Ўзбекистон — Ҳиндистон ишбилармонлари бизнес форуми
  • 23 Февраль 2018

Ўзбекистон — Ҳиндистон ишбилармонлари бизнес форуми

Пойтахтимизда Ўзбекистон — Ҳиндистон бизнес форуми бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур тадбирда икки давлат ишбилармон доиралар вакиллари, хусусан, фармацевтика ва кимё саноатида фаолият юритаётган компания ҳамда концернлар раҳбарлари қатнашди.

Қайд этиш жоизки, Ҳиндистон кимё саноати ва ўғитлар давлат вазири М. Мандавия бошчилигидаги делегациянинг мамлакатимизга ташрифи доирасида ўтказилган ушбу анжуман икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда инвестицияларни кенгроқ жалб қилишда муҳим аҳамият касб этади. Зотан, бундан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, янги ишлаб чиқариш қувватлари сони ва ўзаро маҳсулот айланмасини кўпайтиришдан иборатдир. — Юртингизда ўн уч йилдан буён фаолият юритиб келаяпмиз, — дейди “Quramax Medikal” компанияси вакили Соумил Мучхала. — Кейинги йилларда хорижлик ишбилармон ҳамда сармоядорларга катта имконияту имтиёзлар берилмоқда. Табиийки, бу янги ҳамкорлар топиш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришда айни муддаодир. Жумладан, бугунги анжуман ҳам бу борадаги ишларни кенгайтиришда қўл келади.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон ҳамда Ҳиндистоннинг савдо-иқтисодий алоқалари фаоллашмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 323,6 миллион АҚШ долларига етгани бунинг яққол тасдиғидир. Бундан ташқари, 2017 йилнинг август ойида Ўзбекистон делегациясининг Ҳиндистонга ташрифи давомида ташкиллаштирилган бизнес форумида қиймати 70 миллион АҚШ долларига тенг 20 та инвестициявий лойиҳа ва 80 миллион АҚШ долларилик 22 та шартнома имзоланган эди.

Айни пайтда Ўзбекистонда Ҳиндистон сармояси иштирокидаги 101 корхона фаолият юритмоқда. Уларнинг 15 таси тўлиқ ушбу давлат капитали иштирокида тузилган ишлаб чиқариш қувватидир.

Юртимиздан Ҳиндистонга қишлоқ хўжалиги, транспорт ҳамда туристик хизматлар, шарбат ва экстрактлар, тери хом ашёси жўнатилаётган бўлса, улар бизга фармацевтика, кимё маҳсулотлари, автомобиль эҳтиёт қисмлари, транспорт ҳамда сайёҳлик хизматларини таклиф қилишмоқда.

— Ҳозирги кунда мамлакатимиздаги бошқа соҳалар қатори фармацевтика соҳасида ҳам улкан ўзгариш ва янгиланишлар хорижлик мутахассисларни қизиқтирмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари Алишер Темиров. — Шу боис Ҳиндистон делегацияси Андижон, Фарғона, Сирдарё ҳамда Бухоро вилоятларида ҳам бўлиб, ҳудудларда мазкур йўналишларда амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишадилар. Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида ҳиндистонлик сармоядорлар билан ҳамкорликда дори воситалари ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этилиши режалаштирилмоқда.

Тадбирда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари хусусида фикр алмашилди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn