Испания компанияси Жиззахда агрологистика мажмуасини бунёд этади
Испания компанияси Жиззахда агрологистика мажмуасини бунёд этади Фото: BMB Trade Group LLC
  • 21 Февраль 2018

Испания компанияси Жиззахда агрологистика мажмуасини бунёд этади

Испаниянинг “WES” — “Western Export Solutions” компанияси делегацияси қишлоқ хўжалиги соҳасида бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Жиззах вилоятига ташриф буюрди. Хорижнинг мазкур нуфузли компанияси замонавий қишлоқ хўжалиги тизимларини жорий этиш, Шароф Рашидов туманида агрологистика мажмуасини ишга туширишни мўлжалламоқда.

— Ушбу логистика марказини бунёд этиш лойиҳасига Испания компанияси томонидан 5 миллион евро миқдорида сармоя киритиш режалаштирилган, — дейди Жиззах вилояти инвестиция бошқармаси бошлиғи Шерзод Иномов. — Лойиҳанинг биринчи босқичида вилоятда йилига 50 миллион АҚШ долларилик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имконияти яратилади ҳамда юртимизда Европа стандартлари асосида халқаро “Global GAP” стандартлари жорий этилади.

Инвесторлар Испанияда Ўзбекистон қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш, савдо, иқтисодий масалаларни ҳал этиш мақсадида “Испания — Ўзбекистон” жамғармаси тузилганлиги, унинг маблағлари тез кунларда турли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш учун йўналтирилиши тўғрисида ҳам маълумотлар беришди.

Учрашувлардан сўнг меҳмонлар Шароф Рашидов туманидаги агрологистика мажмуаси учун ажратилган ер майдони билан танишишди. Ушбу майдон қулай жойлашганлиги, ернинг унумдорлиги, сув ва йўл тармоқлари жойлашуви инвесторларга маъқул келди ва мазкур ҳудудда ерга дастлабки ишлов бериш, техника  ва технологияларни Испаниядан олиб келиш, кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш, малакали мутахассисларни жалб этиш масалалари бўйича ҳам келишиб олинди.

Шунингдек, учрашувларда “Зомин-фарм” эркин иқтисодий зонаси имкониятларидан фойдаланиб, аччиқ бодом етиштириш ва уни қайта ишлаш орқали дори маҳсулотлари тайёрлаш, вилоятдаги адир ва тоғолди ҳудудларида етиштириладиган ковулни қайта ишлаш, плантациялар яратиш, тайёр маҳсулотларни Европа давлатларига сотиш орқали ҳар икки давлат тадбиркорлари юқори даромад олиши мумкинлиги масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Толибжон ЭРГАШЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn