«Ўзстандарт»: «Назорат хариди» тизими маҳсулот сифатига аниқлик киритади
  • 23 Февраль 2018

«Ўзстандарт»: «Назорат хариди» тизими маҳсулот сифатига аниқлик киритади

“Ўзстандарт” агентлиги берган маълумотларга кўра, ўтган йили сертификатлаштириш жараёнида 141 миллиард 547 миллион сўмлик маҳсулотлар яроқсиз, деб топилган. Шундан 109 миллиард сўмлиги импорт товарлари бўлиб, уларнинг ички бозорга киритилишининг олди олинди. Афсуски, 31,6 миллиард сўмлик маҳсулотлар республикамизда ишлаб чиқарилган.

Халқаро пресс-клубнинг “Ўзстандарт”: ислоҳотларнинг янги босқичи, интеграция ва муаммолар таҳлили” мавзуидаги навбатдаги сессиясида тизимда эришилаётган ютуқлар билан бирга, мавжуд муаммолар ҳам очиқ-ойдин ўртага ташланди, уларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди.

Бугунги кунда агентлик ўз вазифалари доирасида мамлакатимизда Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш соҳаларида ишлаб чиқилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида фаолият юритиб келмоқда. Айниқса, ички бозорда савдога чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифатли ёки сифатсизлиги устидан назорат йўлга қўйилиб, хавфсизликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётир.

— Аввал сертификатлаштирилган маҳсулотларда ўтказилган инспекция назорати давомида 938 миллион сўмлик товарлар меъёрий ҳужжатлар талабларига мос келмади, — дейди “Ўзстандарт” агентлиги бош директори Абдуҳамид Каримов. — Ўтган йили сертификатлаштириш идоралари томонидан олиб борилган инспекция назорати давомида аниқланган камчиликлар бартараф этилгунга қадар ишлаб чиқаришга расмийлаштирилган 1815 та мувофиқлик сертификатининг амал қилиши вақтинчалик тўхтатилди, 1103 та ҳолатда эса улар бекор қилинди.

Бугун бозор расталарию дўконлардан кундалик ҳаётимиз учун керакли исталган маҳсулот топилади. Лекин уларнинг сифати қўйилган талабларга мувофиқми? Бунда “назорат хариди” тизимининг иштироки қандай?

Тадбирда агентлик вакиллари ушбу саволга ҳам батафсил жавоб берди.

— Агентлик томонидан Тошкент шаҳри ҳамда вилоятининг савдо расталарида сотилаётган 56 турдаги — сут ва сут маҳсулотлари, колбаса, ичимлик суви, болалар озуқаси, какао ҳамда шарбат каби озиқ-овқат товарларининг назорат хариди амалга оширилиб, улар синов лабораторияларида текширувдан ўтказилди, — дейди “Ўзстандарт” агентлиги Ахборот-маълумот маркази директори Шокир Алимов. — Натижалар 18 турдаги сут ва сут маҳсулотлари меъёрий ҳужжат талабларига умуман жавоб бермаслигини, сифат ҳамда хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича номувофиқлигини кўрсатди. Шунингдек, 5 турдаги болалар ўйинчоқлари ҳам талаб даражасида эмаслиги аниқланди. Бунга ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг стандартлар билан таъминланмагани, белгиланган физик-кимёвий кўрсаткичлари талабга жавоб бермаслиги, ёрлиқланиши ва қадоқланиши, тайёрланиш санаси кўрсатилмаслиги, сақлаш қоидаларига риоя этилмаслиги каби қатор омиллар сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда тегишли ташкилот ҳамда идоралар билан ҳамкорликда сифатсиз товарлар ишлаб чиқарилиши, бозорларда сотилишига чек қўйиш чоралари кўрилаяпти. Бунинг учун биргаликда иш олиб боришимиз зарур. Мувофиқлик сертификатига эга бўлмай туриб фаолият юритаётган “уддабурон” тадбиркорларимиз ўртасида тушунтириш ишларини олиб бораяпмиз. Уларни эгри йўлдан қайтиб, ҳалол меҳнат қилишга чақираяпмиз.

Тадбирда “Қарс икки қўлдан...” деганларидек, озиқ-овқат маҳсулотлари харидида истеъмолчилар ҳам талабчан бўлиши лозимлиги айтиб ўтилди. Улар маҳсулотнинг яроқлилик муддатига, сақланиш ҳолати, қадоқланиши ва сифатига эътибор қаратишлари зарур. Истеъмолчилар ушбу тамойилга доимо риоя этса, юз бериши мумкин бўлган кўплаб кўнгилсизликлар, оворагарчилик ҳамда асаббузарликларнинг олди олинади.

Шунингдек, анжуманда яқинда жорий этилган “Ҳалол” стандартининг аҳамияти, унинг экспортга ва туризм оқимининг ошишига таъсири, янги стандартларни татбиқ қилишдаги халқаро ҳамкорлик масалалари, корхоналарда сифат менежменти тизимларини қўллаш борасидаги режалар, келгусида амалга ошириладиган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn