Қорақалпоғистонлик фаол ёшларни қўллаб-қувватлаш учун 20 миллиард сўм ажратилади 
Қорақалпоғистонлик фаол ёшларни қўллаб-қувватлаш учун 20 миллиард сўм ажратилади  Фото: kruz.uz
  • 19 Февраль 2018

Қорақалпоғистонлик фаол ёшларни қўллаб-қувватлаш учун 20 миллиард сўм ажратилади 

 

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритаётган беш ярим мингта фермер хўжалигининг 570 тадан кўпини ёшлар бошқармоқда. Беш минг нафардан зиёд йигит-қиз эса тадбиркор сифатида юрт иқтисодиётига улуш қўшмоқда. Ушбу соҳаларда ўзини кўрсатмоқчи бўлган ёшларга ўтган йили 17 миллиард сўм кредит ажратилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 20 миллиард сўмни ташкил этиши кутилмоқда.

Ўтган йил турли соҳаларда ўзининг иқтидор ва салоҳиятини намоён этган 48 та оила соҳибига имтиёзли равишда янги уйлар берилди. Жорий йилда яна 96 ёш оила ана шундай рағбатлантирилиши кутилмоқда. Ёшлар иттифоқи туман бўлимларига эса Президент совғаси — “Матиз” автомобиллари ҳадя этилди.

Ушбу маълумотлар Нукус шаҳрида ташкил этилган “Ёшлар-келажак бунёдкорлари”, “Халққа хизмат қилиш ва юрт ривожига ҳисса қўшиш-улкан бахт” мавзусидаги ёш тадбиркорлар, ҳунармандлар ва фермерлар ишлаб чиқарган маҳсулотлар кўргазмаси ҳамда янги иш ўринлари ярмаркасида айтиб ўтилди.

Тадбир доирасида ташкил этилган меҳнат ярмаркасида 553 ёшга ишга йўлланмалар берилган бўлса, 254 нафар йигит-қизнинг бандлиги таъминланди.

 — Икки йил олдин Қорақалпоқ давлат университетини тугатган эдим, — дейди Абдураҳмон Торебаев. — Аммо шу пайтгача иш топа олмай юргандим. Меҳнат ярмаркасида иштирок этиб, Қорақалпоғистон Республикаси “Маҳалла” хайрия жамоат фондига ишга йўлланма олдим. Бундан жудаям хурсандман.

Тадбирда юксак ютуқларга эришган ёшларга имтиёзли кредит асосида “Дамас” ва “Спарк” автомашиналари, шунингдек, Ёшлар иттифоқи Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши тавсиясига кўра, тадбиркорлик, фермерлик ва ҳунармандчилик сорҳасида меҳнат қилаётган 30 нафар ёшга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.       

    

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn