А. Тарасевич: Ўзбекистонга қизиқиш ортмоқда
Версия для печати
  • 27 Февраль 2018

А. Тарасевич: Ўзбекистонга қизиқиш ортмоқда

Нафақат экспертлар, балки кўпчилик халқаро ҳамжамиятга дадил кириб бораётган Ўзбекистондаги туб ўзгаришларни диққат билан кузатмоқда. Биринчи Президент Ислом Каримов вафотидан сўнг Ўзбекистоннинг сиёсий раҳбарияти алмашгач муайян безовталик пайдо бўлганди. Тажрибанинг кўрсатишича, ҳозирги вазиятда ҳар қандай Президент сайловлари мамлакатда аҳволни ижобий томонга ўзгартирадиган жараёндир.

Масалан, бундай тадбир тиғиз сиёсий ихтилофлар шароитида ўтиши, пировардида барча соҳага, иқтисодиёт ва одамлар турмушига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Айрим ҳолларда давлат ва хўжалик бошқарувининг тизимини ўзгартириш, сиёсий, иқтисодий йўлни, социал сиёсатни алмаштириш борасидаги кескин чоралар “жазавали даволаш”га олиб келиши эҳтимолдан холи эмас. Баъзан ҳокимият алмашуви одатий тузумни ўзгартирмаслиги, лекин бундай ечим турғунлик деб аталмиш нохуш натижаларга олиб келиши мумкин.

Шуниси қувончлики, Ўзбекистон халқи мана шу осон бўлмаган даврда жипслигини намоён этди, тинчлик ва осойишталикни, бу ажойиб ўлка аҳолисига хос бўлган бунёдкорлик кайфиятини сақлади. Лекин бу ҳамма нарса аввалгича қолганлигини англатмайди. Давлат ва жамиятнинг барча даражадаги ва барча соҳадаги ҳаётида сезиларли ўзгаришлар рўй берди ва бу жараён давом этмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев ва унинг командаси томонидан таҳлиллар асосида Ўзбекистонни ривожлантиришнинг янги босқичига йўналтирувчи туб ўзгаришлар амалга оширилаяпти. Бу ҳаракатлар иқтисодий, сиёсий ташаббуслар билан уйғунлашмоқда, республикани ҳақиқий ҳуқуқий демократик давлат ҳамда қудратли иқтисодиётга, кучли ижтимоий ҳимояга эга мамлакатга айлантиришга интилиш содир бўлмоқдаки, бунда одамлар эртанги келажакда эмас, балки бугуннинг ўзида бахтли ва муносиб ҳаёт кечиришлари мумкин. Оммавий ахборот воситалари манбаларига асосан, давлат раҳбарининг бу ҳаракатлари аҳолининг аксарияти томонидан маъқулланмоқда ва қўллаб-қувватланаяпти. Бу республика раҳбарияти тўғри йўлдан бораётганидан далолатдир. Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури асосида ишлаб чиқилган 2017 — 2021 йилларда мамлакатни тараққий эттиришнинг Ҳаракатлар стратегиясида мўлжал ва вазифалар, шунингдек, уларни ҳал этиш йўллари аниқ белгилаб берилган. Яъни Президент давлат раҳбари сифатида нима қилишга ваъда берган бўлса, ўз сўзида турмоқда. Кўплаб ғоя ва мўлжаллар шу пайтгача амалга оширилди ҳам.

Мисол учун, иқтисодиётни олиб кўрайлик. Ҳатто жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози даврида, унинг таъсирини ҳанузгача кўплаб мамлакатлар сезаётган бир пайтда, Ўзбекистон ҳавас қиларли даражада иқтисодий ўсишни намоён этди.

Республика собиқ иттифоқдаги бошқа кўплаб “биродар”ларидан фарқли ўлароқ, бозор муносабатларига ўтишнинг босқичли йўлини танлади, СССР парчалангандан кейинги иқтисодий салоҳиятни нафақат сақлаб қолди, балки уни модернизациялаш, техник ва технологик қайта таъминлаш, хом ашёни чуқур қайта ишлаш, ички ва ташқи бозорда рақобатли маҳсулот чиқаришга эришди. Ўзбекистонда энергетика ва дон мустақиллигига эришиш вазифаси муваффақиятли ҳал этилганлигини таъкидлаш мумкин. Мамлакатда собиқ иттифоқ ҳудудида биринчилар қаторида маҳаллийлаштириш ва импорт ўрнини босиш ҳаракати бошланди, хом ашёни, хусусан, табиий газ ҳамда пахта толасини чуқур қайта ишлаш билан шуғулланишди. Бу ерда “GM”, “MAN”, “Isuzu” каби дунёга машҳур компаниялар билан “ноль”дан бошлаб ҳамкорлик йўлга қўйилди, ўзларининг автомобилсозлигини яратишди ҳамда замонавий енгил ва юк автомобиллари, автобус ҳамда махсус техника воситалари чиқаришмоқда. Транспорт инфратузилмаси қурилиши ва реконструкцияси бўйича кўплаб лойиҳалар амалга оширилди. Фақат ўтган йили қисқа муддатда Ўзбекистонда 161 йирик саноат иншооти барпо этилди.

  • Бинобарин, Президент Шавкат Мирзиёевнинг бир неча бор таъкидлашича, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва барқарор ўсишга эришиш бўйича янгича ёндашувлар зарурдир. Ўтган йили сентябрь ойида бошланган валюта сиёсатини либераллаштириш ислоҳотлари туфайли юридик ва жисмоний шахслар тижорат банкларида хорижий валютани чекланмаган миқдорда сотиб олиш ва сотиш имкониятига эга бўлдилар. Эндиликда илгари бир неча алмашув курслари амал қилиб, валютанинг “қора бозори” барқ урган мамлакатда бозор муносабатлари белгилаб берган ягона курс амал қилмоқда, хорижий валютани алмаштириш курсини маъмурий механизм белгиламайдиган бўлди. Баъзилар миллий валютани эркин конвертация қилиш каттагина валюта харажатларини талаб қилади деб, шубҳа ҳам қилганди. Бунга қарама-қарши ўлароқ 2017 йил якунларига кўра, мамлакатнинг олтин-валюта захираси нафақат қисқармади, балки ўсиб, соф захира ҳажми 26,6 миллиард долларни ташкил этди.

Экспорт салоҳиятини ошириш устувор вазифалардан бири сифатида белгилаб олинди. Эътиборлиси, бу жараён бошқа мамлакатларга хом ашё етказиб бериш ҳисобига эмас, балки юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот эвазига амалга оширилади. Масалан, электр энергияси ишлаб чиқаришни кўпайтириш учун гидроэлектр станциялар қуриш, Ўзбекистондан йил давомида нурини аямайдиган қуёш энергиясидан фойдаланиш, эҳтимол, яқинда “Росатом” билан имзоланган битим доирасида атом электр станцияларини барпо этиш асосида янги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини яратиш зарурати эътироф этилди. Гап шундаки, бугун энергетика ресурслари умумий таркибида табиий газ асосий ўринни эгаллайди. Ваҳолонки, ундан олинадиган полиэтилен ёки пропиленнинг экспорт қилиниши мамлакатга янада кўпроқ валюта олиб келиши мумкин. Ушбу материаллардан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришдан кўриладиган даромад ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Ёки бошқа мисол: Ўзбекистон мамлакатнинг асосий бойлиги бўлмиш пахтани тола сифатида экспорт қилишни тўхтатиб, уни республика ичида қайта ишлаб, чет элларга, жумладан, Россияга калава ип, мато ва бошқа тайёр маҳсулотларни экспорт қилишни режалаштираяпти. Шу сабабли ҳам тўқимачилик ва тикувчилик саноатини ривожлантирмоқда. Дунё бозорида пахта толасининг нархи тўқимачилик маҳсулотларига нисбатан бир неча баравар арзонлигини инобатга оладиган бўлсак, валюта тушумларидаги ўсиш кескин кўтарилиши яққол намоён бўлади. Сўнгги пайтларда мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз экспортини, хусусан, Россияга кўпайтиришга алоҳида урғу берилмоқда. Зеро, Ўзбекистон мевалари мазаси азалдан жаҳонда ном қозонган.

Чет эл инвестицияларини жалб қилиш яна бир муҳим устувор йўналиш сифатида белгилаб олинган. Бунинг учун мамлакатда ишбилармонлик муҳити доимий равишда такомиллаштириб борилмоқда, ўндан ортиқ эркин иқтисодий зоналар ташкил этилган. Уларда инвесторларга мислсиз солиқ ва божхона имтиёзлари жорий қилинган. Айни пайтда инвестиция сиёсати бутунлай қайта кўриб чиқилди. Инвестиция дастурларини шакллантиришдаги эски ёндашувлар, яъни маромига етказилмаган, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлиги ва рентабеллиги юзаки ўрганилган лойиҳаларнинг инвестиция дастурларига киритилиши каби камчиликлардан хулоса қилган ҳолда ҳозирги кунда ҳар бир инвестициявий лойиҳа асослантирилади, муфассал тайёрланади, унинг иқтисодиёт тармоқлари ёки ҳудудлар равнақига таъсири, шунингдек, ижтимоий масалалар, биринчи галда иш ўринларини яратиши нуқтаи назаридан ўрганилмоқда.

  • Ўзбекистон инвестиция жалб қилиш ва экспортни ошириш мақсадида жуда кўплаб мамлакатлар, жумладан, Россия Федерацияси билан манфаатли ҳамкорликни кенгайтириб, мустаҳкамламоқда. Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси хўжалик субъектлари ўртасидаги интеграция жараёнлари изчил қайта тикланаяпти. Сўнгги 20 йилда биринчи марта Петербург трактор заводи ўзининг — К-744P1 ва К-424 (“Кировец”) русумидаги тракторларини Ўзбекистонга етказиб бера бошлади. Олтойдаги “АСМ” заводининг Иттифоқ даврида пахтакорлар учун махсус ишлаб чиқилган ПЯ сериядаги, модернизация қилинган плуглари эса Ўзбекистон бозорида яна ўз харидорларига эга бўлди.

Шуни қайд этиш жоизки, бу плуглар ўтган асрнинг 60-йилларида Тошкентдаги Ўрта Осиё қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш ва электрлаштириш институти негизида яратилган. Бу жараёнда плуг айнан Ўрта Осиё минтақасида тупроққа ишлов бериши ҳисобга олинган. Унинг ёрдамида қатлам тўлиқ ағдарилади, уруғлик ва ёввойи ўтларнинг илдизи чуқур қайта ишланади. Дала бегона ўтлардан тозаланиб, ғўзанинг ҳосилдорлиги ортади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусига кўра, Россия вилоятлари билан ҳамкорлик алоқалари кенгаймоқда. Ўтган йил ноябрь ойида давлат раҳбари ишчи ташриф билан Ўзбекистонга келган Георгий Полтавченкони қабул қилди. Учрашувда Ўзбекистон ва Санкт-Петербург ўртасидаги анъанавий ўзаро манфаатли муносабатларни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди. Бугунги кунда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 200 миллион долларни ташкил этиши эътироф этилди. Нева устидаги шаҳарда бир миллионга яқин Ўзбекистон фуқаролари меҳнат қилишади, олий таълим муассасаларида эса уч минг нафар ўзбекистонлик талабалар таҳсил олишади.

Мавжуд салоҳиятдан Ўзбекистон ҳамда Россиянинг шимолий пойтахтида жойлашган етакчи корхоналар ўртасидаги ўзаро савдо ҳамда кооперацияни чуқурлаштириш учун самарали фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Георгий Полтавченко айтиб ўтганидек, Президент Шавкат Мирзиёев билан учрашувда Ўзбекистон ва Санкт-Петербург ўртасидаги савдо-иқтисодий, илмий-техник, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликка доир масалалар муҳокама қилинди.

  • Масалан, Ўзбекистонга Санкт-Петербургда ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалиги техникаларини жўнатиш мумкин, Санкт-Петербургда эса, Ўзбекистоннинг экологик тоза, сифатли ва мазали мева-сабзавотлари, узуми, тарвуз-қовунлари жуда қадрланади. Бундан ташқари, республикада фармацевтикани ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда, Санкт-Петербург бўлса, бу соҳада улкан салоҳиятга эга. Шу боис айни йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш, дори воситалари ва тиббий техника жиҳозлари ишлаб чиқарадиган қўшма корхоналар тузиш мумкин ва зарур.

Учрашувда нафақат савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалаларига эътибор қаратилди. Ўзбекистон бутун дунёда қадимий маданияти, буюк алломаларнинг Ватани сифатида ва кўплаб тарихий обидалари билан машҳур. Ўз навбатида, Санкт-Петербург шаҳри ҳам Россиянинг маданий пойтахти саналади. Шу сабабдан маданий-гуманитар алоқалар, икки томонлама сайёҳликни ривожлантириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.

Ўзбекистон ана шундай ўзаро ҳамкорлик имкониятларини кўпгина мамлакатлар, биринчи галда қўшни давлатлар билан йўлга қўймоқда. Ўзбекистонда рўй бераётган янгиланиш жараёнларининг моҳияти айнан шунда ҳам яққол кўринаяпти ва яна такрор айтаман, шунинг учун ҳам ушбу мамлакатга бутун дунёда қизиқиш ортаётир.

А. ТАРАСЕВИЧ,

Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университетининг профессори,

иқтисод фанлари доктори.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn