Осиё тараққиёт банкининг минтақавий департаменти директори ўзгарди
  • 08 Февраль 2018

Осиё тараққиёт банкининг минтақавий департаменти директори ўзгарди

Вернер Липак Осиё тараққиёт банкининг Марказий ва Ғарбий Осиё бўйича департаменти бош директори этиб тайинланди. Ундан олдин бу лавозимни Шон О’Салливан эгаллаб турганди. Бу ҳақда ОТБ матбуот хизмати хабар берди.

Липак бош директор сифатида Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Покистон, Озарбайжон, Грузия, Арманистон, Афғонистон каби минтақадаги 10 давлатда ушбу молия муассасаси фаолиятини бошқаради. Жумладан, у айни пайтда ОТБнинг 155 та лойиҳасини ўз ичига олган 18,6 миллиард АҚШ долларига тенг портфелини амалга оширилишини назорат қилади. 

Қайд этилишича, янги бош директор, шунингдек, банкнинг Марказий Осиё минтақавий иқтисодий ҳамкорлик дастурлари доирасидаги ишларига раҳбарлик қилади. Эслатиб ўтамиз, бу Осиёдаги минтақавий ҳамкорлик йўналишидаги энг йирик дастурлардан бири ҳисобланади.

“Марказий ва Ғарбий Осиё улкан ўзгаришларни бошдан кечирмоқда. Зеро, ушбу минтақада савдо-сотиқ кенгайиб, қашшоқлик даражаси қисқараяпти, — деб ҳисоблайди Вернер Липак. — ОТБ физик ва ижтимоий инфратузилмаларнинг ўзаро боғлиқлигини ошириш ҳамда яхшилаш ҳисобига инклюзив ўсишни таъминлаш мақсадида бутун минтақани ривожлантириш бўйича ҳукуматлар ва ҳамкорлар билан ишлашни давом эттиради”. 

Бунгача у ушбу департаментда бош директор ўринбосари ва бош маслаҳатчиси лавозимларида ишлаган. У 2011 — 2017 йилларда ОТБнинг Покистон бўйича доимий вакили бўлган. Умуман, мазкур муассасада 1992 йилдан буён фаолият юритаяпти.

Бу соҳада 1987 йилда ёш мутахассис сифатида иш бошлаб, узоқ йиллар давомида юқори лавозимларни эгаллаб келган собиқ раҳбар Шон О’Салливан эса нафақага чиқди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn