Ўзбекистон ва Венгрия Европага ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари етказиб берадиган қўшма корхона очиши мумкин
  • 16 Февраль 2018

Ўзбекистон ва Венгрия Европага ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари етказиб берадиган қўшма корхона очиши мумкин

“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасида Венгриянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Петер Санто ўртаси билан учрашув бўлиб ўтди. 

Уюшма матбуот хизмати хабарига қараганда, учрашувда томонлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган юқори сифатли текстиль маҳсулотларини Венгрияга етказиб бериш йўли билан тўқимачилик ва тикув-трикотаж тармоқларида ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.

Ўтган йилда ушбу давлатга 33,8 минг АҚШ долларилик тўқимачилик маҳсулотлари сотилди. Ўз навбатида, ўзаро савдо-сотиқ соҳасида ҳали ишга солинмаган салоҳият мавжудлиги қайд этилди. 

Ўзбекистон тарафи ушбу жабҳанинг бугунги ривожланиш ҳолати ҳақида маълумот тақдим этар экан, инвестиция ва илмий-таълим йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйишни таклиф этди. Жумладан, ҳар икки давлатда тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариладиган ва уларни Европа Иттифоқига етказиб берадиган қўшма корхоналар очиш ташаббуси билдирилди.

Қолаверса, кооперация алоқаларини йўлга қўйиш ва икки давлат ҳудудида ўтказиладиган халқаро кўргазма-ярмаркаларда иштирок этиш асосида савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Элчи шу йил сентябрь ойида ўз мамлакати ишбилармонлари делегациясини Ўзбекистонга олиб келиш, 11-13 сентябрь кунларига мўлжалланган “CAITME 2018” ва “Textile Expo Uzbekistan” кўргазмаларида Венгрия бурчагини ташкил этиш бўйича билдирилган таклифларни ўрганиб чиқишга тайёр эканлигини билдирди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn