Ўзбекистон Миср ва унга қўшни давлатларга маиший техника воситаларини экспорт қилади
  • 20 Февраль 2018

Ўзбекистон Миср ва унга қўшни давлатларга маиший техника воситаларини экспорт қилади

Миср савдо ва саноат вазири ўринбосари вазири Аҳмад Антер “Ўзэлтехсаноат” АК вакилларини қабул қилди. 

Учрашувда икки мамлакатнинг савдо-иқтисодий ва инвестицион алоқаларини янада фаоллаштириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма корхоналар очиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, инвесторлар учун ўзаро преференциялар тақдим этиш ҳамда қулай муҳит яратиш соҳасига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон делегацияси Қоҳира Савдо палатаси, Миср Тадбиркорлар уюшмаси, Муҳандислик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар палатаси вакиллари билан ҳам фикр алмашди.

Якунда “Ўзэлтехсаноат” АК мутасаддилари Қоҳира Савдо палатаси ҳамда Миср Тадбиркорлар уюшмаси билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзолашди. 

Сўнгра икки давлат тадбиркорларининг тўғридан-тўғри мулоқоти ташкил этилди. Шулар асносида мамлакатимизнинг “Artel” компаниялари гуруҳи корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маиший техника маҳсулотларини “эҳромлар юрти”га етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди, дейилади “Жаҳон” АА хабарида. 

Бундан ташқари, “Eco Solar Energy” республикамизда тайёрланаётган қуёш панелларини келгусида Миср ва Ливия бозорларига олиб чиқишга қизиқиш билдирди. “Toshiba – Al-Arabi” компанияси эса “Ўзэлтехсаноат” АК билан ҳамкорликда маиший техника заводи очиш учун мамлакатимиз иқтисодиётига сармоя киритиш истаги борлигини кўрсатди. Қолаверса, “Korra Energy” бренди ўзбек кабель маҳсулотлари ва LED-чироқларини Шимолий Африка давлатлари бозорларида илгари суриш учун ўзининг дистрибьюторлик хизматларини таклиф этди. Айни чоғда Ўзбекистоннинг “RAF Express” компаниясида тайёрланаётган турли диаметрли мис трубаларини Мисрга етказиб бериш шартлари муҳокама қилинди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn