«Ўзбекистоннинг озиқ-овқат саноатидаги ютуқлари залворли ва ўрганишга муносиб»
  • 06 Июнь 2014

«Ўзбекистоннинг озиқ-овқат саноатидаги ютуқлари залворли ва ўрганишга муносиб»

Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференция мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати салоҳиятининг чинакам намойишига айланиши, шубҳасиз.

Бинобарин, ушбу нуфузли тадбирда иқтисодиётнинг муҳим таркибий қисми, инсоннинг ҳаёт даражаси ва турмуш фаровонлиги асоси бўлган айни шу соҳаларни ривожлантириш борасида тўпланган Ўзбекистон тажрибаси атрофлича ўрганилади. Бу эса халқаро миқёсда унга бўлган қизиқишни янада ошираётир. Анжуманда АҚШ, Хитой, Франция, Германия, Италия, Буюк Британия, Корея Республикаси, Австрия, Ҳиндистон, Озарбайжон, Бельгия, Болгария, Венгрия, Индонезия, Латвия, Литва, Польша ва Словакия каби давлатлардан кўплаб олимлар, экспертлар, инвесторлар ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбар ва вакиллари иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф буюргани ана шундан далолат беради.
Халқаро конференция олдидан кеча меҳмонлар гуруҳларга бўлинган ҳолда, Тошкент шаҳри ва вилояти, шунингдек, Самарқандда бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, фермер хўжаликлари, озиқ-овқат саноати корхоналари билан яқиндан танишдилар.

ТОШКЕНТ ШАҲРИ
Бугун кўҳна Тошкент нафақат ўзининг қадимий осориатиқалари, маданий ва тарихий иншоотлари, балки замонавий шаҳарсозлиги ҳамда кўркам қиёфаси, юксак иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти билан дунё аҳлини ўзига жалб этмоқда. Зеро, мустақиллик йилларидан бошлаб давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан пойтахтимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётир. Натижада шаҳарнинг қиёфаси тубдан ўзгариб, таниб бўлмас даражада кўркамлик касб этди.
Шу билан бирга, Тошкентда тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланаётгани, хорижий инвесторлар учун қулай шарт-шароитлар яратиб берилаётгани туфайли у мамлакатимизнинг йирик саноат марказларидан бирига айланди. Шунинг учун ҳам ўз фаолиятини бу шаҳар билан боғламоқчи бўлган чет эллик сармоядорлар йил сайин кўпайиб бораётир.
Дарҳақиқат, бу ерда иқтисодиётимизнинг автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, енгил саноат, электротехника, кимё, нефть-кимё, фармацевтика, ёғочни қайта ишлаш, қурилиш материаллари, мебелсозлик, айниқса, озиқ-овқат саноати тобора тараққий этмоқда. Мазкур тармоқларнинг корхоналари энг замонавий технологиялар билан қайта жиҳозлангани ва изчил модернизация қилинаётгани туфайли жаҳон бозорида харидоргир бўлган юқори сифатли маҳсулотлар тайёрлашга эришилаяпти. Уларнинг асосий қисми дунёнинг қатор давлатларига экспорт қилинаётгани, айниқса, қувонарлидир.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ўтказилаётган “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуидаги халқаро конференция иштирокчилари дастлаб “Gold Dried Fruits” масъулияти чекланган жамиятида бўлдилар.
2013 йилда ташкил этилган бу корхона Германия, Бельгия, Хитой каби давлатларнинг замонавий технологиялари билан жиҳозланган. Улар ёрдамида бир кеча-кундузда 120 тонна сабзавот қуритилаётир. Қуёш нурига тўйиб пишиб етилган, витаминларга бой, энг асосийси, экологик тоза қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатли қайта ишланаяпти. Бунинг самараси ўлароқ, у жаҳон бозорида мустаҳкам жой эгаллади. Тайёр маҳсулотларнинг 90 фоизи АҚШ, Германия, Украина сингари дунёнинг ўнга яқин мамлакатларига сотилаётгани бунинг тасдиғидир.
— Ўзбекистон ва Бельгия ўртасидаги алоқалар барча соҳалар, хусусан, иқтисодиётнинг озиқ-овқат саноатида жадал ривожланмоқда, — дейди ўарбий Фландриянинг “INAGRO” қишлоқ хўжалиги илмий тадқиқот маркази директори Мия ДЕМИЛМИСТЕР. — Буни мазкур корхона мисолида ҳам кўриш мумкин. Негаки, хом ашёни чуқур қайта ишлаш жараёнида Бельгия ускуналаридан фойдаланилаётган бўлса, қуритилган сабзавотларга бизнинг мамлакатда талаб ниҳоятда катта. Чунки серқуёш ўлкангизда етиштирилган қалампир, булғор қалампири, бақлажон, карам, қизил лавлаги — барча-барчаси витаминларга бойлиги, ажойиб мазаси билан устунликка эга. Ана шу маҳсулотларни 2 йилгача сақлаш мумкинлиги буни яққол тасдиқлаб турибди.
Долзарб мавзуда ташкил этилган конференция озиқ-овқат саноатидаги ҳамкорлигимизни янги босқичга кўтаришга, юртингиздан ишончли ҳамкорлар топишимизга хизмат қилиши билан жуда аҳамиятлидир.
Чет эллик меҳмонлар учун “Green World” ёрлиғи туширилган маҳсулотлар янгилик эмас. Нега деганда, ушбу номдаги қўшма корхонада ишлаб чиқарилаётган табиий шарбат ва нектарлар, мева-сабзавот концентрати ва қайласи, мураббо ва жемлар хорижий давлатларда анча шуҳрат қозонган. Шу боис бўлса керак, айнан мазкур тадбиркорлик субъектига ташриф буюришини эшитган соҳа мутахассислари қувончини яшира олмадилар.
— Жаҳоннинг кўплаб давлатларида бўлиб, у ерда етиштирилган меваларни, улар асосида тайёрланган маҳсулотларни татиб кўрганман, лекин ҳеч қайсиси Ўзбекистон заминида етилган неъматларнинг ўрнини боса олмади, — дейди Корея Республикасининг “OTTO Yung Heung Groceries Co., Ltd” компанияси президенти Хюнсу СЕО. — Айниқса, шарбатларини таърифлашга тил ожиз. Бизнинг компаниямиз ҳам бевосита шарбат ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилгани учун соҳани яхши тушунаман. Сизларнинг биринчи ютуғингиз қулай географик жойлашув, мўътадил иқлим бўлса, иккинчиси, давлатингиз раҳбари томонидан саноатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётганидир. Шунинг учун иқтисодиётингиз жадал суръатларда ривожланиб, халқаро миқёсдаги обрў-эътибори ортиб бормоқда. Ўз бизнесини юртингиз билан боғлашни хоҳловчи инвесторлар кўпаяётганининг боиси ҳам шу, аслида.
Корхона цехларида бўлиб, мевани қайта ишлаш жараёни билан яқиндан танишдик. Шу аснода мутахассислар билан ўзаро фикр алмашдим. Уларнинг изланишга ўчлиги, янги таъм топишга интилиши кучлилиги эътиборимни тортди. Қаранг, фақат шарбатнинг ўзидан тўрт хил бренд остида ҳар биридан 20 хил ичимлик тайёрланар экан. Атайлаб ичиб кўрдим. Бирининг мазаси иккинчисини такрорламайди. Хуллас, ўрганадиган жиҳатлар кўп экан. Ўзбекистон билан мева ва сабзавот шарбатлари ишлаб чиқариш йўналишида ҳамкорлик олиб боришга қарор қилдим.
Айни пайтда “Green World” қўшма корхонасининг Тошкент шаҳри ва Фарғона вилоятида иккита заводи фаолият кўрсатмоқда. Уларда кунига 350 тоннадан зиёд хом ашё қайта ишланаяпти. Бу жараёнда ISO 22000 озиқ-овқат хавфсизлиги ва экологик менежмент тизими жорий қилингани, маҳсулотнинг табиийлиги унинг ташқи бозорда харидоргирлигини таъминлаяпти: тайёр маҳсулотларнинг тенг ярми экспорт қилинаётир.
— Чиндан ҳам, халқаро анжуман мавзуи ўта долзарб. Бугун дунё давлатларининг аксариятида аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш, “истеъмол савати”нинг мақбул тузилмасини шакллантириш муаммо бўлиб турибди, — дейди Литва қишлоқ хўжалиги институти, Қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик илмий тадқиқот маркази директори Витаутас РУЗГАС. — Юртингизда эса қишлоқ хўжалиги экинларидан ҳар йили мўл ҳосил етиштирилиб, ички эҳтиёж таъминланаётгани, экспорт кўрсаткичи ошиб бораётгани эътиборга молик. Одамларнинг ҳаёт даражаси ҳам юқори экан. Бозорларда озиқ-овқат маҳсулотлари жуда сероб ва арзон. Бу агросаноат тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётганидан нишонадир.
Ўзбекистонга биринчи марта келишим эмас. Ўтган йили давлатингиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган “Замонавий уй-жой қурилиши — қишлоқ жойларини комплекс ривожлантириш ва қиёфасини ўзгартириш ҳамда аҳоли ҳаётининг сифатини яхшилаш омили” мавзуида бўлиб ўтган халқаро конференцияда ҳам иштирок этган эдим. Унда мамлакатингизда қишлоқларни обод қилиш, янги тураржойлар барпо этиш, қишлоқ аҳолисининг ҳаёт даражасини юксалтириш борасида оламшумул ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлганмиз. Айниқса, Президент Ислом Каримов нутқида айтилган фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган ғоялар менда ғоят катта таассурот қолдирган.
Орадан бир йил ўтиб, мана, яна мамлакатингизга ташриф буюрдик. Биз Тошкентга бундан бир неча кун аввал келганимиз учун шаҳар билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлдик. Қисқа вақт ичида кўплаб бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани, яшил майдонларнинг кенгайтирилгани, уларда нафақат дарахт ва гулзорларни суғориш, балки микроиқлим ҳосил қилиб, салқинлаштирувчи сув тизимлари ўрнатилгани, фавворалардек зилол сувнинг отилиб тургани эътиборимни тортди.
Пойтахтимиздаги қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Lazzat Karamel” қўшма корхонаси конференция иштирокчилари учун навбатдаги манзил бўлди. Энг замонавий технологик линиялар билан жиҳозланган бу корхона ташкил этилганига ҳали кўп бўлгани йўқ. Унинг дастлабки маҳсулоти 2012 йилда сотувга чиқарилган бўлса, ўтган қисқа вақт мобайнида ички ва ташқи бозорда ўз ўрнини топа олди. Ҳозирги пайтда бу ерда йилига 4 минг тонна 30 хилдаги ширинлик ишлаб чиқарилаяпти. Уларни татиб кўрган халқаро экспертлар дарҳол ҳамкорлик қилиш истагини билдирдилар.

ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ
Эрта тонгда нуфузли халқаро анжуман иштирокчилари билан биргаликда Юқори Чирчиқ туманига йўл олдик. Дастурга мувофиқ, энг аввал “Истиқлол” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги намунали лойиҳалар асосида барпо этилган кўркам ва шинам уй-жой массивида меҳмон бўлдик. Ушбу масканда қарийб етти юз оила истиқомат қилаяпти.
Меҳмонлар массивда инфратузилма объектлари, халқимизга хос ноёб институт — маҳалла фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳайратини яширолмадилар. Болалар майдончалари ва мини-футбол стадионида шўх-шодон ўйнаб юрган навқирон авлоднинг қувончига шерик бўлдилар. Хонадонларга кириб, тўкин дастурхон атрофида меҳмон бўлиб, бир пиёла чой устида оила эгалари билан суҳбат қурдилар.
— Аҳоли учун бундай қулай шарт-шароитларга эга хонадонларнинг имтиёзли нархларда қуриб берилаётгани, айниқса, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози асоратлари сезилаётган бугунги кунда таҳсинга сазовор, — дейди Буюк Британиянинг “Food sans Frontieres and Okeden Equine” компанияси директори Жоан Александр СЕФРЕ хоним. — Буларнинг барчаси юртингиз тараққиётнинг тўғри йўлидан кетаётганини кўрсатади. Хурсандчилик, ҳаётдан шукроналик ҳислари ушбу шинам тураржойларда яшаётган одамларнинг юз-кўзларида шундоқ кўриниб турибди. Шу ердаги новвойхонага кириб, саранжом-саришталикдан, қизариб пишган нонларнинг хушбўй исидан, мазали таъмидан баҳраманд бўлдик. Тўғриси, бундан олдин Ўзбекистоннинг мамлакатимиздаги элчихонасида ўзбек патиридан истеъмол қилганман. Ўшанда, албатта, юртингизга келишни дилимга туккандим. Ният холис экан, орзуим ушалди. Бизнинг компания ҳам новвойчилик ва унинг технологияларини етказиб бериш билан шуғулланади. Мазкур анжуман давомида Ўзбекистоннинг бу борадаги натижаларини яқиндан ўрганиш баробарида, тажрибамизни ўртоқлашишни ҳам режалаштирганмиз. Мана шундай имконият яратиб бергани учун Президент Ислом Каримовдан миннатдормиз.
Шундан сўнг ҳудуддаги интенсив боғлар салоҳияти меҳмонларга “Тошкент боғ-роғлари” МЧЖ мисолида тақдим этилди. Танаси кичик бўлса ҳам, меваси шиғил олма, нок, олхўри дарахтлари салобати, баравж ўсиб тургани ҳеч кимни бефарқ қолдирмади. Масъулияти чекланган жамият директори ўринбосари Холмат Багадировнинг айтишича, 50 гектар майдонда барпо этилган боғдан иккинчи йилнинг ўзидаёқ 15 тоннадан ортиқ ҳосил йиғилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 50 тоннага етиши кутилаяпти.
— Ўзбекистон давлатингиз раҳбари ташаббуси билан ушбу нуфузли конференцияга мезбонлик қилаётгани бежиз эмаслигига барчамиз гувоҳ бўлаяпмиз, — дейди Жанубий Кореянинг “DISYS” компанияси ижрочи директори Хванг Ки КИМ. — Энг замонавий усулларда яратилган бундай мевали ҳудудлар, ҳақиқатан ҳам, мафтункор. Ўз навбатида, улар муҳим озиқ-овқат захираларидир. Боғларга тежамкор ва инновацион технологиялар жалб этилаётгани эса, биринчи навбатда, кутилаётган ҳосил прогнози ишончлилигини оширади, қолаверса, сувдек энг зарур ресурсдан оқилона фойдаланишни таъминлайди. Шу ўринда бозорларингизни айланганимни айтиб ўтмоқчиман. Расталардаги гилос, ўрик, қулупнайнинг мазасини татиган киши уларни егани сари егиси келаверар экан. Жуда хуштаъм. Конференция давомида соҳага оид янгиликлар билан яқиндан бохабар бўлиш ҳамда компаниямиз имкониятларини ҳавола этишни мақсад қилганмиз. Биз фермер хўжаликларига smart, яъни ҳар томонлама қулай, тезкор, илғор, қисқача айтганда, ақлли менежмент тамойилларини татбиқ этиш билан шуғулланамиз.
Шундан сўнг Зангиота туманидаги “Master delikatesov” масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари ҳаммани ёруғ юз билан кутиб олди. Энг охирги русумдаги линиялар билан жиҳозланган завод фаолиятига мазмунли экскурсия уюштирилди.
— Тошкентга 4 июнь куни етиб келдим, — дейди Сингапурнинг “Food Expertise” компанияси менежери Дороти Нео ПОХМН хоним. — Лекин чарчоқларимни тезда унутдим. Биласизми, юртингизга биринчи келиб, тезроқ саёҳат қилиш иштиёқи жўш ургани учун эмас, балки диёрингиздаги жуда ёқимли муҳит, меҳмондўстлик фазилатлари туфайли парвоз ҳорғинлиги тарқаб кетди. Ҳамроҳларим билан “Чорсу” бозорини айландик, ўзбек миллий ошхонасига бордик. Палов, сомса, қази, ҳалимдан татиб кўрдик. Ҳаммасининг таъми тилимда қолди. Яна қувватга бойлигини айтмайсизми?! Колбаса цехида тайёрланаётган маҳсулотлар ҳам сифатлилиги, турфа хиллиги билан талабларга тўла жавоб беради.
Шу ўринда Президент Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур нуфузли анжуман кун тартиби ниҳоятда мазмунли тузилгани, ташкилотчилик савияси юқори эканлигини алоҳида қайд этишни истардим. Айни пайтда Ўзбекистон озиқ-овқат саноати ютуқларига гувоҳ бўлиш, илғор тажрибаларини ўрганишга имконият яратилганидан беҳад мамнунмиз. Зеро, юртингизнинг озиқ-овқат саноатидаги ютуқлари залворли ва ўрганишга муносиб.
Меҳмонлар тумандаги “Mehnat” масъулияти чекланган жамияти шаклидаги агрофирмага ҳам бориб, у ердаги қайта ишлаш технологиялари билан танишдилар.
Жумладан, Италиянинг машҳур “Zacmi”  компанияси асбоб-ускуналари ўрнатилган цех бошлиғи Нодир Зокировнинг қайд этишича, ўтган йили 1 млн. дона банкада консерва маҳсулотлари маҳаллий ва хориж бозорига чиқарилган бўлса, жорий йилда ушбу кўрсаткични 1,5 — 2 млн. тага етказиш режалаштирилган. 
— Экологик жиҳатдан тоза, табиий, тўйимли мева ва сабзавотларда инсон саломатлигини мустаҳкамлаш, иммунитетини оширишда жуда зарур витаминлар мавжуд, — дейди АҚШнинг Корнелл университети боғдорчилик лабораторияси бош техниги Майкл УИЛСОН. — Серқуёш юртингизда етиштирилган нафақат боғдорчилик неъматлари, балки помидор, бодринг, булғор қалампири, кулчақовоқ, сабзилар ҳам ана шундай хусусиятларга эга. Улар замонавий заводларда консервация қилинаётгани одамлар бундай неъматлардан нафақат ёз-кузда, балки қиш-баҳорда ҳам баҳра олишини таъминлайди. Бу давлат томонидан  аҳолининг сифатли озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини тўла қондириш, соғлиғини мустаҳкамлаш, мева-сабзавотларнинг сархил ҳолдаги захирасини шакллантиришга катта эътибор берилаётганини кўрсатади. Ана шундай бетакрор, йилдан-йилга ўзгариб, кўркамлашиб бораётган диёрингизга анжуман туфайли яна бир бор ташриф буюрганимдан ғоят шодман. Конференция эса дунё озиқ-овқат бозори тенденциялари, соғлом ва барқарор овқатланиш кўрсаткичлари, жабҳадаги молиявий-инвестициявий алоқалар, илм-фаннинг илғор ютуқлари, мева-сабзавот ва узумни сақлаш, логистика хизматлари каби долзарб йўналишлардаги қимматли маълумотлар, янгиликлар, тажрибаларнинг стратегик платформасига айланиши, шубҳасиз.
Сафар давомида меҳмонлар пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари, жумладан, “Ҳазрати Имом” мажмуаси, Темурийлар тарихи Давлат музейи, “Фарҳод” бозорига ҳам ташриф буюриб, у ердаги обидалар, экспонатлар, бунёдкорлик иншоотларини томоша қилдилар.  

САМАРҚАНД
Ер юзининг сайқали, “ўарбда Рим, Шарқда Самарқанд” дея таърифланган афсонавий шаҳар нафақат илму маърифат бешиги сифатида маълум ва машҳур, балки ўзига хос иқлими, табиати, ҳосилдор ери, зилол суви, кўркам боғлари, ширин-шакар меваларию бетакрор сабзавотлари билан ҳам азал-азалдан эътироф этилган. Хусусан, Амир Темур бобомизнинг мазкур гўшада бунёд қилган боғларининг тавсифини билмаган, эшитмаган киши бўлмаса керак. Зеро, Соҳибқирон бобомизнинг табиатни, инсонни соғломлаштириш, чўл-биёбонларни ободонлаштириш ва деҳқончиликни ривожлантириш борасида жуда кўп ҳикматли сўзларни мерос қилиб қолдирганлиги ҳам бежиз эмас.
Хорижлик меҳмонлар Самарқандга ташрифи чоғида қўшма корхона, илғор фермер хўжаликлари, ишлаб чиқариш субъектларини бориб кўрдилар. Жумладан, улар Самарқанд туманида жойлашган “Оҳалик олтин боғи меваси” фермер хўжалиги, “Агромир Групп” компанияси ҳамда “Sam Ros Xolod” қўшма корхонасида бўлиб, юртдошларимизнинг ишлаш шароити, тажрибаси билан яқиндан танишдилар.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, “Оҳалик олтин боғи меваси” фермер хўжалиги тасарруфидаги 680 гектар майдонда олма, гилос ва бошқа мевали дарахтларнинг пакана ва яримпакана кўчатлари Германия, Польша, Греция ва Сербия давлатларидан келтириб экилган. Корхонада ҳосилдорлик гектар ҳисобига 2011 йилда 8, 2012 йилда 12, 2013 йилда 18 тоннани ташкил этган бўлса, 2014 йилда ушбу кўрсаткичнинг 25 тоннага етказилиши кўзда тутилмоқда. Ҳозирги кунда 143 нафар киши меҳнат қилаётган корхонада етиштирилаётган мевалар дунёнинг 6 та мамлакатига экспорт қилинади.
—    Ўзбекистон ҳақида кўп эшитганман, — дейди Франциянинг “Рepinieres Mercier” компанияси президенти Мигель МЕРСИЕ. — Тошкент, Хоразм, Бухоро, Хива каби шаҳарларнинг довруғи ҳақида анча-мунча маълумотга эгаман. Шу боис Президентингиз ташаббуси билан ташкил этилган анжуманга таклиф қилинганимдан бағоят мамнунман. Самарқандни кўриш энг катта орзуим эди. Ушбу конференция шарофати билан Ўзбекистонга, шу жумладан, эртакмонанд Самарқанд заминига келганимдан ниҳоятда хурсандман. Бу шаҳар тасаввуримдан ҳам ортиқ муаззам ва мунаввар экан. Тилларда достон тарихий обидалар — Амир Темур мақбараси, Регистон майдонини  кўриб, қанчалик ҳайратланган бўлсам, замонавий иншоотлар ҳам шу қадар ҳавасимни келтирди. Бозорлардаги тўкинликдан кўзларим қамашиб кетганини-ку, айтмай қўя қолай. Умуман, қаерга бормайлик, ана шундай ҳайратлар оғушида қолдим. “Оҳалик олтин боғи меваси” фермер хўжалигида эса қизғин иш жараёнига гувоҳ бўлиб, англадимки, Ўзбекистон қисқа фурсатда энг илғор мамлакатлар қаторига чиқиб олгани бежиз эмас экан.
Самарқандда биз қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида қад ростлаётган уйларни ҳам бориб кўрдик. Ўн беш йил муддатга, энг кам фоизли кредит эвазига қурилиб, фойдаланишга топширилган хонадонлардаги замонавий шарт-шароитдан кўнглимиз яйради. Аҳоли учун бундай шароитлар яратиб берилаётгани мамлакатингизнинг  мустаҳкам тараққиёт йўлидан бораётганлигини тасдиқлайди. Буларнинг барчаси Президент Ислом Каримовнинг узоқни кўзлаб юритаётган оқилона сиёсати маҳсулидир, десам, асло янглишмайман.     
Чет эллик мутахассислар эътиборини тортган “Агромир Самарқанд” қўшма корхонаси ҳам иқтисодий бақувват субъект сифатида ном қозонган. 2002 йилда ташкил этилган ушбу корхона мева-сабзавот консерваси, шарбатлар ҳамда нектарлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган. Компания 32 та бино ва 10 та қурилмадан иборат 4 та технологик ишлаб чиқариш цехини ўз ичига олган. Бу ерда иш сифати ва унумдорлигини янада яхшилаш мақсадида Швейцария, Германия, Италия каби давлатларнинг илғор технологиялари ўрнатилган бўлиб, 519 киши меҳнат қилмоқда. Компания сифат менежменти бўйича ISO 9001:2008 халқаро сертификатини қўлга киритгани эътирофга лойиқ.
Дунёнинг турли давлатларидан келган мутахассисларнинг Самарқанд туманида жойлашган машҳур қўшма корхоналардан яна бири — “Sam Ros Xolod”га ташрифи иш қизғин бораётган паллага тўғри келди. Мазкур қўшма корхонанинг 2008 йилда фойдаланишга яроқсиз, тошлоқ жойдаги 5,24 гектар ернинг ўзлаштирилиб, хорижий инвестиция эвазига Германия ва Хитойдан келтирилган замонавий технологиялар асосида қаддини тиклаб олганлиги тўғрисидаги маълумотлар меҳмонларни ҳайратга солди.
—    Давлатингиз раҳбари Ислом Каримов ташаббуси билан ташкил этилган мазкур конференция ўзининг долзарблиги билан ниҳоятда катта аҳамиятга молик, — дейди Италиянинг Флоренция провинцияси кенгаши аъзоси, “II Santuccio” ассоциацияси раиси Леонардо КОМУЧЧИ. — Ушбу нуфузли тадбирда қатнашаётганимдан беҳад хурсандман. Чунки бу ерга келиб, тажрибали боғбону миришкор деҳқонлар билан суҳбатлашдим. Уларнинг фикр-мулоҳазалари менда катта қизиқиш уйғотди. Юртимга қайтгач, ана шу тавсия ва кўрсатмалар асосида бир боғ ташкил қилишни дилимга тугиб қўйдим. Қолаверса, Ўзбекистондаги тўкин-сочинлик, фаровон ҳаёт тўғрисида мақолалар ёзмоқчиман. Шунингдек, яқинларимга, ҳамкасбларимга афсонавий Самарқанднинг маҳобатли обидалари ҳамда бугунги тараққиёти ҳақида, бу ерда фаолият кўрсатаётган улкан корхоналар, ёш-ёш ишчилар, уларнинг билимдонлиги, ғайрат-шижоати хусусида фахру ифтихор билан  гапириб бераман.
Ўзбекистон нафақат саховатли замини, тотли мева-сабзавотлари, балки қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналари ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш саноатининг ривожланаётгани билан ҳам фахрланса арзийди. Мамлакатингизнинг ушбу йўналишда фаолият юритадиган фирма ва компаниялари билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, муайян келишувларга эришиш имконига эга бўлганимиз учун ташаккур изҳор қиламан.

Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
Саид РАҲМОНОВ,
Саиджон МАХСУМОВ,
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn