Ишбилармонга халақит берманг!
  • 25 Январь 2018

Ишбилармонга халақит берманг!

Шунда у ўз салоҳиятини намоён этиш имконига эга бўлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатимиз ҳаётидаги тарихий воқеа бўлди. Чунки илк маротаба тақдим этилган ушбу Мурожаатномада давлатимиз раҳбари томонидан халқ манфаати ҳамда аҳоли турмуш фаровонлиги йўлида амалга оширилган ишлар натижаси, унинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Дарҳақиқат, бугун жадал янгиланишлар даврида яшаяпмиз. Буларнинг самараси кундалик турмушимизда, ён-атрофимиздаги ўзгаришларда яққол намоён бўлаётир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан 2018 йилга юртимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилгани нафақат кичик бизнес равнақига, балки иқтисодиётимиз тараққиётига қўйилган яна бир муҳим қадамдир.

Сансалорликка барҳам бериш пайти келди

Аслида, юртимизда мазкур соҳа вакиллари доимий эътиборда. Уларнинг эмин-эркин фаолият юритишлари учун яратиб берилаётган шарт-шароитлар кўлами ҳам кенг. Лекин шу билан бирга, бу борада қилиниши лозим бўлган ишлар, хусусан, мутасаддиларнинг тадбиркорларни текширавериб, ишлашига йўл қўймаётгани Мурожаатномада куюнчаклик билан қайд этилди. Шу муносабат билан эндиликда текширишлар ўтказишга рухсат беришнинг махсус электрон ахборот тизимига ўтилиб, унинг назорати Бош прокуратура зиммасига юклатилмоқда. Шунингдек, барча тадбиркорлик субъектининг молиявий-хўжалик фаолиятини текшириш 2 йил муддатга тўхтатилади.

Тадбиркорлик субъекти шаклан кичик бўлишига қарамасдан, иқтисодиётимиз барқарорлиги, халқимиз ҳаёт даражаси яхшиланишида тобора катта аҳамият касб этаяпти. Бизнес юритиш учун яратилаётган қулай муҳит, тақдим қилинаётган имтиёзу енгилликлар ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш баробарида, уларнинг жаҳон бозорига дадил кириб бориши учун кенг йўл очиб бераётир. Биргина Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан 2017 йилнинг ўзида 90 та янги корхона ташқи иқтисодий фаолиятга жалб этилиб, 132 миллион АҚШ долларилик амалиёт бажарилгани фикримиз тасдиғидир.

Соҳа вакилларининг хориж бозорларига чиқишида Президентимизнинг ўтган йил 6 ноябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, -қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Нега деганда, ушбу ҳужжат республикамиздаги минглаб ишбилармонлар қатори Боғдод туманилик Қаҳрамонжон Акбаров фаолиятида ҳам туб бурилиш ясади.

Гап шундаки, у раҳбарлик қилаётган “Hayot Agro Mir” масъулияти чекланган жамиятига 2017 йилнинг август ойида асос солинган бўлса-да, замон билан ҳамнафаслик тадбиркорни қисқа вақт ичида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлардан ҳамкорлар топишга ундади. Ҳозиргача уларга 46 минг АҚШ долларидан зиёдроқ маҳсулот сотишга ҳам эришди. Айни кунларда эса яна 51 минг АҚШ долларилик янги шартнома тузиш ҳаракатида.

— Корхонамизда 6 нафар доимий, 11 нафар мавсумий ишчи меҳнат қилаяпти, — дейди Қ. Акбаров. — Экспортга йўналтирилаётган 16 турдаги қайта ишланган маҳсулотларнинг 90 фоиздан кўпроғи ёрдамчи хўжаликларда, шу жумладан, томорқаларда етиштирилаётир. Имкониятдан фойдаланиб, шу йилнинг иккинчи чорагида 300 миллион сўмлик кредит ҳисобидан Германиядан замонавий мева-сабзавот қуритиш линиясини харид қилиш ниятидамиз.

Айни пайтда кичик корхоналаримиз томонидан озиқ-овқат, қурилиш, тўқимачилик, электротехника воситалари каби кўплаб маҳсулотлар тайёрланиб, замонавий хизматлар кўрсатилаяпти. Шу маънода, давлатимиз раҳбари бизнес юритишда учраётган камчилик ёки сансалорликларга барҳам бериш пайти келди, тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат, дея қайта-қайта таъкидлаётгани бежиз эмас. Зотан, битта ишбилармон юзта ишёқмас ва уқувсиз одамдан минг карра афзалдир.

Корхонанинг стипендияси

Билимли, интилувчан Шерзод Раҳмонов уддабурон ёшлардан. У ҳали Бухоро давлат университетида таҳсил олиб юрган кезларидаёқ тадбиркорлик ҳаракатига қўл урганди. Бугун Шерзод раҳбарлик қилаётган “Шуҳратмашсервис Агросаховати” масъулияти чекланган жамиятини нафақат Пешку тумани, балки қўшни вилоятларда ҳам биладиганлар кўп.

— Паррандачиликка ихтисослаштирилган фермер ва ёрдамчи хўжаликлар, оилавий фирмалар учун металлдан турли ускуналар тайёрлаб берамиз, — дейди “Ўзбекистон -белгиси” кўкрак нишони соҳиби Ш. Раҳмонов. — Маҳсулотларимизга харидор кўп. Қўшни Навоий, Қашқадарё вилоятларидан ҳам буюртмалар тушаяпти. 2017 йилда элликдан зиёд мижозларга маҳсулот етказиб бердик. Тадбиркорлар учун берилаётган имтиёзлар фаолиятимизни кенгайтириш, янги лойиҳаларни рўёбга чиқаришга йўл очаяпти. Ўнта иш ўрни яратдик. Шукр, ишбилармонлик билан шуғулланиб кам -бўлаётганимиз йўқ. Рўзғоримиз бут, орзу-ҳавасларимиз бирин-кетин ушалмоқда.

Шерзодни билганлар унга “Жуда фаол йигит”, дея таъриф беришади. Худди шундай. Қай бир тадбир бўлмасин қатнашиб, ўз таклифларини ўртага ташлайди. Ташаббус кўрсатади. Унинг Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган “Йилнинг энг фаол ёш мутахассиси” республика кўрик-танловида ғолиблар қаторидан ўрин эгаллагани ана шундай ҳаракатчанлик самараси. Дарвоқе, у мактаб ва коллежларнинг энг зукко ўқувчиларига корхона стипендиясини ҳам жорий этган. Яқинда бошқачароқ йўл тутди. Оилаларга мадад бўлсин, ёшлар ишбилармонликни ўргансин, деган мақсадда қишлоқда яшовчи энг билимдон уч ўқувчига 20 — 25 тадан товуқ ҳамда катак тортиқ этди. Ажабмаски, улар ҳам эртага эл-юртга нафи тегадиган тадбиркорга айланса...

Ташаббус кишини янгиликка ундайди, рағбат ғайрат беради. Юртимизда бири-биридан ўрнак олиб, эзгу ниятлар билан меҳнат қилаётган тадбиркорлар етарли. Улар ўз меҳнатлари орқали ҳудудларни обод, аҳоли турмушини фаровон этишга астойдил бел боғлашган. Муҳими, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, тадбиркорларга кўмак ёки ёрдам бериш эмас, балки ишлаши учун халақит бермасак бўлди. Қолгани уларнинг ўзига ҳавола. Бунинг учун эса шарт-шароит ҳам, ҳуқуқий асос ҳам бор.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn