«Шанба кунидан бошлаб Ўзбекистонга бориш учун виза талаб қилинмайди»
  • 08 Февраль 2018

«Шанба кунидан бошлаб Ўзбекистонга бориш учун виза талаб қилинмайди»

Президентимиз томонидан туризмни ривожлантириш бўйича қабул қилинган янги ҳужжатлар Индонезия, Туркия ва бошқа давлатлар оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев сўнгги кунларда бир қатор муҳим ҳужжатларни имзолади. Улар Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратишга қаратилгандир. Ушбу ҳужжатлар, тасдиқланган комплекс чора-тадбирлар чет эл оммавий ахборот воситаларида катта қизиқиш уйғотди.

“The Jakarta Post” нашри ўз ўқувчиларига Ўзбекистон шу шанбадан бошлаб Индонезия фуқаролари учун янги миграция сиёсатини жорий этаётганини маълум қилди. Унда айтилишича, Индонезия фуқаролари 30 кун мобайнида Ўзбекистонда визасиз бўлишлари мумкин. Худди шундай имкониятлар яна 6 та мамлакат аҳолиси учун тақдим этилаяпти. Ўзбекистон, ўз навбатида, Европа иттифоқи, Америка Қўшма Штатлари, Канада, Шарқий Осиё ва Яқин Шарқнинг бир қатор давлатлари учун ҳам туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартибини киритди.

Индонезиянинг яна бир интернет манбаи — kompas.com сайти Ўзбекистонга мунтазам авиақатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар ҳаво кемалари экипажининг аъзолари ҳам визасиз режим имкониятларидан фойдаланиши мумкинлигини қайд этган. Мамлакат, шунингдек, электрон кириш визаларини расмийлаштириш учун янги технологияларни жорий қилишни режалаштирмоқда, деб ёзади нашр.

Туркиянинг етакчи ахборот агентлиги — “Анадолу” Ўзбекистон Туркия фуқаролари учун ҳам 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилаётгани ҳақида хабар тарқатди. “TRT” телерадиокомпанияси мазкур хабарни ўз расмий сайтида эълон қилди. Унда таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркия, Индонезия, Жанубий Корея, Малайзия, Сингапур, Япония ва Исроил фуқаролари учун 10 февралдан визасиз режимни татбиқ этиш тўғрисида Фармонни имзолади.  Ҳужжат билан 39 та мамлакат фуқаролари учун туризм визаларини расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби киритилди. Визалар ҳужжатларни қабул қилиш куни ҳисобга олинмаган ҳолда икки иш куни мобайнида расмийлаштирилади. Бунда визасиз режим муддатида туристик ваучер ёхуд юридик ёки жисмоний шахс таклифномасини тақдим этишга оид талаб бекор қилинди.

Озарбайжоннинг “Trend” ахборот агентлиги эса мазкур соҳадаги яна бир муҳим янгиликка эътибор қаратди. Ўзбекистон транзит сайёҳларга махсус хизматларни тақдим этади. Бундан буёғига транзит орқали ўтаётган сайёҳлар аэропортда вақтини беҳуда сарфламасдан, Ўзбекистон ҳаёти билан янада яқинроқ танишиш имконига эга бўлишади. Трансфер ёки транзит бўйича ҳаракатланаётган хорижий йўловчиларга экскурсия хизматларини кўрсатиш бўйича технология ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Агентлик журналисти келтирган статистика маълумотларида айтилишича, 2017 йилда Ўзбекистонга ташриф буюрган сайёҳлар сони 2,5 миллион нафардан ортиқни ташкил қилди. Бу 2016 йилдагига қараганда 24 фоиз кўпдир. Ўтган йили 100 дан ортиқ меҳмонхоналар фаолияти йўлга қўйилди. 130 га яқин тадбиркорлар туроператорлик фаолиятини амалга ошириш учун лицензия олди. 2017 йилнинг ўзида туризм саноати қонунчилик базасини мустаҳкамлаш мақсадида 22 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Президентимизнинг бир қатор давлатлар фуқаролари учун визасиз режимни жорий этишга доир Фармони ҳақида “ca-news.org” портали ҳам ёзди. Шундай қилиб, Ўзбекистонга визасиз келиши мумкин бўлган давлатлар сони 16 тага етди.

Ҳозирги кунда визасиз режимдан Арманистон, Беларусь, Грузия, Молдова, Озарбайжон, Россия, Украина, Қирғизистон, Қозоғистон фуқаролари фойдаланиб келади (60 кунгача). Нашрда қайд этилишича, ўзбекистонликлар ҳам ушбу мамлакатларга визасиз ташриф буюришлари мумкин. Жорий йил 10 февралдан 39 та давлатга туризм визаларини расмийлаштиришнинг янги тартиби киритилиши асносида Ўзбекистон билан соддалаштирилган виза режимига эга мамлакатлар сони 15 тадан 51 тага кўпайди. Бундан ташқари, Ўзбекистон 1 майдан бошлаб транзит бўйича ҳаракатланаётган хорижий йўловчиларга келишлари билан 72 соат муддатга қисқа муддатли кириш визалари беришни жорий қилади. Бу чоралар Шавкат Мирзиёев имзолаган ҳужжатларида кўзда тутилган. Материалда қайд этилишича, мазкур ҳужжатлар республикага туристлар оқимини кўпайтириш, кириш туризмини миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бирига айлантиришга қаратилган.

 

Р. АЛИШЕРОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn