«Йўл харитаси» мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга хизмат қилади
  • 17 Февраль 2018

«Йўл харитаси» мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга хизмат қилади

Юртимиз қишлоқ хўжалигида жадал ислоҳотлар, ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Камҳосилли ғўза, бошоқли дон экин майдонлари қисқартирилди, 66 та туманда пахта етиштириш тугатилди, улар ўрнига мева-сабзавот, узум, полиз ва ички бозорга мўлжалланган ҳамда экспортбоп бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилаяпти.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганидек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш соҳасига интенсив усулларни, энг аввало, маҳаллий ер иқлим шароитларига мослашган қишлоқ хўжалиги экинларининг янги тур ва навларини жойлаштириш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш, ўсимликлар ҳимояси ҳамда экинларни озиқлантиришни янада такомиллаштириш каби масалаларга асосий эътибор қаратилаётир.

Мамлакатимиз тарихида биринчи маротаба такрорий экинлар 1 миллион гектардан ортиқ майдонга экилиши аграр соҳадаги катта ютуқлардан бири бўлди. Чунки шу орқали ички бозорни янада тўлдиришга, халқ фаровонлигини мустаҳкамлашга, тупроқ агроэкологияси ва унумдорлигини оширишга эришилмоқда.

Юртбошимизнинг 2017 йил 15 сентябрдаги “2018 йилда қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш чора-тадбирлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг прогноз ҳажмлари тўғрисида”ги қарорида белгиланганидек, ғўза ҳамда бошоқли дон экинлари майдонлари қисқартирилиб, 1:1 нисбатга олиб келинди. Яъни ғўза экиладиган умумий майдон 1170,5 минг гектарни, бошоқли дон экинлари майдони эса 1107,1 минг гектарни ташкил этиб, сабзавот, картошка, полиз ва озуқабоп экинларга эътибор ошди. Чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ривожига ҳам алоҳида аҳамият қаратилаяпти.

Очиқ тан олишимиз керак, айни вақтда республикамизда аграр соҳага илғор инновацион ғояларни, илм-фан ютуқларини жорий қилиш, юртимиз минтақаларидаги муаммолар ҳамда камчиликларни ўрганиш, шуларга мос равишда илмий тадқиқот ишларини олиб бориш давр талабидан ортда қолмоқда. Буни инобатга олган ҳолда, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида асосий ўринлардан бирини эгаллаган ўсимликларни муҳофазалаш йўналишида “Йўл харитаси”ни шакллантирдик.

Сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги комплексига кўплаб ноанъанавий экин турларининг кириб келиши ва ердан йил давомида самарали фойдаланиш, интенсив боғлар, токзорлар, томорқалар, ўрмончилик, манзарали боғдорчилик, иссиқхона равнақи ҳисобига ўсимликлар ҳимояси янада долзарблик касб этмоқда.

Ўсимликлар ҳимоясидаги энг асосий камчилик соҳада кучли координация ҳамда интеграциянинг сустлиги ҳисобига илм-фаннинг бу борада етакчилик қила олмаётганидир. Шу сабабли ушбу вазифа давлатимиз раҳбари томонидан академик фанга юклатилди. Бу борада мамлакатимизда илмий салоҳият, ишланмалар, инновацион технологиялар етарли. Лекин уларни амалиётга жорий қилиш ва ижро назорати, Президентимиз таъкидлаганидек, мутлақо талаб даражасида эмас. Шунинг учун мазкур жараёнга Инновацияларни ривожлантириш вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда эътибор қаратишимиз лозим. Бунда ўсимликлар ҳимоясини аниқ йўналишлар бўйича блокларга бўлиб, республика миқёсида босқичма-босқич янги, аниқ координация ва интеграция тизими ишлаб чиқилиши мақсадга мувофиқдир.

Юртимизнинг ҳар бир вилояти тупроқ-иқлим шароити ҳамда етиштириладиган асосий қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича бири-биридан кескин фарқ қилади. Шуларни инобатга олиб, биринчи навбатда, ҳар бир вилоятда “Ўсимликлар ҳимояси клиникаси”, яъни диагноз қўювчи ва даволовчи хизмат марказларини ташкил этиш масаласи давр талаби ҳисобланади. Клиникаларга имтиёзли кредитлар ажратилса, ҳар бир вилоят, туман, қишлоқ шароитидан келиб чиқиб, мутасадди ташкилот ҳамда ҳокимият назорати остида иш йўлга қўйилса, айни муддао бўлар эди. Ушбу клиникалар учун Тошкент давлат аграр университети ва бошқа олий таълим муассасаларида малакали мутахассислар тайёрлаш ҳам кун тартибига қўйилган. Бу борада кенг кўламли ишлар бошлаб юборилган.

Сўнгги йилларда мамлакатимизга ноёб мева кўчатлари, сабзавот, доривор ўсимликларнинг интенсив навлари олиб кирилмоқда. Уларнинг ҳимояси бўйича тажрибамиз етарли эмаслигини ҳам тан олишимиз керак. Чунки янги навларни етиштириш технологиялари аввалгиларидан анча фарқ қилади. Бироқ бизда катта ижодий мактаб, илмий салоҳият бор. Уларни уйғунлаштириб, мазкур ўсимликларни муҳофаза этишнинг мустаҳкам тизими босқичма-босқич яратилаяпти.

Яна бир муаммо борки, у ҳақда алоҳида тўхталиш лозим. Гап шундаки, ўсимлик ҳимояси учун ҳамма воситалар етарли, лекин уларни ўз вақтида ҳамда исталган шароитда қўллаш имконияти мавжуд эмас. Масалан, ёмғир ёққанидан кейин ёки далалар суғорилганидан сўнг пайкалларнинг қуриши кутилади. Чунки хозирча асосий ҳимоя техникаси трактор ҳисобланади. Афсуски, дала қуригунича касаллик ва ҳашаротлар ниҳолларга ўз таъсирини ўтказиб бўлади.

Албатта, тракторлар керак, аммо мобиль, тезкор сепиш, пуркаш аппаратлари ҳам жуда зарурлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатаяпти. Мисол учун, биргина бошоқли дон экинларининг офати — занг касаллигини кўз олдимизга келтирайлик. Ушбу балони ўз вақтида бартараф қилмаслик оқибатида ҳосилдорлик ўртача 30 — 40 фоиз камайиши, ҳатто бутунлай йўқотилиши ҳам мумкин. Ҳозирги даврда қишлоқ хўжалиги авиациясини ташкил этиш нисбатан қиммат ҳисобланади. Бироқ енгил учиш аппаратлари, мотодельтаплан ҳамда бошқалар бўйича тажрибаларимиз, салоҳиятимиз етарли бўлиб, мазкур модернизация масаласига ҳам жиддий эътибор қаратишни режалаштирганмиз.

Қолаверса, мевали, цитрус ва бошқа субтропик экинларнинг ноёб навлари вегетатив кўчатчилигини ривожлантириш ҳамда уларнинг ҳимоя тизимини ишлаб чиқиш бўйича ҳам илмий салоҳият ва улкан тажрибага эгамиз. Буни Хитой, Туркия, Эрон ҳамда бошқа қўшни давлатлар билан ўтказилган таҳлиллар ва тажриба алмашишлар ҳам кўрсатди. Биргина мисол: унабининг ноёб навлари кўчатчилиги билан шуғулланувчи хитойлик олимлар “Уни вегетатив усулда мутлақо кўпайтириб бўлмайди”, деб ҳисоблашарди. Улар биздаги тажрибаларни кўриб қаттиқ ҳайратланишди ҳамда ўз фикрларидан қайтганликларини билдиришди. Ёки маҳаллий лимон навларимиз ҳосилдорлиги ва сифати бўйича Туркия навларидан устунлигини фермерларимиз ўз тажрибаларида аниқ кўрсатиб бердилар. Лимон, мандарин, апельсин, ўрмончилик ҳамда манзарали боғдорчилик кўчатчилигида ҳам таҳсинга лойиқ инновацион технологиялар мавжуд бўлиб, уларни ҳимоялаш тизимида, асосан, биологик метод қўлланилмоқда. Бу эса нафақат кўчатларни валюта эвазига четдан келтирмаслик, балки уларни экспортга чиқаришга хизмат қилаяпти.

Замонавий фан ютуқлари тарғиботи ва уни оммалаштиришга ҳам “Йўл харитаси”да алоҳида эътибор берилган. Жумладан, уйғунлашган ҳимоянинг энг илғор услублари ва сўнгги илмий тадқиқотлар натижалари, биологик муҳофазанинг замонавий усуллари, қишлоқ хўжалиги зараркунандаларига қарши энтомофагларни кўпайтириш ҳамда уларни амалиётга татбиқ этиш диққат марказимизда бўлади.

Фермерлар таклифларини инобатга олган ҳолда, 10 кунлик малака ошириш, давр талабига мос сифатли ўқитиш курсларини ташкил қилиш бўйича ҳам кенг кўламли тадбирлар амалга оширилади. Бундан ташқари, Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида инновацион технологиялар, халқаро тажрибалар ҳамда илғор фермерлик амалиёти билан бевосита боғланган интерактив ўқитиш тизими йўлга қўйилади. Тааллуқли китоблар, рисолалар, тавсиялар ва қўлланмалар ҳамда тарқатма материаллар билан таъминланади.

Ўсимликлар ҳимояси бўйича режалаштирилган “Йўл харитаси” эса мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг тизимли равишда ривожланишига муайян даражада хизмат қилиши, шубҳасиз.

Ботир СУЛАЙМОНОВ,

Тошкент давлат аграр университети ректори, академик.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn