Тошкент — Андижон — Ўш — Иркиштом — Қошғар: юк ташиш муддати 10 кундан икки кунга қисқаради
  • 16 Февраль 2018

Тошкент — Андижон — Ўш — Иркиштом — Қошғар: юк ташиш муддати 10 кундан икки кунга қисқаради

Ўтган йилнинг 11 — 13 май кунлари Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига давлат ташрифи ҳамда Қирғизистон Республикаси Президентининг 5-6 октябрда мамлакатимизга ташрифи доирасида Тошкент — Андижон — Ўш — Иркиштом — Қошғар автомобиль йўлагининг очилиши хусусида ҳужжатлар имзоланган эди.
  • Ушбу келишувлар асосида 30 октябрь — 3 ноябрь кунлари уч давлат томонидан ажратилган автотранспорт воситалари иштирокида тажриба сифатида дастлабки қатнов амалга оширилди. Умумий узунлиги 920 километрлик масофа 31 соат давомида босиб ўтилган бўлса, шундан 16 соати ҳаракатга сарфланди. Автотранспортлар тезлиги эса ўртаса соатига 50-60 километрни ташкил этди. 
Кеча пойтахтимизда Ташқи савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган брифингда шулар хусусида маълумот берилди. 
Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо вазири ўринбосари Соҳиб Соифназаров, Ўзбекистон Автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғи ўринбосари Шоолим Шоваҳобов ва бошқалар бу йўналиш ўзаро савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, молия, транспорт инфратузилмасини янада такомиллаштириш, Марказий Осиё бўйлаб юк ташиш ҳажмини оширишга хизмат қилиши билан  муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидладилар. 
Қирғизистоннинг Сари-Тош қўрғони ва Иркиштом довони орқали ўтувчи мазкур йўналиш Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги энг қисқа автомобиль  йўли ҳисобланади. 
Яқинда янги транспорт йўлаги орқали экспорт-импорт юклари ташиш билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Silk Road International” қўшма корхонаси фаолияти йўлга қўйилгани эса тадбиркорларимизга янада қулайлик яратмоқда. Сабаби, мазкур жамият томонидан биринчи босқичда 80 та юк автомобили ҳаракатга чиқарилади, йил охирига бориб эса улар сони 200 тага етказилади. Талаб ва таклифга кўра, автотранспортлар сони бундан-да кўпайтирилиши мумкин.  Ушбу чора-тадбирлар натижасида йил охиригача 100 минг тонна юкни ташилиши кутилаяпти.  
Айтиш жоизки, янги маршрут ҳозирданоқ мижозларни ўзига жалб қилмоқда. Уч ойга 27 минг тонналик тўқимачилик, чарм-атторлик, қишлоқ хўжалиги ҳамда элекротехника маҳсулотлари ташиш учун буюртмалар тушгани фикримиз тасдиғидир. 
Албатта, ишбилармонликда вақт катта аҳамият касб этади. Шу маънода, юклар ушбу йўналишда аввалги 8-10 кун ўрнига 2 кунда, тезкор ҳолатда, зарурат туғилганда эса ҳатто, бир кун ичида ўз манзилига етказиб қўйилиши айни муддаодир. 
  • Шу билан бирга, ташиш хизматлари арзонлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Шундай қулай тарифлар ишлаб чиқилганки, улар 300 доллардан 500 АҚШ долларигача, йилига эса 2,5 миллион доллар маблағни тежаш имконини беради. Қолаверса, юк жўнатувчи ва қабул қилиб олувчиларга қўшимча шарт-шароитлар яратиш мақсадида Андижон вилоятининг “Ахтачи” терминал станцияси негизида Мультимодал транспорт-логистика маркази ташкил қилинди. 
Буларнинг бари минтақа мамлакатлари ҳамкорлигини келгусида янада мустаҳкамлаш, шу жумладан, Хитой — Марказий Осиё — Кавказ — Европа ва Хитой — Марказий Осиё — Афғониссон — Эрон янги трансконтинентал йўлакларини яратиш имконини имконини берувчи Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой янги темир йўл қурилишини жадаллаштиради.  Бу билан масофани 1000 километрга қисқартиради. 
Жорий йилнинг 25 февраль санасида янги йўлак бўйича дастлабки қатновлар йўлга қўйилади.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,
“Халқ сўзи” мухбири. 
 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn