Қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот муассасаларининг роли нега сезилмаяпти?
  • 26 Февраль 2018

Қишлоқ хўжалигида илмий-тадқиқот муассасаларининг роли нега сезилмаяпти?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан ташкил этилган илмий-амалий конференцияда қишлоқ хўжалиги соҳасининг бугунги аҳволи муҳокама марказида бўлди.

Сенаторлар, мутасадди вазирлик ҳамда идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар қатнашган тадбирда аграр тармоқни янада ривожлантиришга тўсиқ бўлаётган омилларга алоҳида эътибор қаратилиб, соҳада самарадорликни оширишда илмий-тадқиқот институтлари ва олий таълим муассасаларининг ролини кучайтириш масалалари таҳлил қилинди.

Қайд этилганидек, қишлоқ хўжалигини диверсификациялаш, ер-сув ресурсларидан янада оқилона фойдаланиш республика ижтимоий-иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга. Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ҳамда жадал ривожлантириш борасида ўтган қисқа даврда қатор ижобий натижаларга эришилди.

Жумладан, 2017 йилнинг ўзида қишлоқ хўжалиги соҳасига оид 5 та қонун, 20 дан ортиқ Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги негизида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ташкил этилди.

Соҳада олиб борилган ислоҳотлар туфайли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда барқарор ўсиш таъминланди. Сўнгги йилларда пахта ва ғалла майдонларини қисқартириш эвазига бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Анжуман иштирокчилари фикрича, замонавий илм-фан ютуқларидан самарали фойдаланиш, фундаментал ҳамда амалий тадқиқотлар олиб бориш ва инновацион ишланмаларни амалиётга жорий қилиш мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларнинг ажралмас қисмидир. Бунда тизимдаги илмий-тадқиқот институтлари ҳамда олий таълим муассасалари муҳим аҳамият касб этади. Айни пайтда Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги илмий-ишлаб чиқариш маркази таркибида 

11 илмий-тадқиқот институти ва 44 та илмий-тажриба станцияси мавжуд. Бевосита қишлоқ ҳамда сув хўжалиги тизимида 4 та олий таълим муассасаси ва уларнинг 3 та филиали, бундан ташқари, 130 дан зиёд касб-ҳунар коллежлари фаолият кўрсатмоқда.

2017 йилда қишлоқ хўжалиги тизимидаги илмий муассасалар томонидан пахтачилик, ғаллачилик, боғдорчилик ҳамда узумчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, ипакчилик, ўсимликларни ҳимоя қилиш, ветеринария ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш йўналишларида 300 га яқин илмий лойиҳалар, хусусан, 30 дан ортиқ фундаментал, 166 та амалий, 90 га яқин инновацион грант лойиҳа ҳамда 8 та ноёб объектда тадқиқотлар олиб борилди. Мазкур тадқиқотлар, асосан, республикамиз табиий-иқлим шароитларига мос, сувсизликка, қурғоқчиликка, зараркунандаларга чидамли янги ва истиқболли навларни яратиш, наслчиликни ривожлантириш, самарали ҳамда ресурс тежамкор агротехнологияларни жорий этишга қаратилгандир.

Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият олиб бораётган илмий-тадқиқот ва олий таълим муассасалари томонидан муайян натижалар қўлга киритилди. Жумладан, пахтачилик йўналишидаги селекция, уруғчилик ҳамда агротехнологиялар борасидаги илмий изланишлар боис ғўзанинг 13 та нави давлат нав синовига топширилди, 4 та нави истиқболли, деб топилди. ўўзани мулчалаб суғориш усуллари ишлаб чиқилгани эса 30 — 40 фоиз сувни тежаш, ҳосилдорликни 5 — 10 центнер ошириш имконини берди. Лимон, апельсин, мандарин, олма, қулупнай ва узумнинг бир нечта янги нави Давлат реестрига киритилди. Сабзавот ҳамда полиз экинлари 17 турининг 37 та нави бўйича бирламчи уруғчилик ишлари илмий асосда олиб борилди. Чорвачилик йўналишида Швиц зотли сигирларнинг 2 та сермаҳсул тури яратилди.

Шу билан бирга, сенаторлар таъкидлаганидек, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар, ўз ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар ҳам талайгина. Масалан, тизимли таҳлил асосида яқин ҳамда узоқ истиқболда қишлоқ хўжалиги ривожланишининг долзарб масалаларига оид фундаментал, амалий тадқиқотлар олиб бориш, илмий прогнозларга таянган ҳолда стратегик лойиҳаларни ишлаб чиқишга етарли даражада эътибор қаратилмаяпти. Ҳудудларимизнинг тупроқ унумдорлиги, ернинг зарарланганлик даражаси, сув таъминоти ва бошқа омилларни ҳисобга олиб, қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ҳамда ҳосилдорликни белгилашнинг илмий-иқтисодий асосланган тизими етарли даражада шаклланмаган. Бу борада илмий-тадқиқот муассасаларининг роли деярли сезилмаяпти. Чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида ветеринар мутахассисларга эҳтиёж юқорилигича қолмоқда. Навлар ҳамда уруғликлар бўйича маркетинг хизмати шакллантирилмаган. Қисқача айтганда, соҳадаги илғор хорижий тажрибани ўрганиш, чет элнинг нуфузли илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш, илмий янгиликлар яратиш ҳамда ҳаётга татбиқ этиш борасида ҳал қилиниши лозим бўлган масалалар кўп.

Конференция якунлари бўйича тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn