Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилади
Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилади Фото: Газета.uz
  • 29 Январь 2018

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида автобус қатнови йўлга қўйилади

Тошкент шаҳрида “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” автомобиль коридорини шакллантириш ва халқаро автомобиль қатновлари соҳасида учта давлат ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўтган ҳафта охирида, яъни 22-25 январь кунлари иккитомонлама ҳамда учтомонлама музокаралар ўтказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Хусусан, 22 январь куни Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги муҳокамалар якунида учта йўналишдаги мунтазам автобус қатновларини қайта тиклаш учун зарур таомилларни олиб боришга келишиб олинди. Улар “Тошкент – Бишкек” (“Ғишткўприк”/“Жибек Жоли” назорат-ўтказиш пунктлари орқали), “Тошкент – Ўш” (“Дўстлик”/“Достук” назорат-ўтказиш пунктлари орқали) ва “Фарғона – Ўш” (“Ўзбекистон”/“Қизил-Қия” назорат-ўтказиш пунктлари орқали) йўналишларидир. 

Икки давлат ҳукуматлари ўртасида 1996 йил 4 сентябрда халқаро автомобиль қатновлари бўйича имзоланган Келишувни амалга ошириш доирасида мазкур битимга эришилди. 

Экспертларнинг қайд этишича, мамлакатларимиз ўртасидаги автобус қатновларига аҳоли ўртасида бўлган эҳтиёж жуда катта. Сабаби Ўш нафақат Қирғизистонда аҳолиси кўплиги бўйича иккинчи ўринда туради, балки этник ўзбеклар зич яшайдиган ҳудуд ҳам ҳисобланади. Бу борада икки пойтахтни боғловчи йўналиш ишга туширилса, у ҳам оммалашиши шубҳасиз.

Илгари Қирғизистон томони Тошкент ва Ўш ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйишни таклиф этганди.

“Биз икки давлат ҳудудлари ўртасидаги парвозлар географиясини кенгайтиришимиз лозим. Айниқса, Тошкент ва Ўш ўртасидаги рейсларни очиш зарурати етиб келди. Янги транспорт йўналишлари икки мамлакатнинг туризм салоҳиятини фаоллаштириш имконини беради”, дея таъкидлаганди ўтган йил пойтахтимизга иккитомонлама учрашувларда иштирок этиш учун келган Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артём Новиков.

Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ҳукуматлари ўртасида ўтган йил 12 май куни халқаро автомобиль қатновлари бўйича имзоланган Келишувнинг тегишли моддасига асосан ҳар икки мамлакатнинг мазкур жабҳадаги экспертлари ўртасида ҳам биринчи йиғилиш ўтказилди. 23 январь куни ташкил этилган мажлис давомида икки давлат ўртасида халқаро автомобиль юкларини ташиш бўйича рухсатнома бланкаларини ўзаро алмашишни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилди. Ўзбекистон ва Хитой ўртасида халқаро автомобиль юкларини ташишни амалга ошириш учун максимал даражадаги кенг имкониятларни таъминлашга ўзаро содиқлик алоҳида қайд этиб ўтилди.

Ўзбекистон авторнспорт воситаларини Хитой Халқ Республикаси ҳудудида ҳеч қандай тўсиқларсиз юк ташишларни амалга ошириши бўйича ҳам келишувга эришилди. Бу миллий автоташувчиларимиз учун қулай шароитлар яратади албатта.

24-25 январь кунлари эса уч томонлама муҳокамалар бўлиб ўтди. Унда “Ўзбекистон – Қирғизистон – Хитой” автомобиль коридори ташқи савдо йўналишларини диверсификация қилиш ва ушбу давлатлар ўртасидаги юк ташиш ҳамда транзит муддатларини қисқартиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этиши таъкидланди.

Томонлар ўтган йил 30 октябридан 3 ноябрига қадар “Тошкент—Андижон (Ўзбекистон) — Ўш — Иркештом (Қирғизистон) — Қошғар (Хитой)” йўналиши бўйлаб илк халқаро автоқатнов муваффақиятли ўтказилганини олқишлади. Унда 9 та юк автомобили (ҳар уч томондан учтадан) қатнашганди. Якунда ушбу йўналиш бўйлаб мунтазам автомобиль юкларини ташишни ташкил этиш иқтисодий жиҳатдан самарали эканлиги ўз тасдиғини топганди.  

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn