Сайёҳлик равнақи маҳаллий бюджетга қўшимча даромад келтиради
  • 09 Февраль 2018

Сайёҳлик равнақи маҳаллий бюджетга қўшимча даромад келтиради

Туризм — иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларидан бири саналади.

Юртимизда 7 минг 330 дан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд ва уларнинг аксарияти ЮНЕСКО рўйхатига киритилган. Мамлакатимизнинг бетакрор табиати, гўзал дам олиш зоналари имкониятларидан фойдаланиб, янги туристик йўналишлар очиш мумкин.

Кейинги пайтларда юртимизда ушбу соҳага жаҳон брендларини фаол жалб этган ҳолда, зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бошқа тармоқларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Президентимизнинг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони туризм салоҳиятини, биринчи навбатда, инвестицияларни фаол жалб қилиш, соҳага инновацион ғоя ва технологияларни жорий этиш, шунингдек, мамлакатнинг бой табиий, маданий ҳамда тарихий меросининг мавжуд ресурслари ва имкониятларидан ҳар томонлама фойдаланиш ҳисобига ривожлантириш учун янада қулай шароитлар яратишни кўзда тутади. 

Ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбарининг топшириқлари асосида Хоразм, Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах ва Фарғона вилоятларида туризм инфратузилмасини яхшилаш, янги сайёҳлик йўналишларини ташкил этиш ҳамда ҳудудларнинг туризм салоҳиятини кенг тарғибот қилишга қаратилган дастурлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича, яъни Европа, Осиё ва бошқа қитъалардан келадиган сайёҳлар учун махсус дастурлар ишлаб чиқиш, чартер рейслар ва темир йўлларда қатновлар сонини кўпайтириш, туризм ривожланган хорижий мамлакатлар тажрибасини ўзлаштириш, ички туризмни ривожлантириш, сайёҳлик объектларини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида жойларда лойиҳалар амалга оширилаётгани қувонарлидир.

Эътиборли жиҳати, ушбу Фармонга биноан, 2018 йил 10 февралдан бошлаб Ташқи ишлар вазирлигига туристик ваучерни ёхуд Ўзбекистон Республикасига таклиф қилаётган юридик ёки жисмоний шахснинг мурожаатномасини тақдим этишга оид талаб бекор қилинди ҳамда 39 давлат фуқаролари учун ҳужжатларни қабул қилиш куни ҳисобга олинмаган ҳолда, икки иш куни мобайнида визани расмийлаштиришни назарда тутадиган туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби жорий қилинди. Туризм соҳасидаги тадбиркорлик фаолияти субъектларига имтиёзлар берилди. Бундан ташқари, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” номи остида мамлакат бўйлаб таништирув саёҳатлари ва турларини шакллантиришнинг кенг миқёсли дастури қабул қилинди. Ушбу дастур доирасида ўқувчи ва талабалар, меҳнат фахрийлари, ишчи-хизматчилар, маҳаллалар фаоллари, аёлларимиз, қисқаси, барча аҳоли қатлами мамлакатимиз бўйлаб саёҳат қилиш имкониятига эга бўлади. Айниқса, ногиронлиги бўлган болалар ва кам таъминланган оилалар фарзандлари учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан бундай саёҳатларни ташкиллаштириш чин маънода юртимизда олиб борилаётган инсонпарварлик сиёсатининг яққол кўринишидир.

Ички туризмни ривожлантириш учун юртимиз ҳудудларида меҳмонхоналар, йўллар, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмаларини қуриш бўйича инвестиция лойиҳаларини биргаликда молиялаштириш мақсадида туризм соҳаси тадбиркорлик субъектларига кредит маблағлари ажратиш учун Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг кредит линиялари очилаяпти. Бу тадбиркорлик субъектлари учун жуда катта имкондир.

Юртимизда сайёҳликни ривожлантиришга қаратилган кўплаб вазифалар белгиланган ушбу Фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2018 йил 6 февралда Президентимизнинг “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2018 йил 1 майдан бошлаб транзит бўйича ҳаракатланаётган хорижий йўловчиларга келишлари билан 72 соат муддатга қисқа муддатли кириш визаларини бериш жорий этилиши кўзда тутилмоқда. Шунингдек, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАКга қатновлар рақобатдошлигини таъминлаш мақсадида халқаро қатновлар учун авиачипталарни таннархидан паст нархларда сотиш ҳуқуқи берилди. Албатта, бундай чора-тадбирлар юртимизга келиш истагидаги хорижлик сайёҳлар учун қулай шароит яратади. Айни пайтда ички туризмни ҳам жадал ривожлантиришга туртки беради. 

Давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармон ва қарори ижросини таъминлаш ҳар бир вазирлик ҳамда идора, ҳудудлар раҳбарларининг масъулиятини янада кучайтиришни талаб қилади. 

Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Бугунги кунда қадим Хоразм тупроғида нафақат Хива шаҳри, балки вилоятдаги бошқа тарихий-меъморий масканларга ҳам кўплаб хорижлик сайёҳлар ташриф буюрмоқда. Ана шундай тарихий масканлардан бири Ҳазорасп тумани марказидаги “Сулаймон қалъа” археологик ёдгорлигидир. Ўтган даврда қадим қалъани таъмирлаш, сайёҳлар учун хизмат кўрсатиш шохобчаларини барпо этиш, ободонлаштириш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилди ва айни пайтда бу ишлар қизғин паллага кирган. Ҳукуматимиз томонидан белгиланган дастур доирасида қадим қалъа деворларини таъмирлаш, бу ерда меҳмонхона, амфитеатр қуриш, қалъа атрофида ҳунармандчилик устахоналари ташкил этиш каби бунёдкорлик ишларини олиб бориш режалаштирилган.

Мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларидан ташриф буюрадиган сайёҳларни қабул қилиш, уларнинг саёҳатлари кўнгилли ўтишини таъминлаш учун имкониятимиз етарли. Шаҳарчамизда тадбиркорлар томонидан барпо этилган меҳмонхоналар мавжуд, замонавий овқатланиш шохобчалари хизматга тайёр. Тарих фани ўқитувчиларидан қадим қалъа тарихини яхши биладиган йўлбошловчи — гидларни тайёрлашга ҳам эътибор қаратилаяпти. 

Юқорида номи келтирилган ҳужжатлар ижросини таъминлаш орқали мамлакатимизда туризм салоҳиятини янада оширишга ўз ҳиссамизни қўшамиз. Бой тарихий меросимизнинг муҳим бўлаги ҳисобланмиш осориатиқаларимиз, тарихий-меъморий обидаларимиз, зиёратгоҳларимиз, мафтункор табиатимизни кенг намойиш қилсак, маҳаллий ва хорижий сайёҳларга танита олсак, туристлар оқими тобора кўпайиб бораверади. Шу орқали маҳаллий тадбиркорларимиз ўз фаолиятини янада кенгайтиради. Сайёҳлик ривожланган жойда эса маҳаллий бюджетга қўшимча даромад келади. Ана шуларга эришсак, юртимизни яқин келажакда энг кўп турист ташриф буюрадиган давлатлар қаторига олиб чиқиш, ички туризмни янада ривожлантиришга эриша оламиз. Яратилаётган бундай шароит ва имкониятлар Ўзбекистонимизни жозибали сайёҳлик масканларидан бирига айлантириши, шубҳасиз.

Ўктамбой ҚУРБАНОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси,

Ҳазорасп тумани ҳокими.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn