Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармонларининг онлайн видеомулоқоти бўлиб ўтди
  • 26 Февраль 2018

Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармонларининг онлайн видеомулоқоти бўлиб ўтди

Тошкентда Ўзбекистон ва АҚШ ишбилармон доираларининг онлайн видеомулоқоти бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Америка — Ўзбекистон савдо палатаси ҳамкорлигида ташкил этилган видеомузокарада савдо, сармоя, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, кимё ва озиқ-овқат саноати, электрон маҳсулотлар ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралар, концерн ва компаниялар вакиллари иштирок этди.

Cавдо-саноат палатаси раиси А. Икромов, Ўзбекистоннинг АҚШдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси 

Ж. Ваҳобов ва бошқалар мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, Америка — Ўзбекистон савдо палатаси қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишнинг муҳим механизмига айланганини таъкидлади.

Америка — Ўзбекистон савдо палатаси ижрочи директори Е. Сон, шунингдек, америкалик тадбиркорлар Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 

18 — 20 сентябрь кунлари АҚШга ташрифи чоғида бир гуруҳ етакчи компаниялар раҳбарлари билан бўлган учрашув мамлакатларимиз тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорликни янги мазмун билан бойитиш, икки томоннинг имкониятларини кенгроқ ишга солишда муҳим омил бўлаётганини алоҳида қайд этди.

Ўзбекистоннинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий, маданий-гуманитар, маънавий-маърифий ҳаётида кечаётган ислоҳотлар халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотмоқда. Айниқса, иқтисодий тармоқда амалга оширилган кенг миқёсли чора-тадбирларга халқаро таҳлилчилар ижобий баҳо бермоқда. Мамлакатимизда ишбилармонлик муҳитини янада эркинлаштириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасидаги янгиланишлар Ўзбекистоннинг инвестициявий жозибадорлиги янада ортишига хизмат қилмоқда. Бугунги кунда юртимизда америкалик ишбилармонлар билан ҳамкорликда тузилган 160 дан зиёд корхоналар фаолият юритаётгани Ўзбекистонда инвесторларга қўшимча қулайлик, имтиёзлар яратиш, валюта сиёсатини либераллаштириш борасидаги ишларнинг самараси, дейиш мумкин.

Онлайн видеомулоқотда америкалик ишбилармонларга юртимизда турли соҳалар, жумладан, аграр саноатда фаолият кўрсатаётган чет эллик инвестор ва шериклар учун қатор солиқ ҳамда божхона имтиёзлари жорий этилгани ҳақида маълумот берилди.

Тадбирда Американинг “WCC International” компанияси мутасаддилари мамлакатимиз экспорт салоҳиятини ошириш, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни АҚШ бозорига олиб кириш имкониятлари, халқаро маркетинг, электрон тижорат каби мавзулардаги тақдимотлари билан иштирок этди. АҚШ ишбилармон доиралари вакиллари ўзбекистонлик тадбиркорлар билан ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини таъкидлади, деб ёзади ЎзА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn