Илм-фан иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида муҳим омилдир
Илм-фан иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида муҳим омилдир Фото: Begemot.media
  • 21 Февраль 2018

Илм-фан иқтисодиётнинг инновацион ривожланишида муҳим омилдир

Мамлакатимиз иқтисодиётини инновацион ривожлантиришда академик илм-фаннинг роли кучайиб бормоқда. Президентимизнинг 2017 йил 17 февралдаги “Фанлар академияси фаолияти, илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, бошқариш ва молиялаштиришни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишларга бағишлаб ўтказилган анжуманда шу ҳақда маълумот берилди.

Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, академик Б. Ибрагимов ва бошқалар мамлакатимиз тараққиётининг асосий омили сифатида илм-фанни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида инновация ва илмий тадқиқот фаолиятини рағбатлантириш, илмий ҳамда инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ҳузурида ихтисослаштирилган илмий-экспериментал лабораториялар, юқори технология марказлари ҳамда технопаркларни ташкил этишга таълим ва фан соҳасини ривожлантиришнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилган.

Президентимиз қарорида Фанлар академияси асосий вазифа ҳамда фаолиятининг устувор йўналишлари замонавий талаблар асосида белгилаб берилган.
Ўтган вақт мобайнида илмий-тадқиқот инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш мақсадида Фанлар академияси таркибида В. Романовский номидаги Математика институти, Ядро физикаси институти, У. Арифов номидаги Ион-плазма ва лазер технологиялари институти, М. Ўрозбоев номидаги Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти, Полимерлар кимёси ва физикаси институти, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти, Я. ўуломов номидаги Археологик тадқиқотлар институти ташкил этилди. Шунингдек, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти негизида Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти, Ўзбек тили ва адабиёти музейи негизида Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи тузилди.

Ўзбекистоннинг энг янги тарихи жамоатчилик кенгаши Фанлар академияси ҳузуридаги Ўзбекистоннинг энг янги тарихи жамоатчилик кенгашига айлантирилди.
Илм-фаннинг устувор йўналишлари ривожланишини таъминлаш, шунингдек, илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини самарали мувофиқлаштириш мақсадида Фанлар академияси бошқарув аппарати тузилмасида физика-математика ва техник фанлари, кимё-биология фанлари, ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича бўлимлар очилди.
Ушбу тадбирлар Фанлар академияси томонидан кенг кўламли фундаментал тадқиқотлар олиб борилишини таъминлаш, турли фан тармоқлари бўйича мавжуд илмий салоҳиятни мужассамлаш ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларнинг долзарб муаммоларига сафарбар қилиш имкониятини яратмоқда.
Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Дилшод КАРИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn