Муаммо ва ечим: Гўшт нархи арзон бўлади...ми?
  • 27 Февраль 2018

Муаммо ва ечим: Гўшт нархи арзон бўлади...ми?

Кейинги пайтда энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири — бу гўштнинг “кўтарилиб” бораётганидир. Чунки охирги бир йилда мол гўшти 35,9 фоиз, қўй гўшти 31,4 фоиз, парранда гўшти 33,1 фоиз юқорилади. Нега? 

Иқтисодиёт вазирлиги мутасаддилари буни ҳудудларда чорвачилик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш комплекслари етарли даражада ривожланмагани, фермер ва деҳқон хўжаликлари маҳсулдор чорва моллари билан таъминланмагани, соҳада илмий изланишлар самарасизлиги билан изоҳлашмоқда. Қолаверса, озуқа-ем маҳсулотлари етиштириш учун экин майдонларининг камлиги, ерларнинг шўрланиши, омихта ем таннархининг юқорилиги, реализация қилишдаги “воситачилар”нинг кўплиги ҳам халқимиз гўшт нархининг қимматлашувига сабаб бўлаётгани айтилмоқда.
Хўш, муаммо сабаблари ойдинлашган экан, унинг ечими йўлида қандай амалий чора-тадбирлар кўрилаяпти?
Мутахассисларнинг айтишича, гўшт баҳосининг кўтарилишини фақат чорвачиликдаги реал ҳолатлар билан боғлаш у қадар тўғри эмас. Сабаби, аграр соҳанинг мазкур тармоғида орқага кетиш эмас, аксинча, ривожланиш кузатилмоқда. Сататистика маълумотлари ҳам буни тасдиқлайди. Жумладан, 2018 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, республикамизда мавжуд қорамоллар сони 12 миллион 415 минг бош, қўй ва эчкилар 20 миллион 681 минг бош, шунингдек, паррандалар 71 миллион 343 мингтани ташкил этмоқда. Бу рақамлар ўтган йилдагиси билан таққосланганда, чиндан ҳам, бир неча фоиз ортганига ишонч ҳосил қиласиз.
Гўшт ишлаб чиқариш-чи?  Ушбу йўналишда эса 5 фоизлик ўсиш кузатилиб, истеъмолчиларга 2 миллион 281 минг тонна маҳсулот етказиб берилган.

  • Мутахассис фикри:

    — Чорвачиликда юқори маҳсулдорликка эришиш, хусусан, гўшт етиштириш ҳажмининг ортиши кўп жиҳатдан селекция-наслчилик ишларининг нечоғли тўғри йўлга қўйилганига ҳам боғлиқ. Шу боис мамлакатимизда жаҳоннинг илғор тажрибаларини қўллаган ҳолда, чорва молларининг маҳаллий зотлари генофондини сақлаш, кўпайтириш ва сермаҳсул зотларини яратиш, подани наслли моллар билан тўлдиришга жиддий эътибор қаратилаяпти. Биргина 2017 йилда хориждан 10 минг 793 бош наслли қорамол олиб келиниб, юқори маҳсулдор чорва моллари бош сони 82 минг 435 бошга етказилди.

    Махсуд ЮСУПОВ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бош бошқармаси бошлиғи.

Ҳозирги пайтда юртимизда қарийб 830 та наслчилик хўжалиги фаолият кўрсатаяпти. Уларда Беларусь, Украина, Польша, Австрия, Германия, Голландия каби давлатлардан олиб келинган наслли қорамоллар кўпайтирилиб, олинаётган бузоқларнинг 20 фоизи деҳқон ва фермер хўжаликлари, аҳолига сотилаётир. Фақат 2017 йилда буюртмачиларга шартнома асосида 9 минг 491 бош наслли мол етказиб берилгани гўшт, сут маҳсулотлари етиштириш ҳажмининг ортишига мустаҳам пойдевор бўлди, десак, муболаға эмас. 
Қибрай туманидаги “Ўзнаслэлита” масъулияти чекланган жамияти — тизимдаги илғор хўжаликлардан бири. 2014 йилда ташкил этилган мазкур мажмуада қорамолнинг, асосан, симментал зоти кўпайтирилаяпти. Унинг афзаллиги шундаки, қўш йўналишли. Яъни бир пайтнинг ўзида сутчилик ва гўштчиликни йўлга қўйиш мумкин. Соғин сигирларнинг ҳар биридан мавсум давомида 8-9 минг килограммдан ортиқ сут олинса, гўшт йўналишида жаҳон бозорида энг харидоргир бўлган маҳсулот етказиб бериш мумкин. Шунинг учун мазкур ферма билан ҳамкорлик қилувчилар сони йил сайин кўпаймоқда.
Таъкидлаш керакки, гарчи гўшт нархи ошган бўлса-да, унинг тақчиллиги сезилаётгани йўқ. Бозору дўконларимизда куннинг қайси пайти бўлмасин, танлаб харид қилиш имконияти бор.
Унда нима учун гўшт нархи пастламаяпти, дерсиз. Дангалини айтганда, пичоққа илинадиган новвос боқиш харажати ошиб кетаётгани маҳсулот таннархига таъсир кўрсатмасдан қолмаяпти, албатта.  Шунинг учун айни чоғда масаланинг шу жиҳатига жиддий эътибор қаратилаётир.

  • Бизнинг маълумот:

    2017 йилда чорвачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш мақсадида 326,1 минг гектар асосий майдонларга беда, маккажўхори ва хашаки лавлаги экилди. Бундан ташқари, 115,1 минг гектар экин майдонларида маккажўхори парваришланиб, силос қилингани, жами 3 миллион 453 минг тонна кўк масса ўриб олингани, 26,4 тонна беданинг элита уруғи, сулининг 15,2 тонна супер элита, жавдарнинг 4,3 тонна, третикаленинг 20,7 тонна, маккажўхорининг 60 тонна, хашаки лавлагининг 900 килограмм элита уруғлари тайёрлангани озуқа танқислигининг олдини олишда қўл келмоқда.

Тажрибадан маълумки, демографик ўсиш натижасида озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ортиб бораверади. Бу ҳолат нисбатан ёш ҳисобланган Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Қолаверса, бугунги кунда дунёнинг аксарият мамлакатларида, мутахассислар таъбири билан айтганда, “қизил гўшт”га бўлган эҳтиёжни тўлиқ таъминлаш имконсиз. Сабаби, ресурслар чекланган шароитда қаромолларни боқиш қимматга тушади. Аммо бу келгусида гўшт камайиб ёки баҳоси янада ортиб кетади, деган хулоса ясашга асос бўлмайди.
Бинобарин, чорвачилик истиқболи фақатгина қорамолчиликка қараб қолмаган. Унинг эчкичилик, паррандачилик, қуёнчилик каби сермаҳсул тармоқлари борки, юртимизда ҳали бу имкониятдан етарли фойдаланилаётгани йўқ.

  • Мутахассис фикри:

    — Очиғи, эчкичилик, паррандачилик, балиқчилик каби тармоқларнинг даромадли эканлигини кўпчилик англаб етганича йўқ. Аслида, уларнинг рентабеллиги ниҳоятда юқори. Қорамолчилик билан таққослаганда харажат бир неча баравар кам, маҳсулдорлик эса юқори. Ана шу жиҳатлар инобатга олинган ҳолда, эндиликда эътибордан четда қолган мазкур соҳаларга сармоя киритилиб, янги лойиҳалар амалга оширилаяпти. Мисол учун, ўтган йил давомида эчкичиликда 235 та, паррандачилик 554 та, балиқчиликда 677 та лойиҳа ҳаёт татбиқ қилинди. Буларнинг бари ички бозорни парҳез гўшт билан тўлдириш, нарх-навоси эса асоссиз ошиб кетишининг олдини олишда қўл келади.

    Собир МАВЛОНОВ, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бошқарма бошлиғи.        

Қишлоқ хўжалигини модернизациялашга қаратилган ислоҳотлар туфайли чорвачиликнинг қуёнчилик тармоғи ҳам равнақ топмоқда. Ушбу жабҳада бир йил ичида 81 янги лойиҳа ижросига киришилгани,  уларда 33 минг 500 бош қуён боқиш йўлга қўйилгани бунинг тасдиғидир.
Пойтахт вилоятида иш бошлаган “Bo'stonliq Protect Consumer” масъулияти чекланган жамияти ҳам қуёнчиликка ихтисослаштирилган. Бу ерда қуённинг Янги Зеландия, фландр, рекс каби наслли зотлари парваришланмоқда. Тадбиркор ушбу зотларни бежиз танлагани йўқ. Негаки, уларнинг ҳар бири ўртача 10 килограмм гўшт қилади. Енгил ҳазм бўладиган, витаминларга бой парҳез маҳсулотга нафақат ички бозор, балки хорижда ҳам талаб катта.

  • Тадбиркор нима дейди?

    — Бизнеснинг ушбу турини бошлаш учун катта маблағ талаб қилинмайди. Муҳими, киритилган сармоя тезда фойда билан қайтади. Ўзимиздан қиёс: ишни 200 та қуён боқишдан бошлаган бўлсак, орадан тўрт ой ўтиб, улар сони икки баравардан зиёдга кўпайди. Жониворлар бир йилда тўрт марта насл қолдиришини инобатга олиб, фаолиятимизни кун сайин кенгайтириб бораяпмиз. Тўғри, дастлаб маҳсулотни сотишга бир оз қийналдик. Ҳозир ҳаммаси изига тушиб кетди. Шартнома асосида Тошкент шаҳридаги кўплаб ресторан ва кафелар, савдо тармоқларига гўшт етказиб бераяпмиз.

    Мадина РИСАЕВА, “Bo'stonliq Protect Consumer” МЧЖ раҳбари.

Ички бозорда ўз ўрнини топиб улгурган тадбиркор эндиликда қуён гўшти ва мўйнасини экспорт қилиш ҳаракатида. Шу мақсадда хорижий ҳамкорлар билан музокаралар олиб бораяптики, бунинг самараси тез орада кўзга ташланади, албатта.
Хулоса ўрнида айтганда, бугун бозорларимизда гўштнинг баҳоси бир оз қимматлигини ҳеч ким инкор қилмайди. Лекин соҳадаги сифат ўзгаришлари, амалиётга жорий қилинаётган янгиликлардан кўзланган мақсад битта — озиқ-овқат маҳсулотлари, шу жумладан, гўштнинг нархини аҳолига мақбул даражага олиб келиш. Бунинг учун эса имкониятлар етарли. Оддий ҳақиқат шуки, муаммо йўлимизда, ечими эса қўлимизда. 

Саид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn