Жаҳон банки Ўзбекистоннинг бешта шаҳарида иситиш ва иссиқ сув таъминоти яхшилаш учун 140 миллион АҚШ доллари ажратди
  • 26 Январь 2018

Жаҳон банки Ўзбекистоннинг бешта шаҳарида иситиш ва иссиқ сув таъминоти яхшилаш учун 140 миллион АҚШ доллари ажратди

Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистондаги бешта шаҳардаги иситиш ва иссиқ сув таъминоти тизимини яхшилашга оид лойиҳани тасдиқлади. Марказлаштирилган иссиқлик таъминотида энергия самарадорлигини ошириш ва модернизация қилишга қаратилган мазкур лойиҳа ЖБ тузилмаси ҳисобланган Халқаро ривожланиш ассоциациясининг 140 миллион АҚШ долларига тенг кредити ҳисобига молиялаштирилади.

Бу ҳақда Жаҳон банки тарқатган матбуот хабарномасида келтирилган.

Хабарга кўра, Ўзбекистонда иссиқлик таъминотида қатор муаммолар мавжуд. Кўплаб шаҳарларда қишнинг совуқ кунларида иссиқлик таъминоти хизмати сифати ёмонлашиши ёки умуман тўхтаб қолиши, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти корхоналари қониқарсиз фаолият юритиши шулар жумласидандир.

Лойиҳа марказлаштирилган иссиқлик таъминотининг илғор моделларини ҳаётга жорий этиш ҳисобига юқоридаги каби камчиликларни бартараф этишга йўналтирилади. Бундай амалиёт Ўзбекистонда илк бор қўлланилади. Пировардида Андижон, Бухоро, Чирчиқ, Самарқанд ва Тошкент(Сергели тумани)да кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи 240 мингдан зиёд аҳоли учун иситиш ва иссиқ сув таъминоти хизматлари яхшиланади. Бу борадаги ишлар иситиш таъминотига уланган ёки уланиши режалаштирилаётган тизимларда бажарилиши кутилмоқда.

Лойиҳада, шунингдек, марказлаштирилган иссиқлик таъминоти инфратузилмасини модернизация қилиш, унинг салоҳиятини кенгайтириш, юқорида номи келтирилган шаҳарларда мазкур секторда фаолият юритаётган корхоналар янада самарали ва барқарор ишлаши учун норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш кўзда тутилаяпти.

Унинг рўёбга чиқарилиши натижасида электр тармоқларидаги меъёридан ортиқ юкланиш билан боғлиқ муаммолар бартараф этилади, шунга мос равишда техник йўқотишлар, авариялар ва электр энергиясининг ўчиб қолиши ҳолатлари камаяди. Ўз навбатида модернизация жараёнлари ҳисобига электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш ҳажми камаяди. Бу эса бешта шаҳар ҳудудида ҳавонинг ифлосланиш ва парник газларни чиқариш даражасини пасайтиришга ҳам хизмат қилади.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn