Ўзбекистон 300 миллион долларлик облигацияларга харидор топа оладими?
Версия для печати
Ўзбекистон 300 миллион долларлик облигацияларга харидор топа оладими? Фото: dd.gov.uz
  • 26 Февраль 2018

Ўзбекистон 300 миллион долларлик облигацияларга харидор топа оладими?

Россиянинг жаҳонга машҳур “Russia Today”(RT) халқаро телеканалида Ўзбекистон томонидан Европа бозорига 300 миллион АҚШ долларига тенг облигациялар чиқарилиши истиқболлари ҳақида таҳлилий мақола эълон қилинди. У экспертлар фикри билан асослангани, некбин прогнозларга эгалиги билан эътиборни тортади.

Ўзбекистон еврбондларни чиқариб, 300 миллион АҚШ долларигача бўлган маблағни ўзига жалб этишни режалаштираяпти. Ҳукумат томонидан иқтисодиётни либераллаштириш йўлига ўтиш ва хориж инвестициялари билан ўз компанияларини халқаро даражага кўтариш мақсад қилингани таъкидланди. Албатта, бунинг учун биринчи навбатда мамлакат ўзининг хусусий кредит рейтингини олиши керак. Бу сармоядорларга ўзбек активларига маблағ киритиш таваккалчилигини аниқ баҳолаш имконини беради. RT Тошкентнинг еврооблигациялар борасидаги муваффақиятларини баҳолаб кўради.

Мақсадли режалар
Ўзбекистон 2018 йилдан суверен ўзлаштирмалар бозорига илк бор киришни мўлжалламоқда. Ушбу давлат молия вазирлиги 200-300 млн. долларлик сумма учун халқаро облигацияларни чиқармоқчи. Бу ҳақида Молия вазири Жамшид Қўчқоров “Bloomberg” ахборот агентлигига берган интервьюсида айтиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, жорий йилнинг ўзидаёқ облигацияларни евро ва долларга сотишнинг “катта эҳтимоли” бор.

Вазир унинг аниқ ҳажми ҳозирча муҳокама этилаётгани, бу борадаги охирги қарор мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинишини таъкидлади.
Ж. Қўчқоровнинг айтишича, иқтисодиётга маблағ оқимини олиб кириш давлат облигацияларини чиқаришдан кўзланган асосий мақсад эмас. Ўзбекистон Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2017 йилда мамлакат бюджети профицит (0,1 фоиз) билан бажарилди. Ўз навбатида, давлатнинг умумий қарзи, ХВЖнинг охирги статистикасига кўра, ЯИМнинг 15 фоизидан ошмайди. Бу кўрсаткич, масалан, Россия давлат қарзлари даражасига мос келади.    

Ўзбекистон иқтисодиёти ўтган йилда 5,3 фоиз ўсиб, ялпи ички маҳсулот 30,7 млрд. АҚШ долларигача кўпайди. Бинобарин, евробондларнинг муомалага киритилишидан кўзланган асосий вазифа, Молия вазирининг қайд этишига кўра, миллий бозорнинг ўзига хос “бенчмарк”(келтирадиган даромади инвестициялар натижадорлигини таққослаш учун намуна вазифасини ўтайдиган кўрсаткич ёки молиявий актив-таъриф бизники)ини яратишдир.

  • “Биз компанияларимиз халқаро молия бозорида ҳам танилишини хоҳлаймиз. Бизнинг мақсад — ўзбек компанияларини халқаро корпорацияларга айлантиришдир”, - дейди Ж. Қўчқоров. 

Қулай пойдевор
Евроосиё тараққиёт банки бош иқтисодчиси Ярослав Лисоволикнниг RTга айтишича, Ўрта Осиё мамлакатлари еврооблигацияларни бозорга киритиш ишларини аллақачон, боз устига, муваффақиятли олиб бораяпти.
Эксперт Тожикистоннинг 2017 йилда қарз қоғозларини чиқаришини мисол сифатида келтирган. Ўтган йил бу давлат 10 йиллик узиш шарти билан 500 млн. АҚШ доллари учун евробондлар жойлаштирди. 

Ўшанда, мазкур мамлакат Марказий банки хабарига кўра, қарийб 85 фоиз давлат облигациялари АҚШ, Буюк Британия, шунингдек, Европа Иттифоқи ва Осиё давлатлари инвесторларини ўз ичига олган жамғармаларга сотилган. Йиллик даромад 7,125 фоизни ташкил этган. Қимматли қоғозларга бўлган талаб тўққиз марта ошиб, 4,5 млрд. долларга етган. Умуман олганда, евробондларни қўлга киритиш бўйича 290 та халқаро сармоядордан аризалар келиб тушган.

  • “Бугун глобал бозорларда ривожланаётган иқтисодиётлар ва жаҳон молия бозорларига фаол интеграциялашувни бошлаётган давлатлар фойдаланишлари учун шароитлар мавжуд. Ўзбекистоннинг бу борадаги қизиқиши айнан интеграция жараёнлари, шунингдек, мақбул фойдали даромад олишдир. Бу эса келгусида қимматли қоғозларни чиқариш учун таянч нуқта бўлади”, — деди Лисоволик.

Айни чоғда Россиянинг таниқли “Фридом Финанс” инвестиция компанияси бош таҳлилчиси Богдан Зварич эътироф этганидек, Ўзбекистон яхши бозор конъюнктурасидан фойдаланишга ҳаракат қилаяпти.

  • “Бозорлардаги ҳозирги ҳолат давлат қарзларини бошқариш қийматини қисқартириш имконини берадиган жойлаштиришнинг дурустгина параметрларига эга бўлиш учун айни муддаодир. Мамлакат давлат бюджетини молиялаштириш ва миллий валютани қўллаб-қувватлаш учун маблағлар жалб этиш имкониятига эга”, — дейди Зварич.

Рейтинг учун кураш
Ўзбекистон учун бу борадаги асосий қадам халқаро агентликларнинг “кучли учтали”ги — “Moody's”, “Fitch” ва “Standard & Poor's”дан суверен рейтинг олишдир. Мамлакатнинг мазкур масаладаги молиявий маслаҳатчиси сифатида “Citigroup” (дунёдаги энг йирик молия компанияларидан бири) ишга киришган. Жамшид Қўчқоровнинг эътироф этишича, яқинда Нью-Йоркда ташкил қилинган иккитомонлама учрашувда кредит рейтингини олиш учун “йўл харитаси”ни яратиш бўйича келишувга эришилган.

  • “Айнан кредит баҳоси энг катта аҳамиятга эга. Зеро, инвесторлар у ёки бу активни олишдан олдин ўз сармояси бўйича рискни аниқ баҳолашга хизмат қиладиган белгиларга суянади. Бу борада Ўзбекистоннинг рейтинг олишга бўлган интилиши ушбу мамлакатнинг жаҳон молия бозоридаги ўрнини мустаҳкамлайди”, — дейди Лисоволик. 

Молия вазири юқоридаги суверен рейтинг шу йилнинг иккинчи ярмида қўлга киритилиши кутилаётганини билдириб ўтган.

Тенденцияларни кузатиб
Умуман олганда, Ўзбекистон раҳбарияти иқтисодиётни либераллаштириш, соҳада маъмурий назоратни кучсизлантириш ва халқаро ташкилотлар билан мустаҳкам ҳамкорлик қилиш йўлида фаол ишлаяпти. Ушбу давлат Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси, шунингдек, Европа банк тузилмалари билан пухта алоқалар олиб бормоқда. Бу ҳақида Россия стратегик тадқиқотлар институти ходими, МДҲнинг Ўрта Осиё мамлакатлари бўйича эксперти Дмитрий Александров сўзлаб берди:

  • “Турли мамлакатлардан инвестициялар жалб этиш 2017 йилнинг асосий тенденциясига айланди. Биринчи навбатда гап Россия ва Хитой Халқ Республикаси каби анъанавий ҳамкорлар ҳақида кетмоқда. Бундан ташқари Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг катта диаспора яшайди ва бу давлатлар ўртасидаги иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишга хизмат қилади”, — дейди  Александров.

Хусусан, 2017 йил ноябрь ойида Президент Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяга ташриф  буюрди. Сафар давомида Сеулда 60дан зиёд битим имзоланди. Барча савдо ва инвестиция шартномаларининг умумий қиймати 8,94 миллиард АҚШ долларини ташкил этди”, — деган сўзлар билан якунланади материал. 

  • Энди ана шу материални берган манба ҳақида бироз маълумот бериб ўтсак.

RT  “РИА Новости” ахборот агентлиги томонидан таъсис этилган бўлиб, бош қароргоҳи Москва шаҳрида жойлашган. Шунингдек, Вашингтон ва Лондон шаҳарларида хусусий студиялари фаолият юритади. “RT”нинг туну кун дунёнинг 100 та мамлакатида эфирга чиқадиган тўртта телеканали, “RTD” ҳужжатли фильмлар канали, бошқа телеканалларга эксклюзив материаллар тақдим этиб келадиган “Ruptly” видео агентлиги мавжуд. Кўрсатувлар рус тилидан ташқари, инглиз, араб, испан ва француз тилларида олиб борилади.
Хусусан, “RT International” 24 соатлик режимда инглиз тилида ишлайдиган биринчи рус ахборот телеканали ҳисобланиб, унинг аудиторияси 700 миллиондан ошади.
RT  “Эмми” халқаро мукофотининг “Янгиликлар” йўналишида ғолиб бўлган ягона рус телеканалидир.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn