Ахборот-коммуникация технологиялари ривожида муҳим босқич
Ахборот-коммуникация технологиялари ривожида муҳим босқич Фото: Интернет
  • 23 Февраль 2018

Ахборот-коммуникация технологиялари ривожида муҳим босқич

Айни вақтда шиддат билан давом этаётган тараққиётни ахборот-коммуникация технологияларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Хусусан, юртимизда ҳам ушбу тармоқни давлат бошқаруви, ижтимоий-иқтисодий соҳалар, қўйингки, кундалик ҳаётга изчил жорий қилиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Масалан, ўтган йили мамлакатимизда рақамли телевидение қамрови 88 фоиздан 100 фоизга етказилди. Мобиль алоқадан фойдаланувчилар сони 7 фоиз ортиб, 22,8 миллионга етди. 2017 йилда ахборот технологиялари соҳасида 2016 йилдагига нисбатан 26 фоиз кўп хизмат кўрсатилди.

Айни мавзуда гап кетганда, яна бир қувонарли далилни келтириш ўринлидир. Яқинда Тунисда Бутунжаҳон телекоммуникация — АКТ кўрсаткичлари 15-симпозиуми бўлиб ўтди. Унда эълон қилинган Халқаро электр алоқа иттифоқининг 2017 йилдаги ҳисоботларига кўра, Ўзбекистон АКТни ривожлантириш индексида 8 поғона кўтарилиб, 192 мамлакат орасида 95-ўринни эгаллади. Симпозиумда Ўзбекистон АКТни жадал ривожлантираётган давлат сифатида тақдирланди.

Бу каби эътирофлар юртимизда ахборот-коммуникация технологиялари тобора равнақ топиб бораётганидан далолат беради, албатта. Президентимизнинг 2018 йил 19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда яна бир муҳим қадам бўлди.

Ушбу ҳужжатда таъкидланганидек, соҳада изчил иш олиб борилиши баробарида, йиллар давомида тўпланиб қолган масалалар ҳам мавжуд. Ахборот технологиялари ҳамда коммуникацияларини бошқариш ва жорий этишдаги бир қатор тизимли муаммо ҳамда камчиликлар ушбу соҳанинг жадал ривожланишига, сифатли ахборот хизматларини кўрсатишга тўсқинлик қилмоқда эди. Телекоммуникация инфратузилмаси етарлича ривожланмаган, мамлакатнинг олис аҳоли пунктлари телекоммуникация тармоқлари билан таъминланмасдан қолмоқда, мобиль алоқа ва интернет сифати аҳоли эҳтиёжларини қондирмаяпти. Почта алоқа хизматлари ҳамда логистика тизимини модернизациялаш, почта алоқаси миллий оператори фаолиятининг сифат жиҳатидан янги услубларини жорий этиш ва бозорда унинг фаолияти мавқеини оширишга доир таъсирчан чоралар кўрилмаяпти. Бу каби қатор масалалар айни йўналишда ҳам кескин ўзгаришлар ясаш, замон билан ҳамқадам бўлиш заруратини туғдираётган эди.

Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг ўз вақтида қабул қилинган мазкур Фармонига асосан, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлигининг асосий вазифалари, фаолиятининг устувор йўналишлари белгилаб берилди. Унинг бевосита функциясига кирмайдиган вазифалар вазирлик ваколатидан чиқарилди.

2018 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик субъектлари товарлар, ишлар (хизматлар) экспорт қилингани учун экспорт шартномаси тузмасдан ҳамда банк комиссияси ундирилмасдан, интернетдаги электрон савдо майдончалари орқали товарлар, ишлар (хизматлар) экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлди. Бу ҳам тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг амалий ифодасидир.

Фармон билан яқиндан танишарканмиз, соҳа келажагини кадрлар билан таъминлашга, айниқса, қобилиятли, қизиқувчан ёшларни жалб этишга туртки берадиган енгилликлар ҳам эътибордан четда қолмаганидан қувондик. Эндиликда Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ва унинг филиалларида 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб ахборот технологиялари ҳамда коммуникациялари соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича ўқитишнинг кредит тизими жорий қилинади.

Ҳар қандай соҳадаги ислоҳот энг чекка ҳудудлардаги одамлар ҳаётига кириб борсагина, ижобий натижа беради. Ахборот-коммуникациялари борасидаги ислоҳотлар, жумладан, Наманган вилоятида ҳам изчил амалга оширилмоқда. Вилоятда телекоммуникация тармоғини такомиллаштириш ва модернизациялаш, аҳоли пунктларида симсиз алоқа ҳамда интернет хизматлари қамровини кенгайтириш, электрон ҳукуматни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Кейинги йилларда юқори тезликдаги интернет, IP-телефония ва телевидение хизматларидан фойдаланиш учун техник янгиланишлар рўёбга чиқарилмоқда. Вилоят, туман ҳамда шаҳар даражасида давлат органлари ўртасида идоралараро электрон ҳамкорлик тизими жорий этилган.

Вилоят кардиология маркази ва “Anamed” нодавлат тиббиёт муассасасининг фаолиятини автоматлаштириш мақсадида “MedData” ахборот тизими йўлга қўйилди. Бугунги кунда Наманган шаҳридаги бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида автоматлаштирилган ахборот тизими ишламоқда. Оилавий поликлиникаларда фуқароларнинг электрон рўйхати шакллантирилди. Энди интернет орқали исталган шифокорнинг қабул вақти, беморлар сонини аниқ билган ҳолда рўйхатга ёзилиш мумкин.

Албатта, Президентимизнинг ушбу Фармони туфайли ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш борасидаги ишлар янада кенг қулоч ёзиб, юртимиз ижтимоий-иқтисодий жараёнида тезкор ахборот алмашинуви таъминланади, замонавий технологияларни ҳаётга изчил татбиқ қилган ҳолда, аҳоли учун кўплаб қулайликлар яратилади.
Муҳаммаджон МАҚСУДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,
Наманган вилояти телерадиокомпанияси директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn