Қизилтепада пахта-тўқимачилик кластери муҳим саноат хом ашёсини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича замонавий ёндашув
  • 25 Январь 2018

Қизилтепада пахта-тўқимачилик кластери муҳим саноат хом ашёсини етиштириш, қайта ишлаш ва сотиш бўйича замонавий ёндашув

Қизилтепалик пахтакорлар ўтган йили 25 863 тонналик хирмон яратдилар. Ўртача ҳосилдорлик гектарига 30,2 центнерни ташкил этди. Ҳисоб-китобларга кўра, соҳадан олинадиган даромад 54 миллиард сўм, соф фойда эса
11,6 миллиард сўм бўлиши кутилмоқда.

Одатда, ҳар йили шундай мўл ҳосил етиштирилади. Бироқ бу гал пахтанинг даромади туманда беш-олти баробар ошиши мумкин. Қандай қилиб дейсизми? Бунга асослар етарли.

— Гап шундаки, ҳосилнинг 95 фоизи юқори  навларга қабул қилинди, — дейди “Қизилтепа пахта тозалаш заводи” АЖ раҳбари Исроил Тўраев. — Айни кунларда муҳим саноат хом ашёсига дастлабки ишлов берилиб, пешма-пеш буюртмачиларга жўнатилмоқда. Шунинг ортидан корхонамиз 2 миллиард 100 миллион сўмликдан зиёд -фойда кўради.

Қизилтепадаги пахта тозалаш заводига ўтган асрнинг бошларида асос солинган. Бир асрдан кўпроқ вақт ўтибдики, завод туманда пахтага дастлабки ишлов берувчи ягона корхона ҳисобланади. Бошқача айтганда, у туман деҳқонлари етиштирган пахтадан қўшимча даромад олувчи ягона маскан бўлиб, бор-йўғи, 381 кишининг бандлиги таъминланган. Калава ип — мато-газлама — тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш каби жараёнлар тумандан, баъзилари эса вилоятдан ташқарида амалга ошириларди.

Агар мазкур уч жараён, яъни йигириш, тўқиш ва бичиш-тикиш ишлари шу ерда бажарилса, уларга хизмат кўрсатувчи корхоналар — маҳсулотни ўраш цехи, савдо ва маркетинг каби инфратузилма ҳам юзлаб янги иш ўринларини яратишга имкон берарди.

Бинобарин, ўтган йилгача пахтанинг ташвиши Қизилтепадаю даромадини чет эллик қайта ишлаб чиқарувчилар кўрарди. Мамлакатимиз раҳбари 2017 йилнинг 28 март куни -Навоий вилоятига ташрифи чоғида Қизилтепа туманидаги Тошработ маҳалласида бўлиб, ҳудудда енгил саноатни ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳалар билан танишди. Деҳқончилик устувор йўналиш бўлган туманда аҳоли фаровонлиги ва даромадини ошириш фурсати аллақачон етганлигига алоҳида урғу берар экан, туманда кластер усулини жорий этиш борасида мутасаддилар олдига аниқ вазифалар қўйди.

Халқаро тажрибадан маълумки, кластер усули бир ҳудудда саноатнинг муайян йўналишини ривожлантириш учун бири-бирини тўлдирувчи корхона ва субъектларнинг корпоратив ҳамкорлигидир. Унда хўжалик юритувчи субъектлар бир-бирининг маҳсулотидан хом ашё сифатида фойдаланиб, ички ва ташқи бозорда рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўядилар. Шу орқали ҳудуд меҳнат бозорида мувозанат барқарорлашиб, аҳоли фаровонлиги ошади.

Мамлакатимизнинг аҳоли зич жойлашган, пахтачилик етакчи тармоқ ҳисобланган туманларида кластер усули фермер хўжаликлари билан қайта ишловчи корхоналарнинг узвий боғлиқлигини таъминлаш, пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, қишлоқларга саноатнинг жадал кириб бориши, пировардида тайёр экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш, янги иш ўринларини яратиш каби ижтимоий-иқтисодий омилларга эгалиги билан аҳамиятлидир.

— Президентимизнинг таклифи асосида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 мартда “Навоий вилояти Қизилтепа туманида тажриба тариқасида пахта хом ашёсини чуқур қайта ишлашни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди, — дейди Қизилтепа тумани ҳокими ўринбосари — қишлоқ ва сув хўжалиги бўлими бошлиғи Ҳамза Фармонов. — Шу асосда туманимиздаги 305 та фермер хўжалигининг 25,8 минг тонналик пахта хирмонини Навоий шаҳридаги “Baht-Textile” корхонаси шартнома асосида харид қилди.

Мазкур қарорда пахта хом ашёсини етиштириш ва қайта ишлаш жараёнидаги барча иштирокчиларнинг моддий манфаатдорлигини таъминлаш ўз аксини топган. Албатта, бу иш унумдорлиги ва сифат кафолатидир. Натижада туманда пахтани етиштиришдан тортиб, йиғиб-териб олишгача бўлган барча жараён тизимли равишда амалга оширилди. Яъни кластер усули жорий этилгач, фермер хўжаликларига пахта хом ашёсини етиштириш учун олдиндан тўловлар ўз вақтида ва тўлиқ ажратилиши, шу мақсаддаги кредитлар тўлов қобилиятига эга қайта ишлаш корхонасига берилиши ва улар қайтарилишининг кафолатланиши пахта хом ашёсини етиштирувчилар ўртасидаги ўзаро ҳисоб-китоблар ҳамда тўлов интизомини яхшилади. Фермер хўжаликларининг манфаатдорлиги оширилиши натижасида ушбу жараёнларни бошқаришда давлат идораларининг аралашуви қисқартирилди.

— Президентимизнинг ўтган йилнинг 9 декабрь куни Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали йиғилишда Қизилтепа туманида амалда қўлланган — пахтани етиштиришдан тортиб, ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ва истеъмолчига етказишгача бўлган босқичларни ўз ичига қамраб олган кластер усулига биз Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида қарамоқдамиз, дея эътироф этганлиги бу улкан янгиланишларнинг дебочасидир, — дейди “Валиобод” фермер хўжалиги раҳбари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Раъно Валиева. — Шунингдек, бу барча фермерлар каби менда ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда илмий ёндашишга, юқори натижаларни қўлга киритишга рағбат уйғотди.

Кластер усули Қизилтепада “Қизилтепа пахта тозалаш заводи” АЖ, Навоий шаҳридаги “Baht-Textile” ҳамда янгидан ташкил этилган “Toshrabot Textile” масъулияти чекланган жамиятлари ҳамкорлигини таъминлади. Ушбу ҳамкорлик “Baht-Textile” масъулияти чекланган жамиятида бир қатор технологик янгиланишларни жорий этишни тақозо қилмоқда.

— Корхонамиз Швейцариядан келтирилган ип йигирув дастгоҳлари билан жиҳозланган, — дейди “Baht-Textile”  масъулияти чекланган жамияти раиси Фурқат Турсунов. — Ушбу технологик линиялар ёрдамида йилига 12 минг тоннагача калава ип тайёрлаш мумкин. Шунга қарамай, кластер усули жорий этилгач, 2017-2018 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурига мувофиқ, 38,8 миллион АҚШ долларилик янги лойиҳаларни амалга оширамиз. Бу эса калава ип ишлаб чиқариш йиллик қувватимизни 15 минг 500 тоннагача орттиради. Шунинг баробарида, 200 та қўшимча иш ўрни яратилади.

“Toshrabot Textile” корхонаси қурилиши нолдан бошланди. Бунёдкорлик ва тикув дастгоҳлари хариди учун 14 миллиард сўмлик маблағ йўналтирилди. Натижада Туркия, Тайвань ҳамда Хитойдаги етакчи компанияларнинг технологик ускуналари билан жиҳозланган корхона ўта қисқа муддат — саккиз ойда ишга туширилди.

— Цехларимизга замонавий дастгоҳлар ўрнатилди, — дейди “Toshrabot Textile” корхонаси раҳбарининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари Шуҳрат Эрдонов. — Бу экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш билан бирга, дастлабки босқичда 500, ишни икки сменада ташкил этиш ҳамда матони бўяш ва гул босиш бўлимларини ишга тушириш ҳисобидан 2018 йилда мингга яқин кишининг бандлиги таъминланади.
— Ушбу корхона фойдаланишга топширилгач, қишлоғимизга янада файз кирди, — -дейди маҳалла фаоли Шавкат Нарзиев. — Ҳозирнинг ўзида беш юз нафар ёшларимиз меҳнат қилмоқда. Демак, шунча оила ўтган йилдан эътиборан қўшимча даромадга эга бўлди.

Қисқаси, энди пахтанинг меҳнати Қизилтепада кишиларга ҳаловат, қишлоқларга ободлик, турмушга фаровонлик олиб келмоқда, янги-янги имкониятлар эшигини очаяпти.

Темур ЭШБОЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn