Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тайёрланади
Версия для печати
  • 27 Февраль 2018

Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси тайёрланади

Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакат иқтисодиётини янада ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ҳамда чет эл инвестицияларини кенг жалб қилишни рағбатлантириш заруратига эътибор қаратар экан, инвесторлар учун ишончли бўлган узоқ муддатли солиқ сиёсатини ва замонавий солиқ тизимини жорий этиш кераклигини алоҳида таъкидлади.

Ушбу долзарб вазифалар Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурига ҳам киритилиб, хусусан, солиқ юкини изчил камайтириш, солиқ тизими ва маъмурчилигини соддалаштириш чора-тадбирларини рўёбга чиқариш назарда тутилмоқда.

Пойтахтимизда Олий Мажлис Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Ўзбекистоннинг замонавий солиқ сиёсати: вазифалар ва уларни амалга ошириш механизми” мавзуида ўтказилган семинарда айни масалаларга эътибор қаратилди. Унда қатор вазирлик ва қўмиталар, Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти, Мажбурий ижро бюроси, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Савдо-саноат палатаси вакиллари ҳамда иқтисодчи олимлар иштирок этди. 

Айтиб ўтилганидек, солиқ тизимининг замон талаблари асосида ислоҳ қилиниши инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, юқори макроиқтисодий кўрсаткичларга эришиш ҳамда Давлат бюджетининг муваффақиятли бажарилишини таъминлашнинг асосий шартларидан ҳисобланади. Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг жорий йил 13 февраль куни “Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилиниши бу борада муҳим қадам бўлганини қайд этиш жоиз. 

Фармойишга мувофиқ,  солиқ маъмурчилигининг ва солиқ солишнинг замонавий усулларини, бюджетга солиқлар ўз вақтида ва тўлиқ келиб тушишини назорат қилишнинг самарали механизмларини жорий этган ҳолда, бюджет жараёнининг очиқ-ошкоралик даражасини ошириш  учун янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси тайёрланади. Ушбу мақсадда республика комиссияси ҳамда солиққа доир қонун ҳужжатларини ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.

Семинарда шулар хусусида сўз юритилиб, ҳозирги замон солиқ сиёсатининг долзарб жиҳатлари, Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида солиқ органлари олдида турган  вазифалар, Давлат бюджетини шакллантиришда соҳа ходимларининг ўрнига бағишланган маърузалар тингланди.

Қизғин муҳокама чоғида иштирокчилар солиқ тизимида ўз ечимини кутаётган  камчиликларга тўхталиб ўтдилар. Кичик ва катта бизнеснинг солиқ юки ўртасидаги тафовутлар, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг солиққа тортиш шкаласи ва ҳисоблаш механизми мураккаблиги, айрим йўналишларда солиқ имтиёзлари берилиши ва соғлом рақобатнинг йўқлиги, тизимда коррупция билан боғлиқ ҳолатларнинг мавжудлиги шулар жумласидандир.

Тадбирда солиқ органлари фаолиятини ҳамда солиқ назоратини янада яхшилаш, шунинг баробарида соҳага доир қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан таклиф-тавсиялар муҳокама қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn