“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МА яна 3 та “Boeing-787” самолёти сотиб олади
  • 27 Январь 2018

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” МА яна 3 та “Boeing-787” самолёти сотиб олади

1992 йил 28 январь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясига асос солингач, мамлакатимиз фуқаро авиацияси ривожланишида янги давр бошланди. Бунинг яққол самарасини айни пайтда Ўзбекистоннинг замонавий, қулай авиалайнерлари дунёнинг барча минтақасидаги 40 дан ортиқ шаҳарларга парвоз этаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин.

Миллий авиакомпания Ўқув-машқ марказида нафақат маҳаллий, балки хорижий авиакомпаниялар учувчиларига ҳам хизмат кўрсатилиши унинг нуфузи, салоҳиятидан далолат беради. Ушбу марказ қошидаги Тренажёр мажмуаси халқаро стандартларга мос тарзда амалий ва назарий тайёргарликни таъминловчи, реал воқелик шароитида машқ қилиш имконини берувчи симуляторлар билан таъминланган.

Маълумки, сўнгги пайтларда давлатимиз раҳбари томонидан юртимизда туризмни ривожлантириш масаласи ўртага ташланиб, фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш зарурлиги қайд этилаяпти. Шундан келиб чиқиб, Миллий авиакомпанияда бир қатор хорижий компаниялар билан махсус прорейторлик, Интерлайн ва Код-шер келишувлари бўйича ҳамкорлик қилинмоқда. Лаҳорга, Душанбега, Самарқанддан Истанбулга янги йўналишлар очилгани, Милан ва Париждан тўғридан-тўғри Урганчга қатновлар йўлга қўйилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Яна бир янгилик: жорий йилнинг май ойидан бошлаб “Тошкент — Барселона — Тошкент” йўналиши бўйича Испанияга мунтазам қатнов бошланади. Қатновлар ҳафтанинг пайшанба кунлари замонавий “Boeing” самолётлари орқали амалга оширилади.

Шу ўринда “Ички сайёҳлик борасида қандай чора-тадбирлар кўрилаяпти?” деган савол туғилиши мумкин. Миллий авиакомпаниядан тақдим этилган маълумотларга кўра, яқинда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда сайёҳлар оқимини кўпайтиришга ёрдам берувчи имкониятлар муҳокама этилди. Туроператорларга “Урганч — Бухоро” йўналиши бўйича авиақатнов ҳақида батафсил маълумотлар берилди. Ушбу қатновлар шу йилнинг март ойида бошланади ва парвозлар ҳафтанинг душанба, сешанба, пайшанба ҳамда якшанба кунлари амалга оширилади. Йўналиш автоматлаштирилган бронлаш тизимига киритилган. Бундай лойиҳалар келгусида ҳам изчил давом эттирилади.

Айни пайтда “Тошкент-4” янги йўловчи терминалини қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилган. Бундан ташқари, самолёт авиапаркини яна 3 та “Boeing-787” билан тўлдириш режалаштирилмоқда.

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпанияси “Arcos Jet” ва “Bombardier Business Aircraft” каби дунё миқёсидаги йирик компаниялар билан ҳамкорлик қилаётгани бизнес-авиация борасида муҳим қадамлардан бири бўлмоқда. Мазкур лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон фуқаро авиациясининг жаҳон бозоридаги ўрни ҳамда нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

— Фаолиятимиз, асосан, самолётлар олди-сотдиси билан боғлиқ бўлса-да, ҳаво кемаларига техник хизмат кўрсатиш, экипаж аъзоларини тайёрлаш ва уларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофазалаш, самолётни сотиш ёки ижарага бериш жараёнида юзага келадиган лизинг, суғурталаш, молиялаштириш, тахминий нархни олдиндан белгилаш каби ишларни ҳам муваффақиятли ўзлаштирганмиз, — дейди “Bombardier Business Aircraft” компаниясининг Шарқий Европа, Россия ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий вице-президенти Валерия Колючая. — Кўплаб давлатларда бундай сервисга эҳтиёж бор ҳамда у бугунги кунда истиқболли тармоққа айланмоқда. Чунки бу хорижий инвесторлар ва маҳаллий тадбиркорларга ташқи бозорларга чиқиш, янги бизнес ҳамкорларни топишда қўл келади.

Шу билан бирга, жорий йилнинг 1 январидан “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг барча халқаро аэропортида йўловчиларга божхона чегарасидан ўтиш жойларида икки йўлакли — “яшил” ва “қизил” йўлак тизими ишга туширилди. Бунда йўловчилар нотижорат мақсадлар учун товарларни декларация қилиш шакли сифатида “яшил” йўлакни, божхона амалиётларини ўтказиш учун эса “қизил” йўлакни танлаши мумкин. Мазкур тадбирлар йўловчилар оқимининг яхшиланишига, божхона расмийлаштирувини умумэътироф этилган стандартларга мослаштириш ҳамда назорат усуллари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Рўёбга чиқарилаётган бу каби илғор лойиҳалардан кўзланган мақсад эса йўловчиларга янада қулайлик яратиш, юртимизга сайёҳлар келишини кўпайтириш, парвозлар хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

 

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn