400 дан ортиқ шартномалар имзоланди
Версия для печати
  • 06 Июнь 2014

400 дан ортиқ шартномалар имзоланди

Президентимизнинг 2013 йил 12 июлдаги “2013 — 2015 йилларда Тошкент вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш дастури тўғрисида”ги қарори ҳудуднинг иқтисодий тараққиётида, чин маънода, юксалиш босқичини бошлаб берди.

Унга мувофиқ, айни пайтда воҳада янги ишлаб чиқариш лойиҳаларини рўёбга чиқариш, саноат тармоқларини модернизациялаш ҳамда техник ва технологик янгилаш олиб борилмоқда.
Яқинда пойтахтимиздаги “Ўзкўргазмасавдо” мажмуасида бўлиб ўтган вилоят ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси пойтахт вилоятининг саноат салоҳиятини ривожлантириш борасида қўлга киритаётган ютуқларининг ўзига хос намойиши бўлди.
— Мамлакатимизда тайёрланаётган саноат маҳсулотларининг 14,4 фоизи вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади, — дейди вилоят иқтисодиёт бошқармаси масъул ходими Равшан Мамасолиев. — Қувонарлиси, кейинги йилларда тармоққа қаратилаётган эътибор, тадбиркорларга яратилаётган қулайлик ва имтиёзлар туфайли ишлаб чиқаришда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар салмоғи ортаётир.
Ярмарка ҳам бунинг тасдиғи бўлди. Унда  150 дан зиёд корхонанинг 260 га яқин маҳсулотлари намойиш этилди.
Икки кунлик тадбир ишлаб чиқарувчилар ҳамда истеъмолчилар ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтади. Тадбиркорлар маҳаллий хом ашёлар, бутловчи буюмлар, қурилиш материалларини тўғридан-тўғри шартнома асосида “биринчи қўл”дан харид қилиш имконига эга бўлдилар. Буни ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси давомида 23 миллиард сўмликка яқин 400 дан ортиқ шартномалар имзоланганидан ҳам кўриш мумкин.

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn