Халқаро валюта жамғармаси: “МДҲ минтақаси давлатлари иқтисодиёти ўсади”
  • 23 Январь 2018

Халқаро валюта жамғармаси: “МДҲ минтақаси давлатлари иқтисодиёти ўсади”

Халқаро валюта жамғармаси томонидан МДҲга аъзо давлатлар иқтисодиёти жорий йилда 2,2 фоиз даражада ўсиши прогноз қилинаяпти. 

Бу ҳақда “World Economic Outlook (WEO)” янгиланган маърузасида таъкидлаб ўтилган. 

Ҳисоботда кўрсатилишича, 2019 йилда минтақада ялпи ички маҳсулот ҳажми 2,1 фоиз ошиши мумкин. Бу кўрсаткичлар ўтган йил октябрда берилган прогнозларда қайд этилган рақамлардан бироз ортиқ. Ўшанда ХВЖ мазкур ҳудуддаги мамлакатлар иқтисодиёти жорий ва келгуси йилда бир хил - 2,1 фоиз юксалишини тахмин қилганди. 

Бинобарин, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатлар (Россияни ҳисобга олмаганда) ялпи ички маҳсулоти жорий йилда 3,4 ва келгуси йилда 3,5 фоиз даражасида ортиши айтиб ўтилган.

Ўз навбатида, нуфузли ташкилот дунё иқтисодиёти 2018-2019 йилларда 3,9 фоиз ўсишини башорат қилди. Бу октябрь ойидаги прогнозлардан 0,2 фоиз зиёддир. 

Экспертларнинг билдиришича, дунё бўйича иқтисодий ўсиш суръатларининг ортиши ва АҚШда солиқ сиёсатидаги ўзгаришларнинг таъсири ана шундай ижобий фарққа сабаб бўлди.

“Айни пайтдаги даврий ўсиш ислоҳотлар учун жуда қулай имконият беради. Шундай экан ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва кенг қамровли тараққиётни таъминлаш учун структуравий ислоҳотлар ўтказиш барча давлатларнинг устувор йўналишлари қаторидан жой олган”, - дейилади маърузада. 

ХВЖ эътирофича, ўсиш суръатларининг ортиши Европа ва Осиёдаги йирик ижобий ўзгаришларни ўз ичига олган улкан миқёсдаги характерга эгадир. Зотан, дунёдаги глобал иқтисодий фаоллик мустаҳкамланишда давом этмоқда.

Ўз навбатида бозори шаклланаётган ва ривожланаётган мамлакатлар бўйича прогнозлар ўзгаришсиз, яъни мос равишда 4,9 ва 5 фоизлигича қолган. Масалан, 2018 ва 2019 йилда бу кўрсаткичлар Ҳиндистонда 7,4 ва 7,8 фоизлигича турибди. Бразилия иқтисодиёти эса, аксинча, 2018 йилда ўтган галдагидан 0,4 фоиз яхшиланиб, 1,9 фоиз, 2019 йилда 2,1 фоиз(+0,1 фоиз) бўлиши башорат қилинган. Хитойда бу рақамлар ҳар икки йилда 0,1 фоиздан ўсиб, 6,6 ва 6,4 фоиз бўлиши келтириб ўтилган. Россия иқтисодиёти эса 2018 йилда 1,7, 2019 йилда 1,5 фоиз ўсади. 

Ривожланган давлатларнинг бу борадаги кўрсаткичлари ҳам октябрдаги прогнозга нисбатан яхшиланиб, 2018 йилда 2,3, 2019 йилда 2,2 фоизни ташкил этиши қайд этилган. Жумладан, ҳар икки йилда мос равишда иқтисодиёт АҚШда 2,7 ва 2,5, Европа Иттифоқида 2,2 ва 2, Японияда 1,2 ва 0,9 фоиз ўсади. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ХВЖ ҳисоб-китобига кўра дунё бўйича ЯИМ ҳажми 3,7 фоизга тенг бўлганди.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn