Туркиялик ишбилармонлар Сирдарё вилоятида
Версия для печати
Туркиялик ишбилармонлар Сирдарё вилоятида Sirdaryo.uz
  • 25 Январь 2018

Туркиялик ишбилармонлар Сирдарё вилоятида

Туркиянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад Башар бошчилигидаги делегация Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.

Вилоят ҳокимлигида бўлиб ўтган учрашувда икки қардош давлат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, хусусан, Сирдарё вилояти ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишда Туркия сармояси ҳамда ишбилармонлари иштирокини янада кенгайтириш имкониятлари ва истиқболлари ҳақида сўз юритилди.

Элчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил Туркияга амалга оширган давлат ташрифи ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашда янги даврни бошлаб бергани, ҳамкорликнинг кўплаб йўналишлари бўйича самарали келишувларга эришилганини таъкидлади.

Учрашувда “Ziraat Bankasi A.S.” бошқарувчиси Эржан Булут ушбу  муассасанинг истиқболли лойиҳаларни молиялаштириш имкониятлари хусусида қатнашчиларга маълумот тақдим этди. Шунингдек, Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) ҳудуддаги она ва бола саломатлиги йўналишидаги тиббиёт муассасаларининг моддий-техника шароитини яхшилаш, жумладан, уларни замонавий тиббий ускуналар -билан жиҳозлашга бевосита кўмаклашишга тайёр эканлиги айтилди. Агентликнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Али Ихсан Чағлар ташкилот мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш ва ривожлантириш жараёнида ҳам фаол қатнашиш -таклифини баён қилди.

Меҳмонлар Сирдарё вилоятининг иқтисодий салоҳияти ва ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган лойиҳалар билан таништирилди. Ўзаро ҳамкорлик юзасидан амалий таклифлар билдирилди. Делегация аъзолари, ўз навбатида, турк сармояси ва ишбилармонлари иштирокида ташкил этилган корхоналарда ҳам бўлишди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С. Сафоев, Сирдарё вилояти ҳокими Ғ. Мирзаев иштирок этди.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn