Хом ашё эмас, тайёр маҳсулот сотамиз. Бухорода иш бошлаётган пахтачилик-тўқимачилик кластери шу мақсадга қаратилган
  • 10 Февраль 2018

Хом ашё эмас, тайёр маҳсулот сотамиз. Бухорода иш бошлаётган пахтачилик-тўқимачилик кластери шу мақсадга қаратилган

Бугун юртимизда янги ғоялар, бизнес лойиҳаларнинг ҳаётга изчил татбиқ қилинаётгани одамларда ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини кучайтираяпти. Президентимиз ташаббуси билан Бухоро вилоятида кластер усулида ишлаб чиқариш мажмуасининг барпо этилаётгани фикримизга бир мисолдир. 

Давлатимиз раҳбари 2017 йилнинг  10-11 март кунлари Бухорога қилган ташрифи чоғида мазкур лойиҳа билан танишиб, уни ҳар томонлама такомиллаштириш юзасидан зарур тавсиялар берганди. Юртбошимизнинг “Бухоро вилоятида замонавий пахтачилик-тўқимачилик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шу йўналишдаги кенг қамровли ишларга мустаҳкам пойдевор яратди. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида “ВСТ Сluster” корхонаси таркибида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Buxara Cotton Textile” қўшма корхонаси ҳамда  “BCT Cluster Agrokompleks” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

Даромад ўн беш баробар юқори

— Кластер усули, бу — бир-бирига боғлиқ корхоналарнинг ягона тизим асосида фаолият кўрсатишидир, — дейди “Buxara Cotton Textile“ қўшма корхонаси бош директори Олим Жумаев. — Лойиҳага кўра, мажмуамизда пахтани етиштиришдан тортиб, уни қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотга айлантиришгача бўлган барча жараён қамраб олинмоқда.

Кузатишлар шуни кўрсатаяптики, Европа давлатлари ҳамда АҚШда ялпи ички маҳсулотнинг салмоқли қисми кластер усулида ишлаб чиқарилмоқда. Мутахассисларимиз томонидан ушбу мамлакатлар тажрибаси атрофлича ўрганилди.

Фикримча, кластер усулининг жорий этилиши одамларимизнинг ерга бўлган муносабатини тубдан ўзгартирмоқда. Бунга уларни доимий иш ўрни ҳамда моддий манфаатдорлигини таъминлаш орқали эришилаяпти. Муҳими, хом ашёни чуқур қайта ишлаб, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулот тайёрлаш ва уни экспорт қилишдан катта даромад олиниши кутилмоқда. 

“Buxara Cotton Textile” корхонаси фаолиятига тўхталадиган бўлсак, бу ерда умумий қиймати 53 миллион АҚШ долларилик лойиҳа амалга оширилаяпти. Мавжуд иншоотларни таъмирлаш, янги бинолар қуриш ишлари давом этмоқда. Шу вақтга қадар таъсисчиларнинг ўз маблағлари ҳисобидан 9 миллиард сўмликдан зиёд бунёдкорлик юмушлари бажарилди. Германия, АҚШ, Бельгия, Франция, Япония давлатларининг дунёда етакчи ҳисобланган компаниялари билан технологик линиялар хариди бўйича шартномалар тузилди. Корхонанинг биринчи босқичида йилига 9,5 минг тонна ҳар хил турдаги калава ип, 12 миллион погон метр юқори сифатли ва табиий бўёқлардан фойдаланилган ҳолда “Denim Premium” (жинси) матоси ҳамда 1 миллион 500 мингта тайёр тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш, мингга яқин янги иш ўринлари яратиш мўлжалланган. Маҳсулотнинг асосий қисми ташқи бозорга йўналтирилади.

Дунёда “Denim Premium” матосини ишлаб чиқарувчи 5 та йирик корхона бор. Бухородаги корхона уларнинг олтинчиси бўлиши кутилаяпти. Мақсад — корхона брендини яратиш. Негаки, табиий хом ашёни ўзи етиштириб, уни тайёр маҳсулотга айлантираётган корхоналар ташқи бозорда катта муваффақиятга эришмоқда. Қиёслаш учун мисол: бир килограмм пахта толаси бугун 1,3 долларга сотилмоқда. Агар ундан жинси матоси тайёрланса, даромад камида 15 баробар ортади. Дарвоқе, корхона жамоаси тажриба тариқасида тўрт гектар майдонда индиго ўсимлигини етиштириб, яхшигина ҳосил олишди. Ундан харидоргир мато учун табиий бўёқ олинади. Қизиғи, бу экин шўрхок майдонда ҳам ўсаверади. Шу билан бирга, у ер унумдорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.

“Лойиҳанинг ноёблиги шундаки, чиқинди ҳам шу ернинг ўзида қайта ишланади” дея таъкидлашди мутахассислар. Бунинг исботи сифатида мўъжазгина харитани тақдим қилишди. Разм солдик. “ВСТ Сluster”  ихтиёридаги 8 минг гектар ердан 24 минг тонна пахта хом ашёси етиштириш мўлжалланган. У мажмуада қайта ишлангач, 8 минг тонна тола олинади. Ундан калава ип, мато ва тикувчилик маҳсулотлари тайёрланиб, ички ҳамда ташқи бозорда сотилади. Қайта ишлаш жараёнидаги иккиламчи маҳсулотларга ҳам талаб катта.

Шунинг билан бирга 10 минг бош қорамол парваришлашга мўлжалланган чорвачилик комплекси эътиборимизни тортди. Таъсисчилар унга кластернинг муҳим бўғинларидан бири сифатида қарашмоқда. 

Гап шундаки, чигит мажмуа таркибидаги корхонада қайта ишланиб, ёғ, шрот ва кунжара олинади. Бу чорвачилик комплекси учун озуқа базаси яратилади, деганидир. Ўз навбатида, етиштирилаётган гўшт ҳамда сут маҳсулотлари қайта ишланиб, колбаса, сосиска, консерва, сариёғ, пишлоқ, қатиқ, творог тайёрланади.

“Хориж тажрибасини ўргандик”

Мажмуада ғўзапоядан биогаз олиш технологияси ҳам жорий этилади. Бу ерда ҳатто чорва чиқиндиси исроф қилинмайди. Уни қайта ишлаш заводи қурилгач, 83 минг тонна биогумус, шунингдек, газ ва электр энергияси олинади. Биогумус экин майдонлари ҳосилдорлигини оширишда, газ ва электр энергияси эса мажмуада барпо этилажак 20 гектар майдондаги иссиқхонани зарур ҳарорат билан таъминлашда асқатади. 

100 минг тонна ғўзапоядан олинадиган 10 минг куб метр биогаз ҳам худди шу мақсадга йўналтирилади.

— Мен бу борадаги илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида Россия, Украина, Хитой давлатларида бўлиб, халқаро семинар-тренингларда иштирок этдим, — дейди “ВСТ Сluster”нинг инновацион лойиҳалар бўйича менежери Мақсуд Йўлдошев. — Чиқиндидан газ олиш жуда истиқболли йўналиш. Масалан, Хитойда ҳозир 20 миллион нафар аҳоли биогаздан фойдаланмоқда. Лойиҳамизга келсак, нисбатан илғор саналган Россия технологиясини қўллаш ниятидамиз.

Ўн минг кишининг бандлиги таъминланади

Қарорга мувофиқ, кластер усулида ишлаб чиқариш мажмуаси учун Ромитан туманидан 8 минг гектар экин майдони ажратилди. 5 та ҳудуддаги бу майдонлар аҳоли билан маслаҳатлашиб, 77 та участкага бўлинди. Менежер-агроном, менежер-ҳисобчи, гидротехник, механик, сувчи, механизатор каби мутахассислар ишга қабул қилинди. Ҳозирнинг ўзидаёқ 2 минг киши ишга жалб этилди. Кўклам келиши билан улар сафи янада кенгаяди. Далада меҳнат қилувчилар ойига 1 миллион сўм ва ундан ҳам кўпроқ маош олишмоқда. 

— Икки  нафар фарзандим бор, — дейди тумандаги Боғитуркон  қишлоғида яшовчи дала ишчиси Шокир Бозоров. — Илгари, очиғини айтсам, ғўзапоя учун меҳнат қилардик. Қозон қайнатай, деб олис ўлкаларга ҳам бориб келдим. Аммо ўз юртингга етмас экан. Кластер усулида ишлаш йўлга қўйилгач, энг катта ташвишим енгиллашди. Меҳнатимга яраша ҳақ олаяпман. Рўзғоримга барака кирди. Муҳими, бола-чақам билан биргаман. 

— Мутахассис кадрларни айтмайсизми, — дея суҳбатга қўшилади  бош агроном Норбой Жалилов. — Олий маълумотли қишлоқ хўжалиги ходимларининг ҳам бир қисми иложсизликдан бошқа иш этагидан тутиб кетишганди. Энди улар ҳам далага қайтди. 

“BCT Cluster Agrokompleks” масъулияти чекланган жамиятида бу йил гектаридан ўртача 45 центнердан ҳосил олиш мўлжалланаяпти. Шу мақсадда ерлар 40 — 45 сантиметр чуқурликда шудгор қилинди. Ваҳолонки, илгари бу кўрсаткич 30 — 35 сантиметрдан ошмаган. Ҳашарот уяси бўлган бегона ўтларга барҳам берилди. Маҳаллий ўғит жамғариш учун алоҳида гуруҳлар ишламоқда. Сув йўллари тозаланди. Обиҳаёт тақсимоти илмий асосда йўлга қўйилаяпти. 2 минг гектар ерда томчилатиб суғориш технологияси жорий этилади. Вильт ва бошқа касалликларнинг олдини олиш учун алмашлаб экиш режаси ишлаб чиқилди. Қишлоқ хўжалиги техника воситалари хариди бўйича шартномалар тузилди. Уларга хизмат кўрсатиш парки, намунавий дала шийпони қурилмоқда.

— Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги “Бухоро вилоятида замонавий пахтачилик-тўқимачилик кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори вилоятимиз пахтачилигида бутунлай янги даврни бошлаб берди, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан, — дейди вилоят ҳокимлиги иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш бош бошқармаси масъул ходими Аъзам Тилавов. — Унга кўра, “ВСТ Сluster” корхонаси 2017 — 2021 йилларда қиймати 123,1 миллион долларга тенг ўнта лойиҳани амалга оширади. 

Айни пайтда ушбу лойиҳаларнинг учтаси бўйича ишлар қизғин паллада. Қолган 7 тасини янада такомиллаштириш устида малакали мутахассислардан иборат лойиҳачилар гуруҳи изланишлар олиб бормоқда. Замонавий ишлаб чиқариш қувватларининг босқичма-босқич фойдаланишга топширилиши ҳудудда кўплаб ижтимоий-иқтисодий муаммоларга ечим топиш, жумладан, 10 минг кишининг бандлиги таъминланиб, турмуш фаровонлиги ортишига, экспорт ҳажми кўпайишига кенг йўл очади.

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn