“Косонсой-фарм” ЭИЗда қандай истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда? 
  • 10 Февраль 2018

“Косонсой-фарм” ЭИЗда қандай истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда? 

 

Наманган вилоятидаги “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонасида фармацевтика саноатига доир истиқболли лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 3 майдаги “Нукус-фарм”, “Зомин-фарм”, “Косонсой-фарм”, “Сирдарё-фарм”, “Бойсун-фарм”, “Бўстонлиқ-фарм” ва “Паркент-фарм” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида Косонсой туманидаги “Намуна” массивидан дори-дармон воситалари ишлаб чиқариш учун 

32,5 гектар, “Бухоро” массивидан эса доривор ўсимликлар плантациясига 100 гектар майдон ажратилиб, транспорт ҳамда муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини шакллантириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда. Мазкур ҳудудда фаолиятини йўлга қўйишни мақсад қилган 14 та тадбиркорлик субъекти ўз лойиҳаларини тақдим этган бўлиб, улардан турли дори-дармонлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш вазифаси ўрин олган.

— Эркин иқтисодий зонада барпо этаётган корхонамизда анальгин, парацетамол, диазолин сингари 50 турдаги препаратлар тайёрлаш йўлга қўйилади, — дейди “Спринг фармацевтик” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Зокиржон Мамадалиев. — 4,3 миллион АҚШ доллари қийматидаги лойиҳада кўзда тутилган тадбирлар ижроси жадал олиб борилмоқда. Қисқа вақт ичида ишлаб чиқариш бино-иншоотларининг асосий қисмини тиклашга муваффақ бўлдик. Дастлабки маҳсулотни жорий йилнинг май ойига қадар чиқаришни режалаштирганмиз. Корхона тўлиқ фаолият бошлагач, йилига 10 миллиард сўмлик дори-дармон тайёрлаш имконияти юзага келади. Технологик жараёнлар ижросига 60 киши жалб қилинади.

Тақдимот маросимида намойиш этилганидек, лойиҳаларда фармацевтика соҳасининг турли йўналишлари қамраб олинган. Масалан, “Жўрабек ота” хусусий корхонаси суртма дори воситалари, “Мед диагноз фарм” масъулияти чекланган жамияти эса тиббий лаборатория ҳамда диагностика ускуналари ишлаб чиқариш ва доривор ўсимликлар етиштириш, “Даво” хусусий корхонаси тиббий идишлар қопқоғи, тиббиёт пахтаси тайёрлашни йўлга қўйишни мақсад қилган. Асосий лойиҳаларни уч йил давомида босқичма-босқич ниҳоясига етказиш мўлжалланмоқда.

Тадбирда Наманган вилояти ҳокими Х. Бозоров иштирок этди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn