«Инвестиция портали» ташкил этилади, тиббий ёрдам сифати ошади
  • 08 Февраль 2018

«Инвестиция портали» ташкил этилади, тиббий ёрдам сифати ошади

Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган дастуриламал ҳужжатдир. Унинг самарали ва сўзсиз бажарилишида депутатлар ва депутатлик бирлашмаларининг иштирокини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ҳамда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияларидан иборат Демократик кучлар блоки йиғилиши шу масалаларга бағишланди.

Асосий эътибор давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини кафолатлаш, иқтисодиётни ва ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлашда Демблок томонидан амалга оширилиши лозим бўлган амалий чора-тадбирларга қаратилди.

Хусусан, Қонунчилик ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини ишлаб чиқишда Демблок аъзолари, энг аввало, қонунчилик соҳасидаги миллий тажриба, шу билан бирга, ривожланган хорижий давлатларнинг илғор амалиётини чуқур таҳлил қилиш асосида адолатли, халқчил ва ҳаётий қонун ҳужжатларини яратишнинг замонавий усуллари ҳақидаги таклифларни илгари суришда фаол қатнашади. Айни чоғда депутатлар Ўзбекистон Республикасининг Инновацион ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар самарали натижа беради, деб ҳисоблайди.

Йиғилишда Давлат дастурининг учинчи бандида белгилаб берилган устувор вазифалар ЎзЛиДеП сайловолди платформасига тўла ҳамоҳанг экани айтиб ўтилди. Айниқса, интернет тармоғида “Инвестиция портали”нинг ташкил этилиши алоҳида аҳамиятга эга. Бу, депутатларнинг фикрича, маҳаллий ва хорижий инвесторларни зарур статистик ахборот, бизнесни юритиш учун яратилган шарт-шароитлар билан таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Давлат дастуридаги ижтимоий соҳани ривожлантириш, миллий манфаатлар устуворлигини таъминлаш “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди платформасига тўлиқ мувофиқ келиши иштирокчилар томонидан таъкидланди. Ўз навбатида, улар оналар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш, давлат-хусусий шериклик шартларида янги мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, маданий ва археология мероси объектларини асраб-авайлаш, улардан оқилона фойдаланиш ҳамда инфратузилмани ривожлантириш тизимини такомиллаштириш сингари истиқболда кутилаётган лойиҳалар тўғрисида ҳам тўхталиб ўтдилар.

Президентимизнинг шу йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг ва 6 февралдаги “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятига депутатлар алоҳида аҳамият қаратишди. Қайд этилганидек, мазкур ҳужжатларда белгиланган вазифаларнинг бажарилиши ҳамда ижросини назорат қилишда Демократик кучлар блоки фаол қатнашади.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn