Замонавий иқтисодиёт сари дадил қадам
Замонавий иқтисодиёт сари дадил қадам Фото: smallbusiness.co.uk
  • 22 Февраль 2018

Замонавий иқтисодиёт сари дадил қадам

Замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда Ўзбекистонда давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча соҳасини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтилаяпти. Мазкур жараёнда, асосан, иқтисодиётнинг таянч устунларидан бирига айланган тадбиркорлар кучига суянилмоқда. Бинобарин, тадбиркорлари бадавлат юрт бой ва обод бўлади.

Чиндан ҳам, ишбилармоннинг фаолияти ривожланиб, молиявий имконияти қанчалик кенгайса, унинг жамиятдаги фаоллиги шунчалик ортади. Ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишга ўз ҳиссасини қўшади. Қувонарлиси, юртимизда бизнес юритиш тартиб-таомиллари соддалаштирилиб, соҳа ривожига тўсиқ бўлаётган ғовлар олиб ташланаётгани илғор, ташаббускор бизнес вакиллари сафи кенгайишида рағбатлантирувчи омил бўлмоқда.

Ишбилармонлар фаолиятига асоссиз аралашишга йўл қўйилмайди
Давлатимиз раҳбари томонидан Олий Мажлисга тақдим этилган Мурожаатномада кичик бизнес ҳамда хусусий тадбиркорликнинг иқтисодиётимиз ривожи ва аҳоли бандлигини таъминлашдаги ролини янада ошириш, энг асосийси, соҳанинг қонуний ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. “Фаол тадбиркор деганда, биз рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришга қодир, энг муҳими, янги иш ўринлари яратиб, нафақат ўзини ва оиласини боқадиган, балки бутун жамиятга наф келтирадиган ишбилармон инсонларни тушунамиз. Бундай тадбиркорлар сафини кенгайтириш, жумладан, юқори технологиялар, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва асбоб-ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш ва жорий этиш учун уларга муносиб шароитлар яратиш бизнинг биринчи галдаги вазифамиз бўлиши шарт”, деди Юртбошимиз.

— Бугунги вазият чуқур таҳлил қилинган ҳолда айтилган бу фикрлар, соҳа равнақига соя ташлаётган тўсиқларни олиб ташлаш бўйича белгилаб берилган вазифалар ишбилармонларнинг айни дилидаги гап бўлди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Ислом Жасимов. — Айниқса, Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили муносабати билан барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш 2 йилга тўхтатилиши ҳақидаги таклиф нафақат муҳташам залда жам бўлган кенг жамоатчилик вакиллари, балки юртимиздаги барча тадбиркор ҳамда ишбилармонлар томонидан давомли қарсаклар билан кутиб олинди.

Яширишнинг ҳожати йўқ, тадбиркорлар “югур-югур”, “текшир-текшир”лардан ниҳоятда чарчаган, безиб қолган. Чунки шу пайтгача баъзи органлар текширишлардан бизнес вакилларига босим ўтказиш, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралашиш, сунъий тўсиқлар яратиш воситаси сифатида фойдаланиб келганлиги бугун ҳатто катта минбарларда ҳам бот-бот айтилмоқда.

Тўғри, ишбилармонларнинг ҳаммаси ҳам бир хил эмас. Улар орасида қонун талабини четлаб ўтишга уринаётганлари, афсуски, учраб туради. Президентимизнинг тарихий нутқи асосида тақдим этилаётган имтиёзлар, берилаётган эркинликлар қонун бузилишига йўл қўяётган шундай тадбиркорларга, айрим давлат органларининг нопок мансабдорлари билан коррупция муносабатларига киришганларга бамисоли огоҳлик чақириғи бўлди. Бундан буёғига улар қонун доирасида ишлаб, нафақат ўз манфаатлари, балки жамиятимиз ривожига муносиб ҳисса қўшишлари керак.

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатасидан маълум қилишларича, унинг янги форматдаги фаолияти самарасини биргина тадбиркорлик соҳасига оид қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ваколатли орган сифатида баҳо бераётгани мисолида кўриш мумкин. Гап шундаки, 2017 йилда палата томонидан 339 та ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ўрганилиб, шундан 140 га яқини салбий хулоса билан қайтарилди. Бу қонунчиликка тадбиркорликнинг келажакда камситувчи нормалар, яширин ғов-тўсиқлар киритилиши олди олинди, деганидир.

Инвесторларда ишонч уйғота олиш зарур
Кутилмаганда Шоира Жабборованинг қўл телефони жиринглаб қолди. Қараса, хориждан қўнғироқ бўлаяпти. Бу ҳиндистонлик ҳамкори Жалан Мурари Лал жаноблари эди.
— Ҳозиргина Президент Шавкат Мирзиёевнинг нутқи билан онлайн равишда танишдим. Тадбиркорларга, айниқса, чет эллик инвесторларга тақдим қилинаётган енгилликларни эшитиб, Ўзбекистонга яна инвестиция киритишга аҳд қилдим. Қанча дейсизми? 10 миллион АҚШ доллари. Уни замонавий кардиология маркази бунёд этишга йўналтирамиз.
Юртбошимизнинг нутқидан тўлқинланиб, янги бизнес-режалар тузаётган тадбиркорга бу яна бир яхши хабар бўлди. У, айниқса, чет эллик инвесторларнинг мамлакатимизга ишончи ортаётганидан қувонди.

Тошкент шаҳридаги “Orion Medicity” хусусий клиникаси 2011 йилда ушбу сармоядор киритган 3 миллион долларлик тўғридан-тўғри хориж инвестицияси ҳисобига бунёд қилинган эди. Ҳозирги пайтда энг замонавий тиббий ускуналар, илғор диагностика аппаратлари билан таъминланган мазкур шифо масканида офтальмология соҳасида хизмат кўрсатилади. Асосан, олий тоифали шифокорлардан таркиб топган 50 кишилик жамоа кунига ўртача 20 нафар мижозни қабул қилади.

— Давлатимиз раҳбари тиббиётда хусусий сектор улушини ошириш, инвестициявий лойиҳаларнинг жозибадорлигини таъминлашда солиқ тизимини такомиллаштириш бўйича аниқ вазифаларни илгари сурди, — дейди ушбу клиника раҳбари Ш. Жабборова. — Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ривожланган давлатларда тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида хусусий тадбиркорлар етакчилик қилади. Юртимизда айни шу жиҳатга эътибор қаратилаётгани соғлом рақобатга кенг йўл очмоқда. Ўз навбатида, бу хизмат сифатининг янада яхшиланишига, нархи эса сезиларли равишда пасайишига олиб келади.

Эътибор тадбиркорни ташаббусга, ишонч эса янги марраларга руҳлантирмоқда. У ҳозирданоқ кардиология марказини ташкил этиш ишларига фаол киришиб кетди. Режага кўра, лойиҳанинг дастлабки босқичида 150 та иш ўрни очилиб, аҳолига чуқурлаштирилган хизматлар кўрсатилади.
Айтиш жоизки, бугунги кунда юртимизда чет эл капитали иштирокидаги 5 минг 500 дан зиёд корхоналар фаолият юритмоқда. Экспертларнинг фикрича, бу — яхши кўрсаткич. Аммо мавжуд салоҳият даражасида эмас. Ўтган йилнинг ўзида мамлакатимизда 12 та эркин иқтисодий, 45 та саноат зонаси ташкил қилингани замирида ҳам имкониятни тўлиқ ишга солиш, чет эллик инвесторларни кўпроқ жалб этиш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантириш мақсади мужассамдир.

Инновация — келажак демакдир!
Президентимиз таъкидлаганидек, “Инновация — бу келажак дегани. Биз буюк келажагимизни барпо этишни бугундан бошлайдиган бўлсак, уни айнан инновацион ғоялар, инновацион ёндашув асосида бошлашимиз керак”. Зотан, илм-фан ҳамда техника ютуқлари ижтимоий-иқтисодий соҳалар ривожини жадаллаштирувчи локомотив вазифасини бажаради.

Дарҳақиқат, рақобат кун сайин кучайиб бораётган ҳозирги шароитда ишлаб чиқаришга илмий ҳажмдор, юқори самарали ишланмалар, илғор инновацион технологияларни татбиқ этмасдан туриб, харидоргир маҳсулотлар тайёрлашнинг имкони йўқ. Шунинг учун республикамизда иқтисодий ислоҳотларнинг янги босқичида илмий-техникавий салоҳиятни ривожлантириш, унинг ютуқларидан оқилона фойдаланиш масаласига тараққиётнинг ҳал қилувчи омили сифатида қаралмоқда.

— Бугун фаол тадбиркорлик ғояси илгари сурилаётгани бежиз эмас, — дейди пойтахтимиздаги “Eco-Drip Lux” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Акмал Аҳмедов. — Бунда битта жойда қотиб қолмаган, амалиётга инновацион ғояларни, янги технологияларни жорий этиб, бизнесни ривожлантирадиган, янги иш жойлари яратиб, аҳоли бандлигини таъминлаш, сифатли маҳсулот тайёрлаш ва хизмат кўрсатишда жонбозлик қилаётган тадбиркор назарда тутилади. Юртимиздаги ҳар бир ишбилармон шунга интилиши, яратиб берилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиши зарур. Ахир чала-чулпа режалар билан бизнесни ривожлантириб бўлмайди.

Бу тадбиркор эришаётган ютуқлари сирини инновацион технологиялардан кенг фойдаланаётгани билан боғлайди. Негаки, дастлаб томчилатиб суғориш тизими учун шланглар тайёрлаш ўзлаштирилган бўлса, илғор технологиялар ёрдамида бундай тизимни тўлиқ маҳаллийлаштиришдан ташқари, микроиқлим ҳосил қилиш жиҳозлари, диаметри турлича бўлган сув қувурлари, фитинглар, интенсив боғларни дўлдан ҳимоялаш воситалари, қўйингки, замонавий боғдорчилик ва иссиқхоналар учун 600 турдан ортиқ маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Улар хорижники билан бемалол рақобатга кириша олаётгани боис ташқи бозорда ҳам харидоргир бўлиб бораяпти. Мана, инновацион ишланмаларнинг самараси! Янгиликка интилишнинг меваси!

Инновацион иқтисодиёт сари дадил қадам ташлаётган юртимизда, энг аввало, эмин-эркин бизнес юритиш учун зарур барча шарт-шароит яратилмоқда. Ишбилармонлар ҳуқуқларининг қонуний кафолати тобора мустаҳкамланаяпти. Бундай шароитда тадбиркорликка меҳр қўйган, ўз ишидан роҳатланиб меҳнат қиладиган киши борки, бизнес-режасини тўла-тўкис амалга ошириб, юксак муваффақиятларга эришиши муқаррар.
Юртни обод, элни фаровон қиладиган ҳам, давлатимиз иқтисодий қудратини юксалтирадиган ҳам тадбиркорлар экан, уларнинг манфаати доимо устувор бўлмоғи керак.
Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn