Шиддатли ислоҳотларнинг дастлабки самараси ёхуд ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш учун кўрилаётган аниқ чора-тадбирлар хусусида
  • 20 Февраль 2018

Шиддатли ислоҳотларнинг дастлабки самараси ёхуд ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодиётни барқарор ривожлантириш учун кўрилаётган аниқ чора-тадбирлар хусусида

Эксклюзив суҳбат

Иқтисодиёт қайсар бўлади. У аниқликни, пухта ҳисоб-китобни хуш кўради. Уни муроса йўли томон буришга ҳаракатлар бошланган жойда эса ривожланиш кўрсаткичларига путур етади. Тарихга назар солсак, бунга кўплаб мисоллар топилади. Шу маънода, Ўзбекистонда реал ҳолатдан келиб чиқиб, ҳаётий ислоҳотлар олиб борилаяптики, бу экспертлар томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда. Уларнинг эътироф этишича, шиддатли ўзгаришлар тараққиётнинг янги босқичини бошлаб берди.
Шундай экан, бу мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, аҳолининг турмуш тарзида қандай ўзгаришлар ясаяпти? Бугунги натижаларни янада яхшилаш учун қандай амалий чора-тадбирлар кўрилаяпти?

Мухбиримиз шу каби саволларга жавоб олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Мубин МИРЗАЕВга мурожаат қилди.
— Бугунги ислоҳотларга нисбатан қўлланилаётгани “шиддатли” таърифи бежиз эмас, — деди Мубин Мухидинович. — Чунки Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган бешта устувор йўналиш бўйича беш йиллик Ҳаракатлар стратегияси иқтисодий жараёнларни жадаллаштириб юборди. Буни 2017 йил мисолида таҳлил этадиган бўлсак, яна бир карра ишонч ҳосил қиламиз. Нега деганда, охирги бир йил давомида валюта бозори либераллаштирилгани, ташқи савдо фаолиятида барча сунъий тўсиқлар бекор қилингани, яъни экспорт қилишда божхона тартиб-таомиллари соддалаштирилиб, божхона йиғим ва божлари пасайтирилгани, тадбиркорлик субектларини рўйхатдан ўтказиш муддати оптималлаштирилиб, улар фаолиятини режадан ташқари текшириш амалиёти бекор қилингани, шунингдек, 2018 йилнинг 1 январидан эътиборан айрим товарлар нархларини белгилашда бозор механизмларидан фойдаланилган ҳолда,  товар хом-ашё биржалари орқали сотиш ва сотиб олиш тартиблари жорий этилгани, давлат инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва амалга оширишнинг бутунлай янги механизмлари қўлланилаётгани амалда ўз самараларини бермоқда. Бу, ўз навбатида, ишбилармонлик ва инвестиция иқлимини яхшилаш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, энг асосийси, ўрта ва узоқ муддатли истиқболда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришга мустаҳкам замин яратади.

— Ўтган йилги асосий иқтисодий кўрсаткичларга эътибор қаратадиган бўлсак, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши 5,3 фоизни ташкил этди, у аҳоли жон бошига тақсимлаганда қанчадан тўғри келади? Умуман, бошқа давлатлар билан таққосланганда ҳозирги ҳолат қай даражада?

— Дарҳақиқат, Давлат статистика қўмитасининг дастлабки маълумотларига қараганда, 2017 йил якунлари бўйича мамлакатимизнинг иқтисодий ўсиш суръати 5,3 фоизни ташкил этди. Унинг аҳоли жон бошига миқдори қарийб 7,7 миллион сўмга етиб, олдинги йилдагига нисбатан 3,6 фоиз ошди. Мазкур кўрсаткич бошқа давлатлардагига қиёсланганда анча паст даражада. Жумладан, Халқаро валюта жамғармаси маълумотларига кўра, 2016 йилда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулот ҳажми бўйича Ўзбекистон дунё рейтингида 187 мамлакат ўртасида 134-ўринни эгаллаган.
Ушбу йўналишда юқори натижага эришишни мақсад қилган эканмиз, энг аввало, аниқ чора-тадбирлар, унинг ижросини таъминлаш учун эса “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш талаб этилади. Бунда 2030 йилга бориб ЯИМ ҳажмининг аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромад бўйича жаҳондаги ўрта даромадли (3 минг доллардан юқори бўлиши) мамлакатлар даражасигача кўтарилишни кўзда тутиш лозим. Бунинг учун республикамизда дастлабки ҳисоб-китобларга биноан, иқтисодиётнинг реал ўсиш суръати камида 6 фоиз миқдорида бўлиши, инфляция даражаси ўрта ва узоқ муддатда йилига 5-6 фоиздан ошмаслиги ҳамда валюта бозори барқарорлиги таъминланиши лозим.

— Давлатимиз раҳбари ўз чиқишларида 2018 йил биз учун осон бўлмаслигини бир неча марта таъкидлади. Бу сўзлар замирида нималар ётибди? Жорий йилда иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш учун қандай чоралар кўрилади?
— Тўғри, 2018 йил биз учун ўта муҳим йил бўлиши кутилмоқда. Сабаби, жорий йилда бир тарафдан нарх-навони либераллаштиришимиз лозим бўлса, иккинчи томондан инфляция даражасини 13,4 фоиздан оширмаслигимиз зарур.
Қолаверса, иқтисодиётни, ааваламбор, энергия ресурсларига бўлган талабини тўлиқ қондириш ва энергия ишлаб чиқарувчи корхоналарининг рентабеллик даражасини, истеъмол товарларининг нархлари барқарорлигини таъминлашимиз ўта муҳим. Энг асосий масала эса аҳолининг тўлов қобилияти ҳамда жон бошига тўғри келадиган даромадлар миқдорини оширишдан иборат. Шу мақсадда иқтисодиётимизни ривожлантириш йўлида аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинди. Булар:

— энергетика тизимини ислоҳ қилиш, бундай ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш  бўйича аниқ стратегия ишлаб чиқиш;
— имтиёзларни айрим корхоналарга эмас, балки алоҳида ишлаб чиқариш ва хизмат турларини рағбатлантириш учун бериш тизимини жорий этиш;
— тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятини текширишга 2 йилга мораторий белгилаш ҳамда солиқ органлари томонидан ишбилармонларни жазолаш эмас, балки солиқ идоралари иш фаолиятини тубдан ўзгартириб, сифатли хизмат кўрсатиш орқали тадбиркорлар томонидан хато-камчиликлар қилинмайдиган тизимни яратиш;
— аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг банкларга бўлган ишончини сезиларли даражада ошириш ҳамда мамлакатимизда “яширин иқтисодиёт” улушини кескин камайтириш;
— ҳудудларда замонавий ишлаб чиқариш ва муҳандислик-коммуникация тармоқлари бўйича лойиҳаларни давлат-ижтимоий шериклик муносабатлари асосида шакллантириш тизимини жорий этишни жадаллаштириш;
— кичик корхоналар учун қўшимча қиймат солиғи тўлашга ўтишни рағбатлантириш, шунингдек, тез ривожланаётган, йириклашиб бораётган корхоналарни рағбатлантириш сиёсатига ўтиш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;
—  Жаҳон савдо ташкилотига  аъзо бўлиш юзасидан амалий ишларни олиб бориш, мавжуд норматив ҳуқуқий базани халқаро стандартларга мослаштиришдан иборатдир.

Ушбу саъй-ҳаракатлар барча соҳадаги иқтисодий ва институционал ислоҳотларни жадаллаштириб, пироваридида 2018 йилда ялпи ички маҳсулот 5,9 фоиз ўсишига мустаҳкам пойдевор бўлади.

—  Экспертлар 2018 йилда инфляция даражаси ўтган йилги кўрсаткич атрофида, яъни 14 фоиз бўлишини прогноз қилишмоқда. Бунинг оқибатлари ҳақидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
— Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жорий йилнинг январь ойида инфляция даражаси 2,66 фоизни ташкил этди. Истеъмол маҳсулотлари нархларининг ўтган йилнинг декабрь ойидагига нисбатан юқори бўлиши ва инфляция даражасига бир неча омиллар таъсир қилди. Яъни 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб, айрим солиқ ва мажбурий тўловларнинг оширилиши товар ва хизматлар нархлари ўсишида ўз аксини топди. Масалан, ароқ, вино ва пиво маҳсулотларига акциз солиғининг 20-25 фоиз оширилиши алкогол маҳсулотлари нархларининг ўрта ҳисобда 8,8 фоиз кўтарилишига сабаб бўлди.

2017 йилнинг 15 ноябридан бошлаб, ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари нархлари ошганлиги ҳам истеъмол маҳсулотларида транспорт харажатларининг ортиши орқали инфляция даражасига таъсир қилмай қолмади. Шунингдек, жорий йил 1 январдан айрим тоифадаги корхоналар (пиширилган ғишт, асфальт ва цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар) учун  табиий газ ва электр энергияси нархлари 1,6 баробар оширилгач, шундай ҳолат кузатилди. Натижада жорий йилнинг январь ойида қурилиш материаллари нархлари ўрта ҳисобда 2,6 фоиз, жумладан, ғишт – 5,6 фоиз, шифер – 3,4 фоиз, дераза ойналари – 3,3 фоиз қимматлашди.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларга кўра, 2017 йил якунларига кўра, республикамизда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,4 фоиз, хусусан, Сирдарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Навоий ва Жиззах вилоятларида бундан ҳам кўпроқ камайган. Бундай маҳсулотларга бўлган талаб кундан-кунга ўсиб боришини инобатга оладиган бўлсак, айни шу жиҳат январь ойида истеъмол товарлари нархи ошишида асосий омиллардан бири бўлди. Чунки 2017 йилда йирик корхоналар мисолида айтганда, гўшт ишлаб чиқариш ҳажми 21,6 фоиз, шакар 11,5 фоиз, нон  8,3 фоиз, пишлоқ ва творог 18,7 фоиз ҳамда маргарин 9,5 фоиз камайган.
Айтиш жоизки, январь ойида асосий пул-кредит кўрсаткичларидаги ўзгаришлар, жумладан, иқтисодиётга чиқарилган ялпи кредит хажми 2,3 фоиз ва пул массаси 0,9 фоиз ўсиши ҳам инфляция даражасига қисман таъсир қилди.  Шунингдек, жорий йил 1 апрелдан тарифларни табиий газ учун 10 фоиз, электр энергияси учун 12 фоиз оширилиши ҳам нархларнинг ошишига олиб келади.

2018 йилда инфляция даражаси белгиланган параметрлар — 12,4-13,4 фоиздан ошиб кетмаслиги учун ҳукумат томонидан бир қатор аниқ чора-тадбирлар кўрилмоқда.

  • Биринчидан, аҳоли кундалик эҳтиёжлари учун бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, хусусан, ўсимлик ёғи ва шакар маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар корхоналар ва импорт учун қўшилган қиймат солиғидан 1 йил муддатга озод қилинди. Бу эса ушбу маҳсулотлар нархлари кўтарилишининг олдини олишга хизмат қилади.

  • Иккинчидан, Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари томонидан ун ва дон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун ишлаб чиқарувчи корхоналарни ҳамда ушбу маҳсулотларни импорт қилишда қўшилган қиймат солиғидан 1 йил муддатга озод қилиш мақсадга мувофиқ чора эканлиги кўриб чиқилмоқда.

  • Учинчидан,  2017 йилда куз-қиш ойларида захира қилинган жами 445 минг тоннадан зиёд қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шу жумладан, 178,3 минг тонна картошка, 120,1 минг тонна пиёз, 89,5 минг тонна сабзи, 57,4 минг тонна гуруч ҳамда мамлакатимизда ташкил этилган Ички истеъмол бозорида нарх-навони барқарорлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобига импорт қилинган жами 30 минг тонна шакар, 9,6 миллион литр ёғ маҳсулотлари, 22,7 минг тонна картошка, 1407 тонна товуқ гўшти февраль-май ойлари давомида бир маромда сотилишини таъминлаш орқали нархларни бир маромда сақлаш чоралари кўрилади.

  • Тўртинчидан, Президентимиз Қашқадарё вилоятига қилган ташрифида чоғида берган топшириқларига асосан, жорий йилда давлат хизматлари сифатини яхшилаш ҳамда бюджет ходимларининг касб маҳоратини оширишни рағбатлантириш учун бюджет соҳаси айрим ходимлари иш ҳақи миқдорларини табақалаштирилган ҳолда ошириш режалаштирилган. Бундан ташқари, давлат хизматчиларининг иш ҳақлари қўшимча равишда амалдаги инфляция даражасидан келиб чиқиб, жорий йилнинг 1 июлидан 6-8 фоиз ошириш мўлжалланмоқда. Йил охирига бориб яна шунча миқдорда кўпайтирилиши режалаштирилган.

Давлат бюджетидан пенсия, нафақа ва иш ҳақини қўшимча равишда оширилиши билан боғлиқ харажатларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши бор йўғи 0,3 фоизни ташкил этишини инобатга оладиган бўлсак, иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўлов миқдорининг кўпайтирилиши деярли инфляция даражасига таъсир қилмайди.

— Кейинги бир йилда олиб борилган ислоҳотлар халқаро ташкилотлар ва чет эл молия муассасалари эътиборини ҳам тортмай қолмади. Буни Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқа молиявий тузилмалар билан алоқалар қайта йўлга қўйилгани мисолида ҳам кўриш мумкин. 2018 йилда халқаро ташкилотлар билан иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш борасида тўхталиб ўтсангиз.

— Чиндан ҳам, Европа тикланиш ва тараққиёт банки тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга кредитлар, инвестициялар киритиши Ўзбекистон тарихида туб ўзгариш бўлди. Қувонарлиси, бундай манфаатли алоқалар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Чунки 2017 йилнинг ўзида 20 дан ортиқ олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди, 60 дан ортиқ давлат ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакиллари билан учрашувлар ўтказилди. Бунинг натижасида 400 дан ортиқ битим ва келишувларга эришилиб, қарийб 60 миллиард АҚШ долларилик савдо-сармоявий шартномалар имзоланди. Ҳеч шубҳасиз, бу Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракати ва ташаббуслари натижасидир.

2018 йилда халқаро ташкилотлар билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасидаги муҳим қадамлардан бири Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича музокаралар бошланганидир. Бундан кўзланган асосий мақсад экспортни янада рағбатлантириш, жараённи техник жиҳатдан тартибга солиш, халқаро стандартларга уйғунлаштириш асосида ташқи бозорга сифатли ва сертификатланган маҳсулотларни “ўзбек бренди” номи билан олиб чиқишдан иборатдир.
Шу билан бирга, Халқаро валюта жамғармаси ҳамда Жаҳон банки билан биргаликда валюта бозори лебераллаштирилиши муносабати билан иқтисодиётимизни барқарор ривожлантириш юзасидан кенг кўламли ҳамкорлик қилинаяпти. Шунингдек, тўғридан тўғри инвесторларни жалб этиш учун жаҳондаги етакчи рейтинг агентлари билан биргаликда Ўзбекистон рейтингини яхшилаш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда.

— Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йилида бизнес юритиш учун қандай енгилликлар берилади?

—Жаҳон банкининг “Бизнесни юритиш” (“Doing Business”) халқаро ҳисоботига кўра, ўтган йили Ўзбекистон ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича етакчи ўнталикка киритилди. Ушбу натижани 2018 йилда янада мустаҳкамлаш мақсадида ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ишлар давом эттирилади. Юқори технологик корхоналар ва стартапларни молиявий қўллаб-қувватлаш учун венчур фондларни ташкил этиш, айрим турдаги тадбиркорлик фаолияти учун лицензиялашни бутунлай бекор қилиниб, лицензия талаб қилинадиган фаолият тури учун лицензия чексиз муддатга берилишини жорий қилиш, давлат томонидан кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилаш ва уларнинг айрим фунцияларини хусусий секторга бериш, банк хизматлари сифатини ошириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятида рискларни камайтириш орқали кредит фоиз ставкаларини пасайтириб бориш, фонд бозорини ривожлантириш, хўжалик субъектларининг  маблағларини фонд бозорига жалб қилиш ва жаҳон бозорида котировка қилинадиган қимматли қоғозларни фонд  бозорига муомалага чиқариш юзасидан аниқ чоралар кўриш шулар сирасига киради.
Бинобарин, фаол тадбиркорлар сафини кенгайтириш, юқори технологиялар, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларига асосланган техника ва асбоб-ускуналарни мамлакатимизга олиб келиш ҳамда жорий этиш учун уларга муносиб шароитлар яратиш бизнинг биринчи галдаги вазифамизга айланган. Зеро, тараққиётимизни жадаллаштиришда тадбиркорлик ҳаракати ўрни ғоятда катта бўлиб, у оғриқли масалалардан бири — ишсизликни камайтириш ва аҳоли даромадини ошириш, экспортни ҳажмини кўпайтиришда муҳим роль ўйнайди.
— Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.

“Халқ сўзи” мухбири
Саид РАҲМОНОВ суҳбатлашди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn