“Bekman Plyus” МЧЖ маҳсулотлари нимаси билан ички бозорда ўз ўрнини топмоқда? 
“Bekman Plyus” МЧЖ маҳсулотлари нимаси билан ички бозорда ўз ўрнини топмоқда?  Фото: Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.
  • 05 Февраль 2018

“Bekman Plyus” МЧЖ маҳсулотлари нимаси билан ички бозорда ўз ўрнини топмоқда? 

 

Ҳеч бир соҳада инновацияларни қўлламасдан туриб муваффақиятга эришиб бўлмайди. Бинобарин, Президентимизнинг жорий йил 22 январдаги “2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги Фармонида ҳам мана шу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилгани бежиз эмас.

Шу маънода, ташаббус ва илғор ишланмалар эндиликда барча соҳада талаб этилаётган энг муҳим  вазифалардан бирига айланмоқда. Пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги “Bekman Plyus” масъулияти чекланган жамиятида ана шундай тамойилга қатъий амал қилиб келинади. Бу эса муваффақиятлар гарови бўлмоқда.

— Корхонамизда 60 га яқин тиббиёт буюмлари, хусусан, варикозга қарши гетралар, умуртқа поғонаси учун бандажлар, операциядан кейин, спорт машғулотлари давомида ишлатиладиган  тасмалар ишлаб чиқарилади, — дейди жамият раҳбари Абдуманноп Ҳамидов. —  Энг муҳими, биз маҳсулотларимизни тўлиқ маҳаллий хом ашё —  пахтадан тайёрлаймиз. Бу уларга талабни оширмоқда. Чунки улар инсон саломатлигига ҳеч қандай ножўя таъсир кўрсатмайди.

Биласизми, бу каби тиббиёт буюмлари яқин-яқингача хориждан келтириларди. Нархи ҳам арзон эмас. Масалан, кўкрак қафасига мўлжалланган бандажнинг бир донаси илгари 100 АҚШ доллари атрофида Ҳиндистондан олиб келинган. Биз таклиф қилаётган худди шундай маҳсулот баҳоси эса 39 минг сўм. Қолаверса, хориж маҳсулотлари, асосан, сунъий толадан тайёрланаётгани туфайли улар ички бозордаги рақобатга дош беролмаяпти. Нега деганда, охирги уч йилда бу борадаги эҳтиёж маҳаллий маҳсулотлар эвазига тўлиқ қондирилаяпти.  

Айни пайтда корхонада 40 нафар ишчи-ходим меҳнат қилаётган бўлса, улар томонидан буюртмачиларга йилига 5 миллиард сўмлик маҳсулот етказиб берилмоқда. Лекин бу кўрсаткич янада ошади.  Яъни корхона жамоаси шу кунларда қўшимча жой олиш, фаолиятини кенгайтириш ҳаракатида. Бу лойиҳа доирасида  йил охиригача қўшимча 12 та янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилиб, 30 га яқин кишиларнинг бандлиги таъминланади. 

Корхонанинг ҳар бир маҳсулоти жамоа ғояси асосида яратилади. Жумладан, яқинда тайёрлаш ўзлаштирилган фиксатор елка чиққанда тақилади. Ундан махсус гипс ўрнида фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, у чап ва ўнг қўл учун мослаштирилади. 

Амалиётга жорий этилаётган янгиликлар туфайли маҳаллийлаштирилаётган янги маҳсулотлар турли танлов ва кўргазмаларда муносиб эътироф этилган. Халқаро сифат сертификатини қўлга киритган.  Шу боис айни пайтда корхонада маҳсулотларни Россия, Қозоғистон каби давлатларга экспорт қилиш режалаштирилмоқда. 

Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ислоҳотлар кўлами, айниқса, кейинги йилларда янги босқичга кўтарилди. Давлатимиз раҳбари Фармонида бунинг учун қулай ҳуқуқий, ташкилий шароитлар яратиш, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий қилиш, соҳа вакилларини ҳимоялашнинг ҳуқуқий кафолатларини яратиш ҳамда улар фаолиятига ноқонуний аралашишларнинг олдини олиш механизмларини бундан кейин ҳам изчил давом эттириш лозимлиги белгилаб қўйилди. Демак, ишбилармонларимиз сафи кенгайиб, ички бозоримиз сифатли маҳсулотлар билан бойиб бораверади. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn