«Ўзбекистон сифатли мева-сабзавотларни қайта ишлаш йўналишида етакчи ҳамда фаол экспортчидир»
  • 11 Июнь 2014

«Ўзбекистон сифатли мева-сабзавотларни қайта ишлаш йўналишида етакчи ҳамда фаол экспортчидир»

Хабарингиз бор, Юртбошимиз ташаббуси билан пойтахтимизда ташкил этилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференция юқори ташкилотчилик руҳида якунланди. Унда 40 та мамлакат ва 20 та халқаро ташкилотдан иштирок этган 200 нафардан зиёд меҳмонлар мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётида эришилаётган салмоқли ютуқлардан олган  таассуротларини мухбирларимиз билан ўртоқлашди.

 

Холид Муҳаммад ал-АБУДИЙ, Ислом хусусий секторни ривожлантириш корпорацияси раиси ўринбосари:

— Анжуман мавзуси бугун дунёнинг кўплаб давлатларида озиқ-овқат тақчиллиги сезилаётган бир шароитда ниҳоятда долзарбдир. Юртингиздаги бир қатор қайта ишлаш корхоналарига ташриф буюриб, озиқ-овқат мустақиллигини таъминлашда сезиларли даражада ютуқларга эришилганига гувоҳ бўлдик. Дарҳақиқат, бугун Ўзбекистон нафақат сифатли мева-сабзавотларни қайта ишлаш жабҳасида етакчи, балки соҳада ҳам фаол экспортчидир. Президент Ислом Каримов конференциянинг очилиш маросимидаги нутқида мамлакатни мазкур йўналишдаги тараққиёти ҳақида тўхталаркан, унинг истиқболини ҳам аниқ белгилаб берди. Хусусан, қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш соҳасини модернизация қилиш, техник ҳамда технологик қайта жиҳозлаш мақсадларига инвестицияларни янада кенг жалб қилиш масаласини алоҳида қайд этди. Биз булар шунчаки сўзлар эмас, балки Ўзбекистон иқтисодиёти равнақининг муҳим омили эканлигига ишонч ҳосил қилдик. 

 

Эва ВИЕТСМА-ЛАКА, Вагенинген университети атроф-муҳит бўйича департаменти халқаро лойиҳалари менежери (Нидерландия):

— Мазкур халқаро конференция муҳим йўналишда ташкил этилгани эътирофга лойиқ. Чунки унинг замирида инсоният учун ғоятда зарур масала — озиқ-овқат хавфсизлиги ўз ифодасини топган. Қолаверса, йирик форумга сизнинг юртингиз мезбонлик қилаётгани бежиз эмас. Чунки бир неча йиллар олдин Ўзбекистонни пахта етиштирувчи мамлакат сифатида билган бўлсак, бугун у турли хил сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқараётган давлат сифатида машҳурдир. 

Конференция мобайнида бир қатор корхоналарда бўлганимизда бунга яна бир бор амин бўлдик. Масалан, менда “Меҳнат” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирма фаолияти катта қизиқиш уйғотди. У ерда қайта ишлаш орқали тайёрланаётган экологик тоза сабзавот ва мева маҳсулотларининг ноёб таъми, тўйимлилик хусусиятларига гап йўқ. Энг муҳими, уларда генларни модификация қилиш технологиялари қўлланилмаган. Давлатингиз раҳбарининг анжумандаги нутқида ҳам Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда минерал ўғитлар, пестицидлар ва бошқа шу каби воситаларнинг ўрнига органик ўғитлардан фойдаланиб келинаётгани, кимёвий препаратлар қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши курашишда ишлатилиши, лекин улардан стимулятор, яъни экинни тез ривожлантирадиган восита сифатида фойдаланиш мақсадга мувофиқ эмаслиги таъкидлаб ўтилди.

 

Игнасьо Фернандес ДЕ МЕССА, ASAJA вице-президенти, Кордова минтақаси фермерлар ассоциацияси раиси (Испания):

— Президент Ислом Каримовнинг нутқи биз учун жуда қизиқарли ва мазмунан бой бўлди. Унда бугунги кунда озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳолини сифатли бирламчи эҳтиёж маҳсулотлари билан таъминлаш нақадар долзарб эканлигига жуда тўғри баҳо берилди. Шундан ҳам кўриниб турибдики, мамлакатингиз раҳбари узоқни ўйлаб иш тутадиган сиёсатчидир. Маърузада озиқ-овқат сиёсатини нафақат юртингизда, балки глобал миқёсда амалга ошириш истиқболларига оид қатор конструктив таклиф ҳамда тавсиялар ҳам ўз ифодасини топдики, айни шу жиҳатдан анжуман ҳар томонлама самарали бўлди. 

     

Санг ХЕОН ХАН, Корея қишлоқ хўжалиги машинасозлиги кооперативи раиси:

— Давлатингиз раҳбарининг анжуман очилиш маросимидаги маърузасидан кўплаб маълумотлар олдим. Унда Ўзбекистон озиқ-овқат саноатига доир қатор рақамлар ва далиллар келтирилди. Буларнинг барчаси кишини ҳайратга солади. Сабаби, бир пайтлари экин майдонларининг қарийб 90 фоизи пахта билан банд бўлган республика қисқа давр ичида бунга барҳам беришга эришди. Гап шундаки, ҳозирги кунда мамлакатингизда пахта билан бирга табиий тоза мевалар, сабзавотлар, полиз маҳсулотлари ва узум етиштирилмоқда. Уларнинг мазаси бошқа мамлакатларнинг дала ва боғ неъматларидан алоҳида ажралиб туради. Юртингизнинг озиқ-овқат захиралари кенг намоён этилган ҳамда дунёнинг кўзга кўринган ишлаб чиқарувчилари ва қайта ишловчилари билан ҳамкорлик ўрнатишда муҳим роль ўйнаган ушбу нуфузли тадбирда қатнашганимдан жуда ҳам мамнунман. Айниқса, мутахассисларимиз мевали боғларни интенсив услубда яратиш ва мева-сабзавотни қайта ишлаш жараёнларига қизиқиш билдирдилар. Бу яқин алоқаларни йўлга қўйиш учун муҳимдир. 

 

Майкл ЭДЕЛЬШТЕЙН, Атроф-муҳитни ўрганиш институти директори (АҚШ):

— Анжуман туфайли юртингизда нафақат ширин-шакар мевалар, хуштаъм сабзавотлар етиштирилаётгани, балки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш тармоқларига илғор технологиялар ва асбоб-ускуналар чуқур татбиқ этилаётганини ҳам билиб олдик. Ўз навбатида, Ўзбекистон заминида етиштирилаётган мевалар таъм ва фойдали хусусиятлари билан хориждаги генларни модификация қилиш технологиялари қўлланилган маҳсулотлардан тубдан фарқ қилади. Чунки экологик соф маҳсулот соғлом миллат асоси, мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги эса давлат тараққиёти кафолатидир. Умид қиламизки, форум якунлари нафақат мамлакатларимиз даражасида, балки халқаро ҳамжамиятнинг янада кенг иштирокида озиқ-овқат дастурларини амалга оширишга хизмат қилади.

«Халқ сўзи» мухбирлари

Саид РАҲМОНОВ,

Саиджон МАХСУМОВ 

ёзиб олди. 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn