ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори бошчилигидаги делегация Нукусга ташриф буюрди
ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори бошчилигидаги делегация Нукусга ташриф буюрди Фото: kun.uz
  • 20 Февраль 2018

ЕТТБнинг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори бошчилигидаги делегация Нукусга ташриф буюрди

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Марказий Осиё ва Россия бўйича бошқарувчи директори Наталья Ханженкова бошчилигидаги делегация Нукусга ташриф буюрди.

Делегация аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М. Ерниязов билан учрашди.
Меҳмонларга Қорақалпоғистон Республикасининг географик жойлашуви, аҳолисининг турмуш тарзи, маъмурий бошқарув тузилиши, миллий бойликлари, Президентимизнинг 2017 йил 18 январдаги «2017 — 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида»ги ҳамда 2017 йил 28 февралдаги «2017-2018 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорлари ижроси доирасида амалга оширилган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.

Н. Ханженкова Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан Ўзбекистон ҳукумати ўртасида ҳамкорлик тиклангани ва изчил ривожланаётганини таъкидлади.
Музокарада Қорақалпоғистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, туризмни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Делегация аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида ўтказилган «Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кичик ва ўрта бизнес субъектлари билан ҳамкорлик механизмлари» мавзуидаги семинар-тренингда иштирок этди.

Қорақалпоғистон Республикаси туман ва шаҳар ҳокимликлари мутасаддилари, тижорат банклари вакиллари, қорақалпоғистонлик ва хоразмлик тадбиркорлар қатнашган тадбирда «ЕТТБнинг кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш усуллари», «Хусусий сектор учун маслаҳатлар», «Маҳаллий молиявий муассасалар орқали хусусий секторни молиялаштириш» мавзуларида маърузалар тингланди.

Қайд этилганидек, 2017 йил ноябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида умумий қиймати 110 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратиш бўйича келишувга эришилган эди. 2018 йилнинг февраль ойида эса, туризм ва маданий мерос обидаларини асраш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисида меморандум имзоланди. Ўзбекистон ЕТТБ томонидан умумий қиймати 150 миллион евро ажратиладиган «Маданий мерос» дастурида иштирок этиш учун танлаб олинган биринчи давлатдир, деб ёзади ЎзА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn