Иссиқхоналар ноодатий усулда иситилади
  • 02 Февраль 2018

Иссиқхоналар ноодатий усулда иситилади

Муборак иссиқлик маркази корхонасида иккиламчи манбадан фойдаланган ҳолда, иссиқхоналарда сабзавот маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилди. Бунга инновацион технология ва ишланмаларни амалиётда кенг қўллаш орқали эришилди.

Гап шундаки, мазкур марказ ҳудуддаги йирик заводни буғ билан узлуксиз таъминлайди. Бу иссиқлик энергиясидан зарур мақсадда фойдаланилгач, у қайта буғлантириш учун сув шаклида марказга юборилади. Аҳамиятли томони шундаки, иссиқлик марказидан саноат корхоналарига юбориладиган иссиқ сувнинг иккиламчи буғи иссиқхона хўжаликларига йўналтирилади. Яъни у махсус қурилмалар воситасида иссиқлик алмашинув ускуналарига жўнатилиб, 80 даражагача бўлган ҳароратда етказиб берилаяптики, тадбиркорлар ушбу энергиядан омилкорлик билан фойдаланаётир.

Тумандаги “Азиз агро транс файз” масъулияти чекланган жамиятида бу соҳада умумий қиймати 3 миллиард 620 миллион сўмлик лойиҳа амалга оширилди. Шу жумладан, молия муассасасининг 2 миллиард сўмлик кредити  ҳисобига 4 гектар ерда иссиқхона ташкил этилиб, 30 га яқин янги иш ўринлари яратилди.

— Муборак иссиқлик электр марказидан чиқаётган иккиламчи буғ совитиш жараёнида бизнинг иссиқхоналаримиз орқали ўтади, — дейди жамият  раиси  Қобилжон  ўуломов. — Бу эса иссиқхоналарда 25 даражагача доимий ҳароратни таъминлайди. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, бир гектар майдонни иситиш учун қанча ёқилғи кетади? Бизнинг ҳисобимиз бўйича бир ойда сарф этиладиган кўмир ёқилғиси, ишчи кучи ва бошқа харажатлар 30 — 40 миллион сўмни ташкил қилади. Иссиқлик марказидан “ўз оёғи” билан келаётган энергия эса юқоридаги харажатлардан камида икки баравар арзон тушади. Буни ҳақиқий инновация, деса бўлади. 

Ҳозирги кунда 6 гектарлик иссиқхонамизда помидорнинг Испаниядан келтирилган “К-26”, “1955”, бодрингнинг “Мелен” нави етиштирилаяпти. Ҳосилдорлик гектарига 80 — 120 тоннани ташкил қилмоқда. Маҳсулотларимиз шу пайтгача маҳаллий бозорлар орқали халқимиз дастурхонига етказиб берилган бўлса, жорий йилдан бошлаб,  Россиядаги ҳамкорлар билан экспорт бўйича шартномалар тузилмоқда. Бинобарин, Президентимиз томонидан экспортчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича бир қанча ҳужжатлар имзоланди. Бу биз,  ишбилармонларни хориж бозорларига чиқишга илҳомлантирмоқда.

Эътиборлиси,  ҳудудда иссиқхона хўжаликлари сони йилдан-йилга кўпаймоқда. Айни пайтда “Зоирова Моҳинур Зоҳидовна”, “Кафолат ишонч агро”, “Ҳамид Пўлат Файз”, “Қодиржон Насуллаев”, “Зикрилло Муҳаммад Содиқ замини” масъулияти чекланган жамиятлари мазкур йўналишдаги йирик субъектлар сирасига киради.  

— Бундан ташқари, ҳудудий дастур доирасида аҳолини арзон ва сифатли мева-сабзавот маҳсулотлари билан таъминлаш, туман экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида 63 та тадбиркорлик субъектига иссиқхоналар ташкил этиш учун 250 гектар майдон ажратиб берилди, — дейди Муборак тумани ҳокими-

нинг биринчи ўринбосари Садриддин Нарзиев. — Ҳозирги пайтга қадар 

31 тадбиркорлик субъекти томонидан 84 гектар майдонда иссиқхона ташкил этилиб, 570 та иш ўрни яратилди. Ўтган йили тадбиркорларимиз элимиз дастурхонига 1,5 минг тонна бодринг тортиқ қилишди. Жорий йилнинг биринчи чорагида яна 3,5 минг тонна бодринг ва 1,5 минг тонна помидор етиштирилиши кўзда тутилаяпти. Иссиқхоналар ҳисобидан яратиладиган иш ўринлари сони эса йил охиригача 2200 тага етказилади. 

— Шароит бўлгандан кейин ишлагинг келади, албатта, — дейди “Зикрилло Муҳаммад Содиқ замини” масъулияти чекланган жамияти раиси Ризамат Садиев. — Биз ҳам иккиламчи буғ асосида 2 гектар майдонда иссиқхона қурганмиз. Айни пайтда ушбу “томорқа”мизда помидорнинг “Дафнис” навини парваришлаяпмиз. 160 кунда пишиб етиладиган помидор узилганидан кейин ҳам 15 кунгача ўз сифатини йўқотмайди. Шу жиҳатдан  қараганда, уни бемалол экспорт қилиш мумкин. Ўтган йили 2 гектар иссиқхонадан 10 миллион сўмлик маҳсулот сотдик. Яқинда яна 4 гектарлик иссиқхонани ишга тушириш ниятидамиз. 

Муборакдаги газни қайта ишлаш саноати корхоналари мамлакатимиз ёқилғи-энергетика тармоғида ҳал қилувчи ўрин эгаллайди. Соҳага замонавий технологияларнинг жалб этилиб, диверсификация ва модернизация қилинаётгани эса маҳсулдорликни доимий равишда ошириш баробарида, корхоналарда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари рўёби, ҳудуд равнақида янги имкониятларни юзага чиқармоқда. 

Аҳад МУҲАММАДИЕВ, 

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn