Бўш турган бинолардан қандай фойдаланилмоқда?
Бўш турган бинолардан қандай фойдаланилмоқда? Иллюстратив сурат / Қорақалпоғистон Республикаси
  • 25 Январь 2018

Бўш турган бинолардан қандай фойдаланилмоқда?

Ўтган йили Хўжайли туманилик Алишер Ибрагимов ҳудуд марказида бўш турган бинони 100 миллион сўмдан зиёд инвестиция киритиш шарти билан олган эди. Орадан кўп ўтмай, тадбиркорнинг саъй-ҳаракати билан мазкур иншоот кўркам қиёфа касб этиб, бу ерда илғор технологик ускуналар билан жиҳозланган замонавий корхона фаолият бошлади.

Ҳозир бу ерда ишлаб чиқарилаётган ўнга яқин турдаги сут ва сут маҳсулотлари сифати ҳамда ҳамёнбоплиги жиҳатидан аҳолига манзур бўлаётир.

Кўриниб турибдики, бўш турган объектларнинг тадбиркорларга берилаётгани кичик бизнес ривожига йўл очмоқда. Табиийки, бунда Президентимизнинг 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

— Қарор ижроси доирасида Оролбўйида 162 та бўш турган объект мавжудлиги аниқланди, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш қўмитаси раиси Зиваддин Камолов. — Улар негизида 78 та лойиҳа ишлаб чиқилиб, шундан бугунги кунда 18 таси бўйича 3,7 миллиард сўмлик инвестиция киритилиб, юздан ортиқ янги иш ўринлари яратилди. Мазкур лойиҳаларнинг еттитаси ишлаб чиқариш, ўн биттаси аҳолига хизмат кўрсатиш йўналишида фаолият олиб бормоқда.

Чимбой туманидаги “Ус-Нур Чимбой” МЧЖ томонидан чорвачиликни ривожлантириш асосида аҳолига гўшт етказиб берилаяпти. Мўйноқ туманидаги “Мўйноқ транс” МЧЖ томонидан автотранспорт хизмати кўрсатилаётган бир пайтда Нукус шаҳридаги “Меъмор-Хўжайли” корхонасида замонавий эшик ҳамда дераза ромлари ишлаб чиқарилаётир. Муҳими, уларнинг барчасида ўнлаб ёшлар доимий иш билан таъминланди.

Аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қабул қилинаётган ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тушунтириш бугуннинг муҳим талабларидан бирига айланди. Шу маънода, қўмита томонидан инвестиция лойиҳаларини тақдим этмаган мулк эгалари билан бўш турган объектлардан самарали фойдаланиш юзасидан музокаралар олиб борилиб, улар иштирокида семинарлар ўтказилаяпти.

Бундан кўзланган мақсад эса тадбиркорларга давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорлари мазмун-моҳиятини етказиш, уларга берилаётган имтиёзлар ҳақида хабардорлигини оширишдан иборат.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn