияси бўйича ўринбосари Азимжон Ёқубов. — Ушбу қурилманинг ишга туширилиши натижасида ўтган йили 

366 миллион куб метр табиий газ иқтисод қилинди. Жорий йил январь ойигача 3,49 миллиард кВт. миқдорда электр энергияси истеъмолчиларга етказиб берилди. Барча технологик жараён компьютерлаштирилгани бу борада бизга қўл келмоқда.

Айтиш жоизки, корхонада модернизациялаш ишлари жорий йилда ҳам изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, 478 мегаваттли буғ-газ қурилмаси ишлаб чиқарган қувватни исътемолчиларга узлуксиз етказиб бериш мақсадида лойиҳа қиймати 15 миллион АҚШ долларига яқин кичикстанциянинг 220 кВт. кучланишли шиналар тизимини тубдан реконструкциялаш якунига етказилмоқда. Шу билан бирга, қуввати 450 мегаватт бўлган қурилма лойиҳасини амалга ошириш устида иш олиб борилаётир. 

Бундан ташқари, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги билан биргаликда қиймати 527 миллион АҚШ долларилик лойиҳани амалиётга татбиқ этиш ишлари бошлаб юборилди. Эътиборлиси, ушбу қурилма ёрдамида электр энергияси билан бирга, 200 гигакалория/соат миқдорида иссиқлик энергияси ҳам ишлаб чиқарилади. Лойиҳа амалга ошиши билан корхонада йилига қўшимча равишда яна 2 миллиард 800 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш имконияти пайдо бўлади. Ҳозир уни рўёбга чиқариш мақсадида хорижий консультантлар иштирокида шартнома имзоланиб, тендер ҳужжатлари тайёрланмоқда. Қурилиш ишлари эса 2015 йилда бошланади.

Умуман, энергетика тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар пировардида мамлакат иқтисодиётини янада ривожлантириш орқали аҳоли турмуш фаровонлигини бундан-да юксалтиришга хизмат қилмоқда.  

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn