Ўрикка нарх белгиланди. У ўтган йилгидан тўрт баробар оширилган 
  • 15 Февраль 2018

Ўрикка нарх белгиланди. У ўтган йилгидан тўрт баробар оширилган 

 

Эндиликда “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси таркибидаги “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти ўрик пишиб етилишидан бир неча ой олдин деҳқонларга бўнак пулини тўлаган ҳолда уни харид қилиб олади. 

Бунда “Ўзагроэкспорт” акциядорлик жамияти деҳқон, фермер ва томорқа хўжаликларининг боғларида етиштирилган янги мавсум ўрик маҳсулотини Фъючерс, яъни олдиндан пул ўтказиш шартномаси асосида харид қилиш ҳамда “Uzagro” бренди остида экспортга йўналтириш кўзда тутилган. 

“Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси томонидан мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини оширишдаги навбатдаги долзарб масалалар тўғрисида кенгайтирилган давра суҳбатида шулар хусусида сўз юритилди. 

Жумладан, жорий йил ўрик меваси ҳосили учун, аниқроғи, 1 кг. 40+ калибрли ўрик учун тўрт баробар оширилган ҳолда, яъни 8 минг сўм нарх белгилаш, мақсадга мувофиқ деб топилди ва харидларни амалга оширилишини таъминлаш бўйича ишчи гуруҳи тузилди.

— Мақсад миришкору деҳқонларимиз даромадини оширишдан иборат, — дейди “Ўзбекозиқовқатхолдинг” холдинг компанияси бўлим бошлиғи Умид Рўзиев. — Бу усул янги мавсум ҳосилидан янада кўпроқ фойда олиш, фойдаланилмаётган майдонларга инвестиция киритиш, маҳсулот тури ҳамда ҳажмини ошириш имконини беради. Бу, ўз навбатида, ички бозорда ушбу маҳсулотларга бўлган талабни қондириш, экспорт ҳажми оширади.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон — ўрик экспорти бўйича жаҳонда иккинчи ўринда туради. Холдинг компанияси томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар асносида мазкур кўрсаткични янада ошириш режалаштирилган. Бунинг учун имконият етарли. 

Давра суҳбатида мевали боғлардан олинадиган ўрик меваларини ташқи бозорларга олиб чиқишнинг истиқболли йўлларини қўллаш, ўрикнинг етиштиришда янги технологияларни жорий этиш, пировардида халқимиз учун қўшимча даромад манбаини очиш, турмуш фаровонлигини янада юксалтириш масалаларига алоҳида урғу берилди.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn