Давос форуми нима ўзи? Нима мақсадда ўтказилади бу тадбир?
  • 24 Январь 2018

Давос форуми нима ўзи? Нима мақсадда ўтказилади бу тадбир?

Кеча Швейцариянинг Давос шаҳрида Бутунжаҳон иқтисодий форуми ўз ишини бошлади. Унда дунёдаги энг нуфузли сиёсатчилар, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли бизнесменлар, хуллас, сайёрамизнинг энг бой ва нуфузли инсонлари қатнашаяпти. Шу ўринда кўпчиликда саволлар туғилиши мумкин: Давос форуми нима ўзи? Қай мақсадда ўтказилади бу тадбир? Унинг қандай фойдаси бор? Бу йилги янгилиги нимада?..

Келинг, қуйида шулар ҳақида қисқача тўхталиб ўтсак.

Аслида Давос форуми дастлаб 1971 йилда менежмент бўйича ихчамгина  конференция шаклида ташкил этилган. Унинг асосчиси Клаус Шваб ўша пайтда молиявий аҳволи оқсаб, ортда қолиб кетаётган Европа фирмалари фаолиятига америкача менежмент усулларини жорий этишдек камтаргина мақсадни кўзлаган эди. 

Бироқ вақт ўтиб бундайин оддий ибтидога эга тадбир бизнес, молия, сиёсат ва ижтимоий соҳалардаги жаҳон элитасининг қарийб 3 мингга яқин вакилини ўзида жамлайдиган йирик глобал анжуманга айланди. Фақат мақоми ўша-ўша – норасмийлигича қолди. Демак, унда ҳеч қандай ҳуқуқий ҳужжат, халқаро миқёсдаги келишувлар имзоланмайди. Иштирокчилар бир-бирлари билан юзма-юз кўришиб, дунёнинг ишлари ҳақида суҳбатлашади, муҳокамалар қилишади, нима қилсак, яхши бўлади деган саволга жавоб излашади.

Бу йил кимлар бор?

“Independent” нашрида ёзилишича, бу йил мазкур форумга Франция Президенти Эммануэль Макрон, Германия Канцлери Ангела Меркель, Буюк Британия Бош вазири Тереза Мэй, Канада Бош вазири Джастин Трюдо, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху, Аргентина Президенти Маурисио Макри, Зимбабве Президенти Эммерсон Мнангагва, Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди каби сиёсатчилар келган. 

Айтганча, одатда унда АҚШ Президентлари қатнашмасди. Бироқ ўз дастурида “глобаллашув” жараёнларига қарши чиқиб, сайловда ғалаба қозонган Дональд Трамп ҳам бу йил кутилмаганда Швейцарияга учиб келди. Таҳлилчиларнинг фикрича, у ўзи учун анъанавий бўлган “Энг аввало Америка” тамойили остида фикрларини билдиради. 

Яна бир эътиборли томони унда иштирок этаётган делегатларнинг 21 фоизи аёллар бўлиб, бу анжуман тарихидаги энг катта кўрсаткичга айланди. 

Нималар муҳокама қилинаяпти?

Британиялик журналист Бен Чунинг фикрича, жорий йилги анжуманда анъанага содиқ қолган ҳолда нотенглик, қашшоқлик, инновациялар, технологик ўзгаришлар, атроф-муҳит ва бизнеснинг ижтимоий масъулияти каби доимий масалалар кўриб чиқилмоқда. Айни чоғда “Бўлинган дунёда ягона келажакни қуриш” мезони ҳам кун тартибидан жой олган. Ўз навбатида, давлатлар, ташкилотлар, бизнес тузилмалар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишиб олиш, ўзаро яқиндан танишиб, дўстона алоқаларни йўлга қўйиш, чуқурлаштириш имконияти яратилади.

Қарама-қарши фикрлар 

Халқаро иқтисодий форум тарафдорларининг фикрича, ушбу анжуман дунёни қутқармаслиги мумкин. Аммо нуфузли ва зиёли одамларга эзгу мақсадлар билан Ер юзидаги ўта мураккаб ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муаммоларга ечим топишга ёрдам беради. Трампнинг собиқ бош стратеги Стив Бэннон каби унинг ашаддий танқидчилари учун эса Давос кучлиларнинг кучсизларга қарши қаратилган келишувидир. 

Муҳит кўтаринки, аммо муаммолар ҳам етарли

Ҳар доимгидек қарама-қарши фикрлар оғушида бошланган форумнинг ўзидаги муҳит эса охирги йиллар билан солиштирганда анча кўтаринки кўриниш олган. Сабаби, Халқаро валюта жамғармаси жаҳон иқтисодиёти бўйича бир неча йиллик салбий прогнозларидан кейин, ниҳоят ижобий башоратларни ҳам билдирди. Жамғарма экспертлари томонидан АҚШ, Хитой ва Европа Иттифоқидаги иқтисодий кўрсаткичлар бўйича тахминлар яхшилангани ҳақида эса аввал хабар бергандик.

Боз устига, консалтинг ва аудит соҳасида профессионал хизмат турларини таклиф этиб келадиган компанияларнинг халқаро тармоғи ҳисобланган “PwC” томонидан трансмиллий корпорациялар раҳбарлари ўртасида ўтказилган сўровномада уларнинг 57 фоизи жорий йилда дунё иқтисодиёти ўсишига ишончлари комил эканлигини билдирган.

Давос форумида 10 йилдан бери иштирок этиб келадиган таниқли журналист Камол Аҳмаднинг фикрича, бу йил ўтган галлардагидек АҚШ иқтисодиёти евроҳудуддаги муаммолар туфайли қийналмайди, Ҳиндистон иқтисодиёти ҳақидаги некбин кўрсаткичларга Хитой қарзларининг ҳаддан ташқари кўпайиб кетгани соя солмайди. Аксинча, тараққиёт суръатларининг синхронлашуви, уйғунлашуви кузатилади. Дунё иқтисодиётининг юксалиши эса кўп фаровонлик келтиради, кўпроқ одамларни қашшоқликдан олиб чиқади. Буларнинг ҳаммаси яхши. Лекин...

Танганинг иккинчи томони ҳам бор-да. Гап шундаки, ХВЖнинг ҳисоботига кўра, жаҳондаги иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатларнинг бешдан бир қисмида ўтган йилда аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар тушиб кетиши кузатилган. Бу эса даромадлар бўйича нафақат давлатлар, балки муайян мамлакат ичидаги турли авлод вакиллари ўртасида нотенгликка сабаб бўлиши эҳтимоли борлигидан далолат. Йилдан-йилга тижорат бўйича баҳсли вазиятлар сони кўпайиб бораётгани, бозордаги потенциал “совун пуфаклари” ҳам оғриқли саволлар қаторидан жой олган. 

Марказий банклар глобал молиявий инқироздан кейин иқтисодий-ижтимоий тармоқларни тиклаб олиш, барча соҳаларда ҳаёт барқарорлигини ушлаб туриш учун миллиардлаб долларлар ажратиш, қулай ставкали кредитлар бериш эксперименти аста-секин якунига етаяпти. Энди ҳамма ўз аравасини ўзи тортиши керак деганимикан бу? Йўқса, Европа марказий банки, АҚШ Федерал захира тизими, Япония банклари дунё иқтисодиётини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳажмини қисқартириш ҳамда асосий кредит ставкаларини кўтариш, облигациялар сотиб олиш сиёсатини ўзгартириш масаласини тез-тез муҳокама қилмаган бўларди. Агар шу ишлар қилинса, ривожланган мамлакатлар иқтисодиётида структуравий муаммолар яна юзага қалқиб чиқиши табиий. Бу — бизнесга инвестиция етарли даражада йўналтирилмайди, демакки, ишлаб чиқариш ҳажмлари тушиб кетади дегани. Бу — ойлик иш ҳақлари пасайиб, миллионлаб одамларнинг реал даромадлари камаяди дегани.  

Нафақат экспертлар, балки оддий фуқаролар ҳам ижобий прогнозлар туфайли Давос форумида ҳосил бўлган илиқ муҳит, келажакка бўлган ишонч ҳисси нафақат йирик анжумна давомида билдирилган фикрлар, якунда чиқарилган хулосаларда ўз аксини топишига, балки бундай кайфият барча иштирокчилар ўз мамлакатига қайтиб борганда ҳам уларни тарк этмаслигига умид билдирмоқда.          

Саиджон Махсумов. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn