Сара уруғ — самарадорлик омили
Сара уруғ — самарадорлик омили Фото: bagiraclub.ru
  • 16 Февраль 2018

Сара уруғ — самарадорлик омили

Халқимиз ерга, деҳқончилик ва чорвачиликка ўзгача меҳр қўйган, пахтачилигу ғаллачилик, боғдорчилик ҳамда пиллачиликнинг ҳадисини олган. Буни биргина ўтган йили фермер ва деҳқонларимизнинг фидокорона меҳнати туфайли мамлакатимиз бўйича 8 миллион 377 минг тонна ғалла, 2 миллион 930 тоннадан зиёд пахта ҳосили, 12 минг 450 тонна пилла, 318 минг тонна шоли, 23 миллион тонна мева-сабзавот, 13 миллион тонна гўшт ҳамда сут маҳсулотлари етиштирилгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

2017 йилда биринчи марта ғалладан бўшаган қарийб 1 миллион гектар майдонда сабзавот, картошка, полиз ва дуккакли экинлар парваришланиб, улардан 5,5 миллион тоннадан ортиқ ҳосил олинди. Айни чоғда 34 минг гектар пахта ва 10 минг гектар ғалла майдонлари ўрнига озуқа ҳамда мойли экинлар экилиб, интенсив боғ ва токзорлар барпо қилинди. Шунинг ўзиёқ, Президентимиз эътироф этганидек, соҳанинг меҳнати қанчалик шарафли, нони эса қанчалик тотли ҳамда ширин эканини тасдиқлайди. 

Дарҳақиқат, тараққиётимиз янги босқичининг маёғи бўлмиш Ҳаракатлар стратегияси асосида қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, экспортбоп маҳсулотлар етиштириш орқали деҳқонлар даромадини ошириш борасида тизимли ишлар олиб борилаяпти. Сўнгги бир ярим йил ичида соҳанинг қонунчилик асослари инвентаризациядан ўтказилиб, такомиллаштирилди. Бу эса қишлоқ хўжалигида самарадорликни ошириш, миришкор деҳқонлар ишини енгиллаштириш, аҳолининг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун соҳага инновацияларни кенг жорий қилишни, илм-фан ва селекция ютуқларидан янада унумли фойдаланишни тақозо этмоқда. 

Экспертлар фикрича, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда илм-фан ҳаёт талабларидан орқада қолаётгани олдимизда турган жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам Президентимизнинг парламентга Мурожаатномасида селекция ишларини оқилона ва самарали йўлга қўйиш, соҳага илм-фан ютуқлари, инновацион ишланмаларни кенг жорий этиш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилган эди. Ҳозирги кунда юртимизда 51 фоиздан зиёд аҳоли қишлоқ жойларда истиқомат қилади. Бироқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 17 фоиздан ошмайди. Аграр соҳа маҳсулотларини қайта ишлаш ҳажми эса 10 фоизга ҳам етмайди. Ҳолбуки, ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 50 фоиздан ортиқни ташкил этади. Шу боис ҳам Юртбошимиз қишлоқ хўжалигини янада ислоҳ қилиш бўйича комплекс дастур ишлаб чиқиш зарурлигига алоҳида тўхталди.

Албатта, ўтган давр мобайнида мамлакатимизда селекция соҳасида муайян натижаларга эришилди. Бунда, айниқса, соҳага оид қабул қилинган элликдан ортиқ қонун ҳужжатлари муҳим аҳамият касб этди. Мазкур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳаётга татбиқ қилиниши натижасида мамлакатимизда табиий-иқлим шароитга мослаштирилган эртапишар, серҳосил навларни яратиш, кўпайтириш, қишлоқ хўжалигини юқори сифатли уруғликлар билан таъминлаш, уруғчиликда жаҳон тажрибаси ютуқларидан фойдаланиш борасида самараларга эришилгани ҳам бор гап. Масалан, ўтган йили қишлоқ хўжалиги экинлари селекцияси ва уруғчиликни комплекс ривожлантиришни янада яхшилашда замонавий ҳамда илғор агротехнологияларни жорий этиш мақсадида Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қарашли Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти томонидан 21,5 тонна сабзавот ҳамда полиз уруғлари етиштирилиб, фермер ва деҳқон хўжаликларига етказиб берилди.

Бироқ Олий Мажлис Сенатининг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари ижроси бўйича олиб борилган ўрганишлар, қолаверса, олимлар ҳамда мутахассислар билан ҳамкорликдаги изланишлар соҳада қатор муаммолар борлигини кўрсатмоқда. Масалан, соҳанинг ташкилий ва бошқарув тизими ҳозирги замон талабига тўла жавоб беради, деб бўлмайди. Уруғлик етиштирувчи фермер хўжаликлари фаолиятини мувофиқлаштириш тизими эскиргани сифатли уруғлик ҳамда пахта ва ғалла етиштиришда камчиликларга йўл қўйилишига сабаб бўлмоқда. Ўрганишларимиз ғўза, бошоқли дон экинлари уруғликларини жамғариш, қайта ишлаш, сақлаш, фермер хўжаликларига етказиб бериш ишлари қониқарсиз ташкил этилганини ҳам кўрсатди. Жумладан, уруғлик пахта ҳамда донни навлар ва авлодлар бўйича алоҳида жамғариш, амалдаги стандарт талабларига мос равишда сақлаш ҳамда қайта ишлаш жараёнларини назорат қилиш ишлари етарли даражада ташкил этилмагани оқибатида уларнинг сифатини таъминлашга эришилмаяпти. 

Яна бир мисол: кейинги йилларда республикада шоли селекцияси, уруғчилиги ва парваришлаш агротехникасида тизимли тадбирлар амалга оширилмагани, шоли майдонларининг қисқариши натижасида аҳолининг гуручга бўлган талаби қондирилмаслиги мазкур маҳсулот нархи ошишига олиб келмоқда. Ёки мамлакатимизда уруғчиликка ихтисослаштирилган  фермер хўжаликларида ем-хашак экинлари уруғчилиги бўйича вазифалар талаб даражасида бажарилмаётир. Бундан ташқари, уруғчилик ва уруғшунослик соҳасида юқори илмий малакага эга кадрлар етишмаслиги боис соҳада илмий тадқиқот ишлари етарлича олиб борилмаяпти. Бу ҳам соҳада муаммолар чуқурлашишига асосий сабаблардан биридир.

Табиийки, мазкур муаммоларни ҳал этишда давлатимиз раҳбари белгилаб берган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, аниқ чора-тадбирларни кўришнинг вақти келди. Бунда, авваламбор, мамлакатимиз турли тупроқ-иқлим шароитига мос, ҳосилдор, тезпишар, тола сифати жаҳон андозаларига мос, абиотик ва биотик омилларга бардошли ўрта ҳамда ингичка толали навлар яратишга эътиборни кучайтириш мақсадга мувофиқ. Айни пайтда элита уруғчилиги хўжаликлари фаолиятини такомиллаштириш, қишлоқ хўжалиги экинлари навларини илмий асосда жойлаштириш, алмашлаб экиш тизимини жорий этиш, тизимда назоратни кучайтириш, соҳанинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳам долзарб саналади.

Умуман, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг ҳаётга изчил татбиқ этилиши қишлоқ хўжалигида самарадорлик ва рентабелликни ошириш халқимиз турмуш даражасини янада яхшилаш, мамлакатимиз экспорт салоҳиятини юксалтиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади.

Баҳодир ТОЖИЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг

Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn