Иккиламчи металлнинг бирламчи вазифаси
Иккиламчи металлнинг бирламчи вазифаси Фото: Ҳасан Пайдоев /"Халқ сўзи"/
  • 21 Февраль 2018

Иккиламчи металлнинг бирламчи вазифаси

Юқори технологияларга асосланган соҳалар ривожига металлургия, айниқса, рангли металларсиз эришиб бўлмайди. Чунки ҳозирги фан-техника асрида ушбу муҳим саноат хом ашёларига бўлган талаб ҳар қачонгидан зиёда. Маълумотларга қараганда, дунё бўйича йилига ўртача 60 миллион тонна алюминий, 23 миллион тонна мис, 11 миллион тонна қўрғошин, 13 миллион тонна рух ва бошқа рангли металларга эҳтиёж мавжудки, уни тўлиқ таъминлаш осон кечмаяпти.

Негаки, табиий бойликларни қазиб олиш ҳамда бирламчи ишлаб чиқариш катта маблағ, машаққатли меҳнатни тақозо қилади. Бироқ бунинг оқибатида атроф-муҳит мусаффолигига жиддий зарар етиши ташвишланарлидир. Қолаверса, унинг захиралари ҳам чекланган.
Шундай экан, қандай йўл тутмоқ зарур?
Муаммонинг ечими қаерда?
Мутахассисларнинг айтишича, иккиламчи рангли металлургияни ривожлантириш масаланинг оддий ва самарали ечими ҳисобланади. Масалан, унинг биргина иқтисодий аҳамияти ҳақида тўхталадиган бўлсак, сарфланадиган ёқилғи бирламчи рангли металл ишлаб чиқаришдагига нисбатан 2 баравардан 20 бараваргача кам. Бошқача айтганда, қайта ишлаб чиқарилган ҳар бир килограмм алюминий парчаси ҳисобига тежаб қолинган электр энергияси қуввати телевизорни бир ҳафта ишлатиш учун етарли экан!
Шунинг учун юртимизда рангли металларни иккиламчи қайта ишлашга устувор аҳамият қаратилаяпти. Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ислоҳотлар концепцияси доирасида қабул қилинган “Рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тўплаш, топшириш ҳамда қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори мазкур соҳа ривожига катта туртки берди.

Замон билан ҳамнафас
Дарҳақиқат, ушбу ҳужжат рангли металл парчаларини йиғиш, иккиламчи қайта ишлаш ҳамда улардан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича Марказий Осиёда ягона бўлган “Тошрангметзавод” акциядорлик жамияти ҳаётида туб бурилиш ясади. У “Ўзбекистон рангли металл парчалари, чиқиндиларини тайёрлаш ва қайта ишлаш заводи” акциядорлик жамияти (“Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ)га айлантирилди.
— Бугун ҳаётга татбиқ этилаётган янгиликлар жамиятимизда кечаётган шиддатли ўзгаришларга ҳамнафас бўлиб меҳнат қилишни тақозо этмоқда, — дейди “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖ бош директори Фарҳод Абдуллаев. — Шу маънода, яқинда қабул қилинган қарор металлургия, хусусан, металл парчаларини йиғиш, уларни қайта ишлаб, саноат корхоналарининг рангли металларга бўлган эҳтиёжини таъминлашдан ташқари, кўпроқ чуқур қайта ишлашни йўлга қўйиб, экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришни сифат жиҳатидан юқори поғонага кўтаришга кенг йўл очиб берди. Шунингдек, мазкур ҳужжат жамиятни халқаро иқтисодий муносабатлар борасида қўшни ҳамда ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик лойиҳаларини кенгайтиришга туртки беради. Айни пайтда белгилаб берилган вазифалардан келиб чиқиб, рангли металл парчалари ва чиқитларини йиғиш тизими янада такомиллаштирилаяпти. Шунингдек, ишлаб чиқаришни модернизациялаш, маҳаллийлаштириш ҳамда инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан амалий саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Булар тез орада ўз самараларини беради, албатта.

Чиндан ҳам, ҳозирги кунда заводни реконструкциялаш ва модернизациялашга устувор аҳамият қаратилаяпти. Қайта ишлаш бўлимлари Россия, Германия, АҚШ, Япония, Туркия, Италия, Ҳиндистон сингари хорижий давлатлардан келтирилган юқори технологик эритувчи печлар ҳамда қурилмалар билан жиҳозланиб, чет эл тажрибаси пухта ўзлаштирилмоқда. Бунинг натижасида рангли металл парчаларини бирламчи қайта ишлаш қуввати йилига 30 минг тоннага етказилди.

Автомобиль утилизацияси йўлга қўйилди
Завод қошида республикамиз барча ҳудудини қамраб олган қабул пунктлари ташкил этилаётгани технологик жиҳатдан муҳим ҳисобланган рангли металларга қайта ҳаёт бағишлаш имконини бераётир.
Ҳозирги пайтда акциядорлик жамиятининг 20 дан ортиқ йирик филиалларидан ташқари, стационар, мобиль ва ултрамобиль пунктлари ишлаб турибди.

Улар юртдошларимиз ҳамда саноат корхоналарининг утилизация билан боғлиқ муаммоларини ҳал қилишда яқин кўмакчига айланган, десак, муболаға эмас. Сабаби, ушбу қабул шохобчаларида металл парчаларидан ташқари, истеъмолдан чиққан электроника буюмлари ва маиший техникалар ҳам қабул қилинади. 2016 йилда ривожланган давлатлар тажрибаси ўрганилган ҳолда, йўлга қўйилган янги линия ёрдамида йилига 1000 тоннагача ана шундай маҳсулотларни қайта ишлаш имконияти мавжуд.

Завод жамоаси яқинда яна бир йирик лойиҳага қўл урди. Юртимизда биринчи бўлиб автомобилларни утилизациялаштиришга киришилди.
— Айни пайтда дастлабки 2 мингта автомобилни утилизациялаш ишлари бошлаб юборилди, — дейди жамиятнинг Инвестицияларни жалб қилиш ва инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш бўлими бошлиғи Мирлазиз Саидов. — Яроқсиз ҳолга келиб қолган автомашинасини топширмоқчи бўлган аҳолига ташкилий, ҳуқуқий жиҳатдан барча ёрдамни кўрсатамиз. Қолаверса, моддий манфаатдорлик ҳам кўзда тутилган. Яъни автомобиль эгасига купон тақдим этилади. Бу эса халқаро компаниядан янги автомобиль сотиб олиш ҳуқуқини берибгина қолмай, балки тўловнинг маълум қисмини ҳам қоплайди.

Ташландиқ хом ашёдан қимматбаҳо маҳсулот
“Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖнинг жаҳондаги турдош корхоналардан фарқи рангли металларни чуқур қайта ишлаб, тайёр саноат ҳамда халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилганидадир.
Бозор конъюнктураси ва истиқболли талабни ўрганиш бўлими бошлиғи Хуршид Қодировнинг айтишича, ҳозирги пайтда уларнинг тури 100 дан ошди. Замонавий автомашиналар эҳтиёт қисмлари, аккумуляторлар, енгил ҳамда юк автомашина ғилдираклари учун мувозанатни сақлагичлар, халқ истеъмоли моллари, эмаль қопламали симлар, бронза ҳамда жездан қўшимча қийматга эга турли маҳсулотлар шулар жумласидан. Уларнинг салмоқли қисми Хитой, Туркия, Германия, Япония, Эрон, Россия, Латвия, Буюк Британия, Қозоғистон, Қирғизистон, Ҳиндистон, Швейцария каби давлатларга экспорт қилинаётгани диққатга сазовор.

Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш ўзлаштирилган мураккаб технологик тайёр маҳсулот — эмаль қопламали мис симлар ҳам тобора харидоргир бўлиб бораётир. Улар Италиядан келтирилган сўнгги русумдаги ускуналар ёрдамида малакали мутахассислар томонидан тайёрланаётгани боис сифат кўрсаткичлари юқори, фойдаланиш муддати турдошларига нисбатан узоқ. Шу боис корхонада импорт ўрнини босувчи ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш ҳажми муттасил равишда оширилмоқда. Шунингдек, жамият техник имкониятларини ишга солиб, буюртмачилар талаблари асосида ҳам махсус саноат маҳсулотларини тайёрлаб бермоқда. Бу ташландиқ металл парчалари қимматбаҳо маҳсулотга айланаётганидан далолатдир.

Экология учун кони фойда
Корхонанинг қўрғошин қотишмаларини ишлаб чиқариш бўлими тубдан модернизация қилиниб, йирик мажмуа ташкил этилгач, бу ерда йилига 8 минг тонна истеъмолдан чиққан аккумуляторларни қайта ишлаш имконияти юзага келди. Мазкур лойиҳа наинки иқтисодий, балки экологик жиҳатдан ўта фойдали эканлиги билан ҳам алоҳида ажралиб туради.
Гап шундаки, ташлаб юборилган қўрғошинли эски аккумулятор табиий емирилиши учун тахминан 500 йил керак бўлар экан. Энг ёмони, бу даврда 30 метр атрофидаги тупроқда на тирик организм жон сақлай олади, на ўт-ўлан ўсади. Шу боис мутахассислар томонидан яроқсиз аккумуляторларни қайта ишлаш жараёнида токсин моддалар нейтраллаштирилади-да, қўрғошин ҳамда бошқа фойдали хом ашёлар ажратиб олинади. Сўнгра улар замонавий улкан ротор печида эритилиб, саноат соҳалари учун муҳим хом ашёга айлантирилади.

Эътиборлиси, бугун эски аккумуляторлар қайта ишланаётган заводда, ҳадемай, саноат аккумуляторлари ишлаб чиқариш ўзлаштирилади. 2020 йилгача рўёбга чиқарилиши кўзда тутилган, умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларилик инвестициявий лойиҳаларнинг биттаси айни шу мақсадга қаратилган. У амалга оширилгач, қўшимча 150 та иш ўрни яратилиб, бу ерда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар сони 800 нафардан ошади. Рақобатдош маҳсулотлар тури кўпайиб, экспорт ҳажми сезиларли даражада ортади.
Юртимизда рангли металл парчалари ва чиқиндиларини тўплаш, топшириш ҳамда қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан кўрилаётган аниқ чора-тадбирлар соҳада ана шундай муваффақиятлар эшигини кенг очмоқда.
Саид РАҲМОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn