Марказий банкда янги хизмат ташкил этилди
  • 27 Февраль 2018

Марказий банкда янги хизмат ташкил этилди

 

Марказий банкда Банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати йўлга қўйилди. 

Хизматнинг асосий вазифаси банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоялаш, молиявий хизматлар қулайлигини ошириш, аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлик даражасини оширишдан иборатдир. Бунда банк хизматлари деганда, тижорат банклари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан кўрсатилаётган хизматлар тушунилади. Кредит ташкилотларидан банк хизматларини олмоқчи бўлган, олаётган ёки олиб бўлган жисмоний шахслар (рўйхатдан ўтган якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам) ва юридик шахслар банк хизматлари истеъмолчиларидир. 

Хизмат ўз фаолияти давомида тижорат банклари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар томонидан ҳуқуқ бузилишлари ҳолатлари билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқиб, уларни бартараф этиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини тиклаш бўйича ишлар олиб боради. 

Бундан ташқари, банк хизматлари истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Жамоат қабулхоналарини ташкил этиш режалаштирилган. Бу  қабулхоналарга истеъмолчилар банк хизматлари соҳасидаги амалдаги қонунчилик нормалари юзасидан маслаҳат ва тушунтиришлар олиш мақсадида мурожаат этишлари мумкин. 

Марказий банк банк хизматлари сифатини яхшилаш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлигини ошириш ҳамда банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик нормаларини такомиллаштириш юзасидан режали тарзда ишларни амалга оширади. 

Жорий йилнинг март ойида Марказий банкнинг интернет-ресурсида (http://www.cbu.uz) хизматнинг алоҳида бўлими очилади. Ушбу бўлимда банк хизматлари истеъмолчилари учун батафсил маълумотлар жойлаштириб борилади, дейилади Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тарқатган хабарда.  

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn