Ўзбекистонга жалб қилинган Корея Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошди
  • 31 Январь 2018

Ўзбекистонга жалб қилинган Корея Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошди

Урганч шаҳрида Ўзбекистон — Жанубий Корея ишбилармонлари бизнес-форуми бўлиб ўтди. 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда мамлакатимиз, хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари раҳбари, ишбилармонлар, шунингдек, Жанубий Кореянинг қурилиш, озиқ-овқат саноати, савдо, заргарлик ва шахсий гигиена буюмлари, тиббиёт анжомлари, газ баллон ускуналари, қишлоқ хўжалиги машиналарини ишлаб чиқариш, АКТ, қадоқлаш материаллари, тўқимачилик ҳамда тўқимачилик қурилмалари, логистика, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш каби соҳаларда фаолият юритаётган йирик корхона ва компаниялар вакиллари қатнашди. 

Ўзаро савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган навбатдаги анжуман биргаликда истиқболли лойиҳаларни амалиётга татбиқ этиш, янги қўшма корхоналар фаолиятини йўлга қўйиш ва чет эл инвестицияларини жалб қилишда қўшимча рағбат бўлди. 

Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ичида Корея Республикасининг асосий савдо ҳамкори ҳисобланади. Жумладан, Жанубий Кореянинг минтақа давлатлари билан маҳсулот айланмаси ҳажмининг ярмидан ортиғи Ўзбекистон улушига тўғри келиши, шунингдек, республикамизга жалб қилинган Корея Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялари ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошгани шундан далолат беради. 

Бугунги кунда, асосан, транспорт, қурилиш ва туризм хизматлари, пахта толаси, пластмасса ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, қурилиш материаллари экспорт қилинаётган бўлса, автотранспорт воситаларининг қисмлари, механик ва электр ускуналари, пластмасса буюмлари, қорма металл, кимё ва резина маҳсулотлари импорт қилинаётир.

— Мамлакатингизда Корея капитали иштирокида 460 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, — дейди “Shindong Resources” компанияси президенти Ким Ён Гу. — Улар нефть-газ, нефт-кимё ва кимё соҳалари, машинасозлик, электротехника, тўқимачилик, ахборот-коммуникация технологиялари, транспорт ва логистика, туризм, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларига ихтисослаштирилган. Лекин бугунги имкониятлар янада кўпроқ сармоя киритиш, савдо алоқаларни кенгайтириш лозимлигини кўрсатмоқда. 

Форумда икки давлат ишбилармонлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича истиқболли келишувларга эришилди. 

Тадбир доирасида иштирокчилар миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-ярмаркасига ҳам ташриф буюриб, қўлигул ҳунармандларимиз томонидан яратилган ижод намуналари билан танишдилар. 

Раҳим ШЕРҚУЛОВ,

“Халқ сўзи” мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn